Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:34

Машина оламан деб "УзАвтоТрансСити"га алданганлар пулларини ундириб беришни сўрамоқда (ВИДЕО)


"УзАвтоТрансСити" ширкатига машина олиш учун миллионлаб миқдорда пул тўлаб, машинани ҳам, пулини ҳам ололмаётган фуқаролар сони 80дан кўпроқни ташкил қилади.
"УзАвтоТрансСити" ширкатига машина олиш учун миллионлаб миқдорда пул тўлаб, машинани ҳам, пулини ҳам ололмаётган фуқаролар сони 80дан кўпроқни ташкил қилади.

Бухородаги "УзАвтоТрансСити" ширкатига автомобил олиш учун миллионлаб сўм пул тўлаб, машинани ҳам, пулини ҳам ололмаётган ўнлаб одам пулларини ундириб беришни сўраб, вилоят суди биноси олдида тўпланди.

Бунгача улар вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон президенти қабулхонасига ҳам мурожаат қилган, лекин натижа бўлмаган.

"УзАвтоТрансСити"дан куйиб қолган мижозлар сони 80 кишидан кўпни ташкил қилади.Мижозлар орасида банкдан йирик фоиз эвазига қарз олганлар ҳам бор.​

Бош офиси Бухоронинг Шофиркон туманида жойлашган "УзАвтоТрансСити" МЧЖнинг таъсисчиси ва бош директори Абдуқаюм Шукуров ҳамда ширкатнинг яна уч нафар ходими ўтган йил ноябрида фирибгарлик ва савдо қоидаларини бузишда айбдор деб топилиб, қамоқ жазоларига маҳкум этилганди. ​

Лекин мижозларнинг машина учун тўлаб қўйган миллионлаб сўм пулларини энди ким қайтаради, деган савол очиқ қолмоқда.

Озодлик Ўзбекистон Адлия вазирлигидан бу саволга жавоб олишга уринди, лекин вазирлик матбуот хизматининг рақамларига қилинган қўнғироқларга 5 январь куни ҳеч ким жавоб бермади.

Бухоронинг Қоровулбозор туманида яшовчи Зарина Меҳмонова икки йил аввал "Спарк" машинаси олиш учун "УзАвтоТрансСити"га 23 миллион сўм тўлаган, лекин на пул, на машина олган.

Меҳмонова 4 январь куни ўзи ва пулини ололмаётган яна ўнлаб одам Бухоро вилоят суди олдида, кейин вилоят ҳокимлиги қабулхонаси рўпарасида тўплангани, лекин ҳеч ким улар муаммоси билан қизиқмаётганини айтди.

"23 миллион сўмни ўз қўлим билан олиб бориб тўлаганман, квитанциялари турибди. Мана ҳозир икки йил бўляпти, машина ҳам, пул ҳам йўқ. Уларни қамашди, энди пулимизни ким қайтариб беради? Судга борсак, МИБга юборади, МИБдагилар ҳеч нарса билмаймиз, деб туриб олишган. Ҳокимиятга ҳам Президент қабулхонасига ҳам арз қилдик, жавоб кутяпмиз", - дейди Меҳмонова.

"УзАвтоТрансСити" МЧЖга чув тушганлар пулларини қайтариб олиш учун ёрдам сўрамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:20 0:00

Шофирконлик Баҳодир Шарипов ҳам "УзАвтоТрансСити"дан куйиб қолганлардан бири:

"Россияда олти йил ишлаб топган пулимни "Дамас" машина олиш учун тўлагандим. Россияда ишлагандан кўра "Дамас" ҳайдаб, тирикчилик қиламан, деган умидда бор-бутимни бергандим. Икки йил ўтди, ўшандан бери сўм йигирма фоизга қадрсизланди, машина нархлари ошди. Майли, машинани бермасин, йўқотган фоизга ҳам розиман, лекин тўлаган пулимни қайтариб берсин, деяпман. Вилоят судига ҳам бордик, прокуратурага ҳам, ҳеч натижа бўлмаяпти", - дейди Шарипов.

"УзАвтоТрансСити"дан машина оламан деб, банкдан кредит олиб, миллионлаб сўм қарзга ботганлар ҳам бор.

