Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:46

"Чироқ ўчса ҳам телефон ўчмайди". Тармоқни титратган трендлар


Барча хабарлар битта телефонга жо бўлган давр
Барча хабарлар битта телефонга жо бўлган давр

Кундалик хабарларни газета саҳифалари ëки ТВ экранларидан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан ўқиш Ўзбекистонда аллақачон трендга айланиб улгурди. Озодлик янги йилнинг илк кунларида тармоқ муҳокама қилган асосий хабар ва мавзуларга назар ташлади.

Ўзбек сегментига аталган контентлар трендини ўрганиш чоғида Озодликка SММ-менеджер Ноила Қутлиева ҳамроҳлик қилди. Қутлиева 20 ëшда. У тармоқлардаги трендлар бўйича ширкатларга пуллик консултация бериш билан шуғулланади.

Ўзбекистонда тармоқ ҳақида фильм суратга олинган
Ўзбекистонда тармоқ ҳақида фильм суратга олинган

Бармоғи тармоқда бўлган авлод

Янги йилда барча тармоқлар учун йўналиш белгилаб, долзарб бўлган мавзуларни санай оласизми¸ деб сўрадим Қутлиевадан:

“Сиз Хайп (инглизча. Hype ) мавзулар ҳақида сўраяпсизми? 5 кун ичида 4 та хабар 5 та соцсетни бир хил силкитди. 31 декабрдан то 1 январгача президентнинг ўрисча табриклагани муҳокамада бўлди. Эртаси 2 январда иккита вазир ўринбосари муҳокамага чиқди. Битта замминистр Қамчиқ довонида аварияга учраган бўлса, иккинчи зам Мисрдаги курортда янги йил кутди. Кейин Миллий ТВ бошловчисини таниқли актриса "жинсий озчилик вакили" деб атади. Уларнинг ўзаро жанги 3 январь куни тармоқдаги асосий томошага айланди. 600 миллион сўмга сотилган "крутой" авторақам 4 январь куни қаттиқ муҳокама бўлди”,- дейди суҳбатдош.

Нос тақиқланиши эхтимоли тармоқдаги носкашларни ҳуркитди
Нос тақиқланиши эхтимоли тармоқдаги носкашларни ҳуркитди

Қутлиевага кўра¸ нос тақиқлангани¸ гараж учун мулк солиғи¸ каналда чўккан бола¸ Андижондаги ИИБга хабар берган информаторнинг сазойи қилингани ва дронлар билан қоидабузар ҳайдовчиларни назорат қилиш режаси ҳам тармоқда “қизғин муҳокама қилинган”.

Суҳбатдошимиз айтган хабарлардан тўрттасини ким қандай ëритганлигини кўриб чиқсак.

1.Президентнинг рус тилидаги Янги йил қутлови

Президент Шавкат Мирзиёев 1 январга ўтар кечаси Ўзбекистон телеканали орқали халққа йўллаган табригини аввал рус тилида ва кейин ўзбек тилида ўқиди.

Президентнинг бу ҳаракати ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Тармоқ фойдаланувчиларининг асосий қисми Ўзбекистон президенти табрикни ўзбек тилида эмас, рус тилида бошлаганини танқид қилди.

Малика исмли Facebook юзери президент гапириб турган дақиқаларда мана бу шарҳни ëзди:

“Галина Мельникованинг (Ахборотнинг рус тилидаги диктори-таҳр.) рус тилида табрик ўқиши битта масала. Давлат раҳбариники эса, умуман бошқа масала. БМТ минбаридан ўзбек тилида қилинган нутқнинг самимийлигига ишонмай қолдим”, дея ëзган юзер матн сўнггида таажжубланган одам шаклидаги смайлик қўйди. Журналист Алишер Рўзиохунов “Нега президент инглиз, тожик ё қозоқ тилида эмас, нега турк тилида эмас, рус тилида табриклади?” дея ўзининг Телеграмм саҳифасида изох қолдирди. Телеграм¸ Инстаграм ва Facebookдаги юзлаб саҳифалар Отабек Умар деган блогернинг мана бу гапини кўчириб босди:

“Нимага Ўзбекистон президенти давлатимизда битта расмий тил бўлишига қарамасдан, рус тилида ҳам табрик қилади? Ўзбекистон аҳолисининг 98 фоизи ўзбек тилини тушунади-ку. Гўёки "тушунмайдиган" ёки тушунмай қолиши мумкин бўлган 1-2% учун алоҳида вақт ажратиб, ортиқча мулозамат кўрсатиш бутун бошли давлат раҳбаридек аҳамиятли шахс учун қанчалик тўғри?”

Тармоқ фаоли Фарида Шариф эса “Президент қайси тилда гапириши муҳим эмас, чунки у барибир тайинли гап айтмайди”, дея вазиятни юмшатди.