Исми очиқланмаслигини сўраган бухоролик йигит Озодлик билан суҳбатда айтишича, у машина сотиб олиш учун банкдан 20 миллион сўм кредит олган.

"Икки йилга 30 фоиз ставка билан 20 миллион сўм кредит олганман. Таксичиликдан ойда топганимдан тўлаб бораман деб, йиллик 30 фоиз бўлса ҳам шу кредитни олганман. Ўзимни ёнимдан ҳам озгина қўшдим. Ҳозир ойда тўлайдигани 700 минг сўмдан ошади. Майли, фоиз тўлаш эвазига кўрган зарарга розиман, пулни қайтариб берса бўлди эди, - дейди бухоролик йигит.

"УзАвтоТрансСити" ширкатига машина олиш учун миллионлаб миқдорда пул тўлаб, машинани ҳам, пулини ҳам ололмаётган фуқаролар сони 80дан кўпроқни ташкил қилади.

Давлат ишида ишлаши сабаб исми очиқланмаслигини истаган бухоролик аёл ўзи ва яна ўндан зиёд фуқаро пулларини қайтариб беришга кўмак сўраб Президент қабулхонасига мурожаат қилганликларини айтди.

"Олган қарзимиз устига ҳар куни фоиз миняпти. Банкдан 20 фоизлик қарз олганлар бор. Қарзини тўламагани учун банк судга бергани ҳолатлари ҳам бўляпти. Мана ҳозир президентга мурожаат қилдик, жавобни кутяпмиз, - дейди бухоролик аёл.

Озодлик ихтиёридаги тергов ҳужжатларига кўра, бош офиси Бухоронинг Шофиркон туманида жойлашган "УзАвтоТрансСити" МЧЖнинг таъсисчиси ва бош директори Абдуқаюм Шукуров ҳамда ширкатнинг яна уч нафар ходими ўтган йил ноябр ойида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси, Фирибгарлик ҳамда савдо қоидаларини бузишда айбдор деб топилган.

Озодликнинг "УзАвтоТрансСити" ва собиқ мижозлар ўртасида юзага келган ҳуқуқий вазият борасида расмий изоҳ олиш учун "Ўзбекистон Адлия вазирлигига боғланиш уринишлари самара бергани йўқ.

Молиявий пирамидалар

Банк тизимига ишонч катта бўлмаган Ўзбекистонда халқ пулини турли йўллар, турфа усуллар билан ўзлаштириш ҳоллари кўп учрайди.

Бу каби ҳолатларнинг энг машҳури бўлган чинозлик Аҳмадбой пирамидаси қулаган 2016 йилдан буён ўтган вақт мобайнида яна минглаб одам турли кўринишдаги молиявий пирамида қурбонлари бўлди.

Чет элга ишга жўнатаман деб фуқаролардан миллионлаб сўм олган ўнлаб хусусий бандлик агентликлари ёпилди. Айримларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.

Бундан ташқари, одамларга туяқуш¸ автомобиль¸ тимсоҳ боласи келтириб бераман, деб алдаб, пулини олган ширкатлар устидан суд жараёнлари бўлиб ўтди.

Молиявий фирибгарликлардан зарар кўрганлар сони юз мингларни ташкил қилиши айтилади.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Иномжон Болтаев фирибгарлик холатлари кўпайишида лицензия берувчи давлат идораларининг ҳам айби борлигини айтади.

"Уч-тўрт йил бўлдики, Аҳмадбой деймизми, мана яқинда "Straus House" туяқуш ширкати ёки автомобиллар савдоси билан шуғулланувчи мана бу ширкат ёки ва ҳоказо, мана "Human" бандлик агентлиги ва бошқа хусусий бандлик агентликлари билан боғлиқ холатлар бўлди. Буларнинг фаолиятини ўрганиб, шундай дейишимиз мумкинки, бу ширкатларга тўлиқ ўрганилмасдан лицензиялар берилган ва маълум маънода бундай ҳолатлар келиб чиқишида лицензия берган ташкилотлар, давлат идораларининг ҳам маълум маънода айби бор, деб ўйлайман".

2019-2020 йиллар давомида Озодлик қатор хусусий ширкатлар ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.

XS
SM
MD
LG