Шавкат Мирзиëев
Шавкат Мирзиëев

2. Вазир ўринбосарларининг кулфати ва дилхушлиги

Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулованинг 31 декабрь куни Шарм-аш-Шайхдаги курортда Янги йилни нишонлагани ҳақидаги хабар тармоқ фаоллари тарафидан “ўлат пайтидаги зиëфат сифатида” танқид қилинди. Кимдир бу амалдор "Африкадаги болалар ҳолидан хабар олиш учун Мисрга кетди", деган фикрни ҳам билдирди. Бошқа фаол эса, “Оила ва саломатлик халқаро анжуманида қатнашиш учун кетган. Яхши гумонда бўвурайлик” деб ёзди. Телеграмдаги “Водий бозор” канали эса бошқа бир вазир ўринбосари бошига тушган кулфатга эътибор қаратди:

“31-декабрдан 1-январга ўтар кечаси Қамчиқ довонида вазир ўринбосарининг оила-аъзолари бўлган автомобил тоғда ҳалокатга учраган.

Вазир ўринбосарининг рафиқаси ва 3 ёшли қизи вафот этган, амалдорнинг ўзи шифохонага ётқизилган.

Маълум бўлишича, ЙТҲга учраган Сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳид Aҳмаджонов шахсий автомобилида Янги йил байрамини нишонлаш учун водийга кетаётган бўлган”.

Қамчиқ довони
Қамчиқ довони

3. Сазойи

3 январь куни TikTok каналида қўйилган бир ярим минутлик видео тармоқни самосудга қарши ва тарафдорлардан иборат икки гуруҳга бўлиб ташлади. Видеода ИИБга қоидабузар ҳайдовчилар ҳақида маълумот етказган андижонлик йигитни машина юкхонасига қамаб, “самосуд” қилиш акс этган эди. 3 январь куни тарқалган видеода давлат рақами 60 168 FBA бўлган Спарк машинасининг орқа багажига қамаб қўйилган йигит акс этган. Тасвирда йигитнинг қаншари ëрилгани ҳам кўринади. "Телефонини берманглар, бувингни ..." деган сўкиш эшитилади. Бошқалар ҳам ҳақоратга қўшилади. Кўпчилик тармоқларда бу видео “чақимчи ушланди” деган ижобий муқовада тақдим қилинди.

Андижондаги "самосуд"
Андижондаги "самосуд"

Блогер Шаҳноза Соатова эса, “самосудни қоралаган” озчилик сафида бўлди:

“Қоидабузарликлар ҳақида маълумот бериш деса, деярли ҳамма ўзини ҳайдовчи ва потенциал қоида бузувчи ҳисоблаб, “қулоқ”, “терпила” деяпти. Коррупцияга қарши қонунбузарликлар ҳақида хабар бериш деса, биров миқ этмади, эътибор ҳам бермади.

Эндигина лавозимга ўтирган бир амалдор опанинг таътилини муҳокама қиламиз, тўғри, бу ҳам жамоатчилик назорати. Лекин нега қоидабузарликларга жамоатчилик назоратини татбиқ қилса, дод соламиз? Жамоатчилик назорати фақат айримларни танлаб олиб троллинг қилишми? Демократия фақат бизга қулай ва фақат бизга ёқадиган тартибларми?

Биз фақат ўзимизга ёқадиган, манфаатимизга мос ва биздан ҳеч нимани ўзгартиришни талаб қилмайдиган нарсаларни адолат деб ҳисоблаяпмиз.

Асли мана шу хулқимиз ўзи адолатсизлик. Адолатсиз жамият адолатсиз амалдордан хавфлироқ. Чунки амалдорларни жамият бир кун келиб ўзгартириши мумкин, аммо жамиятни ҳеч ким ўзгартиролмайди, ўзидан бошқа. Жамият ўзи адолатсиз бўлса, ўзининг адолат тўғрисидаги тушунчалари нотўғри бўлса, бу – даҳшат, бу умид йўқ дегани.

Одамлар, сиз ўзингиз ўтирган шохни арралаяпсиз, ўзингиз ҳам бир кун келиб амалдор бўлиб қолсангиз, ёқмаган, ноқулай, ўзгаришни талаб қиладиган тартибларни бузишингиз мумкинлигини кўрсатяпсиз. Хўш, сиз ўша коррупционер, ўғри, ношуд амалдордан қаерингиз яхши шунда?

Сиз бу ишингиз билан, ўзингиз талаб қилаётган адолат принципига кўра, қонунбузар "катта"ларнинг қўлига дастак беряпсиз, уларни хотиржам қиляпсиз ("буларга қаттиқроқ туриш керак"), эркин, уйғун, демократик жамият қуриш "бизгамас" деган "мессеж"ни йўллаяпсиз-ку!

Аввал уни қилиб қўйсин, кейин... аввал бундай шароит қилиб қўйсин, кейин...

Мана шу йигитни самосуд қилаётганлар ўзлари қоида бузмабдими, умрида қизил чироққа ўтмабдими, узлуксиз чизиқни бузиб қайрилмабдими, тезликни оширмабдими? Нега антирадарнинг бозори чаққон унда?

Аввал ўзинг қоидага риоя қилиб юр, кейин бошқаларни “кўча поняткалари” билан “терпила” дегин, дейилса-чи? Ёқмайди а?

Суф-э, “адолатчилар”!”

Шаҳноза Соатова
Шаҳноза Соатова

4. Етти нексия пулига тунука номер олиш васвасаси

SММ-менеджер Ноила Қутлиевага кўра, президентнинг русча табриги атрофидаги муҳокамани четга суриб қўйган муҳим контент Самарқандда 30 Z 777 ZZ авторақами онлайн кимошди савдосида 596 миллион 525 минг сўмга сотилгани ҳақидаги хабар бўлди.

Қарийб 600 миллион сўмга сотилган "чиройли" авторақам
Қарийб 600 миллион сўмга сотилган "чиройли" авторақам

Бу пулга Ўзбекистонда камида 7 дона янги Chevrolet Nexia-3 автомобилини сотиб олса бўлади.

Мазкур рақам савдога 2020 йил 14 декабрь куни қўйилиб, бошланғич нархи 111 миллион 500 минг сўм қилиб белгиланганди.

Шу йил 4 январида кимошдида авторақам учун қарийб 60 минг доллар таклиф қилган харидор бу борада янги рекорд ўрнатди.

Кўпчилик тармоқ фаоллари “бир парча тунукага шунча пул сарфлагани увол” деб турганда, ёзувчи ва тармоқ фаоли Шукур Жаббор “чиройли номер” сотишни ëқлаб чиқди.

“Аукционда 596 млн сўмга сотилган шу номерни олган қандини урсин! Ким бўлса ҳам бор-йўғи бир ҳавасманд одам экан, шу холос. Ўша пул барибир давлатга тушади. Фақат ҳавас қилиш керак... Агар бу номерни тадбиркор одам сотиб олган бўлса яна бир бор қойилларим!

Жуда танқид қилгингиз келса шундай хажмдаги пулни чет элга олиб чиқиб вилла қурадиган, дўпписи тор келиб қолганида халқдан ўмарган пуллари билан чет элга қочадиган ҳаромхўр бир қоп гўшт коррупциячи амалдорларни танқид қилинг!

Яна шундай ҳаромхўрлар борки, коррупцияда айблангач пуллари чет эл банкларида музлатилгач, ўзи ҳам ишлатолмайдиган маблағи дицитрилион астрономик суммани ташкил этадиганлари бор...”

TikTok сиëсий хабарларга ҳам платформа бўлмоқда
TikTok сиëсий хабарларга ҳам платформа бўлмоқда

Бу коронами?

Бу сатрларга нуқта қўйишдан олдин Озодлик мухбири Tik Tokга мўралади. 5 январга келиб Тиктокчилар бу тўрттала мавзуни унутиб, янги трендга олқиш айтмоқда. Тренд “Бу коронами?” деб аталади. Видеолавҳада икки одам аксиради ва учинчи одам “бу коранами?” деб сўрайди. Шу билан бирга, катта Фарғона каналида чўкиб ўлган бола ва пепси-колага дамланган ош видеолари ҳам ошиғич ихлос билан кўрилмоқда.

Ўзбекистонликлар орасида энг кўп тарқалган тармоқ
Ўзбекистонликлар орасида энг кўп тарқалган тармоқ

Медиа ўлди, яшасин социал медиа!

Қутлиевага кўра¸ ўзбек социал медиаси тор доирадан чиқиб, бутун миллат ахборот оладиган асосий ресурсга айланиш йўлида турибди:

«Нафақат қоғоз газета, балки сайтлар ҳам кечаги кунга айланди. Бугун 13 ëшдан 21 ëшгача бўлган тенгдошларим ахборотни Инстаграм¸ Телеграмм ва ТикТокдан олмоқда. DataReportal ва Google Analytics маълумотлари ҳам мен айтганимни тасдиқлайди. Тенгдошларим кунига ўртача 3 соатдан тармоқда ўтириб хабар алмашади. Чироқ ўчса ҳам телефон ўчмайди. Баъзи тенгдошларим ҳатто сайт нималигини ҳам билмайди. Улар TikTokда вақт-умр ўтказишади. Икки йил олдин TikTok йўқ эди, биз Инстаграм ва Однода эдик. Бугун TikTokдамиз. Мен шахсан 6 та тармоқда фаолман. Булар ФБ¸ Ютюб¸ Инста¸ Твиттер¸ Телеграм ва TikTok.”

Тармоқ башорати
Тармоқ башорати

XS
SM
MD
LG