Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:35

Суриштирув: Ери тортиб олинган фермер ва "қулдек ишлатилаётган" ўзбеклар. Indorama Agro "намунали инвестор"ми?


Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев Indorama Group президенти Sri Prakash Lohia билан - Тошкент, 4 октябрь, 2019 йил
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев Indorama Group президенти Sri Prakash Lohia билан - Тошкент, 4 октябрь, 2019 йил
  • 2021 йилни Сирдарëнинг Оқолтин ва Сардоба туманларидаги юзлаб собиқ фермер ва пудратчи деҳқон ишсиз ва даромадсиз қолиш таҳдиди остида кутиб олди. Сабаби¸ Сардоба сув омборидаги техноген фалокатдан ҳалигача ўзини ўнглай олмаëтган бу ҳудуддаги 24 минг гектар пахта ва буғдой ерини 49 йилллик ижарага олган Сингапурдаги Indorama гуруҳининг маҳаллий шўъбаси оммавий қисқартиришни бошлаган.
  • Айни шу кунларда Сирдарëдан минглаб километр узоқда – Лондонда жойлашган Европа тикланиш ва тараққиëт банки Indorama Agro МЧЖга 70 миллион долларлик кредит ажратиш қарори устига сўнгги муҳр босилишига ҳозирланмоқда.
  • ЕТТБ хулосасига кўра¸ 70 миллион долларлик бу лойиҳа Ўзбекистонда “пахтани етиштиришнинг самарали усулларини жорий этиш ва қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлиги ва иш ҳақини оширишдан иборат”.

“Маҳаллий ва минтақавий иқтисодий ривожланиш¸ камида 1500 та яхши ҳақ тўланадиган иш жойи яратиш” иддаоси билан ҳозиргача ўзбек деҳқонларининг камида 54 минг гектар ерини олган Indorama Agro Сирдарëда ўз ваъдалари устидан чиқдими? Унинг икки йиллик фаолияти¸ халқаро молия тизимлари ишонаëтган каби¸ 70 миллион долларлик яна бир рағбатга лойиқми?

Озодлик¸ Тошкент ҳукумати¸ шахсан президент протекцияси остида ишлаëтган Indorama Agroнинг Сирдарëдаги собиқ ва жорий ишчи-ходимлари¸ қолаверса¸ бу компанияга молиявий ҳомийлик қилаëтган ЕТТБ расмийлари билан суҳбат ва ëзишмалар асосида шу каби саволларга жавоб излади.

Намунавий корпорация ва арзанда инвестор

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ëки Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ҳисобот ва хулосаларига қаралса¸ Indorama¸ унинг Ўзбекистондаги шўъбаси Indorama Agro МЧЖ қишлоқ хўжалиги¸ хусусан¸ пахтачилик соҳасида дунëнинг энг прогрессив компаниялардан бири.

Indorama Agro МЧЖ эгаси Сингапурда рўйхатга олинган Indorama Corporation Pte. Ltd. (IRC) ҳисобланади. Гуруҳ нефть-химия маҳсулотлари ва турли кимëвий ўғит етиштириш бўйича Осиëдаги энг йирик компания ҳисобланади ва унинг мулкдори¸ ETTБга кўра¸ асли ҳиндистонлик Лоҳиалар оиласидир. Расмий сайтидаги маълумотга кўра¸ компаниянинг глобал бизнесдан кўраëтган йиллик даромади 10¸5 миллиард АҚШ долларига тенг.

Йиллардан бери Indorama Groupга юзлаб миллион долларлик кредит бериб келаëтган халқаро молия тизимлари иддаосича, компания Ўзбекистон пахтачилигига 21-асрнинг илғор усулларини жорий қилмоқда.

Очиқ манбалардаги маълумотлардан¸ Indorama Corporation, Осиë ва Африкадаги қатор лойиҳалари учун халқаро молия тизимлари¸ хусусан¸ Жаҳон банки ва ЕТТБдан мунтазам равишда ўнлаб миллион долларлик кредит олиб келган.

2021 йилнинг 27 январь куни бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Европа тикланиш ва тараққиëт банки бошқарув кенгаши Indoramaнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси Indorama Agroга 70 миллион долларлик кредит ажратиш режасини тасдиқлаши кутилмоқда. Кредит лойиҳаси Жаҳон банкининг хусусий компанияларга қарз беришга ихтисослашган Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

ЕТТБ расмий баëнотига кўра¸ Indorama Agro МЧЖга 70 миллион долларлик кредит ажратишдан мақсад¸ пахтачиликка хусусий сармоя киритилишини қўллаб-қувватлашдир. Бу эса¸ банк таъкидича¸ пахтачилик¸ хусусан¸ терим мавсумининг механизациялашуви¸ сувдан оқилона фойдаланиш ва муқобил суғориш усулларини жорий қилиш¸ ўғитларни самарали ишлатиш орқали экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилади.

Қарз берувчи тизимлар иддаосига кўра¸Indorama Ўзбекистонда яхши ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратиш орқали маҳаллий иқтисод ривожига ҳисса қўшиш мақсадини ҳам ўз олдига қўйган.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг Indorama корпорациясига Ўзбекистондаги минглаб гектар суғориладиган ерни бериш ҳақидаги қарори (оригинал фақат рус тилида).
Бош вазир Абдулла Ариповнинг Indorama корпорациясига Ўзбекистондаги минглаб гектар суғориладиган ерни бериш ҳақидаги қарори (оригинал фақат рус тилида).

Ўзбекистон ҳукумати учун эса Indorama Agro МЧЖ арзанда “инвестор”. Бош вазирнинг 2018 йил 8 август кунги қарорида ëзилишича¸ Indorama 2023 йил охирига қадар пахтачилик ва тўқимачилик секторига жами 340 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция олиб кириш¸ камида 1500 иш ўрни яратиш мажбуриятини зиммасига олган.

Ўзбек фермер ва деҳқонларининг 54 минг гектар суғориладиган ери тақдим этилган Indorama гуруҳи ўтган икки йил давомида Ўзбекистонга ваъда қилинган тўғридан-тўғри инвестициянинг қанчасини киритгани аниқ эмас.

2010 йилда катта имтиëзлар билан Indorama Qo'qon tekstil деб номланган очиқ акциядорлик жамияти шаклида иш бошлаганидан 8 йил ўтиб¸ 2018 йили Indorama Қўқондаги ип йигирув фабрикасини ўзи пахта билан таъминлаш учун ўзи пахта экишга киришди.

Тошкент ҳукумати Indorama Agroнинг пахтачиликни бошлаши учун ҳозиргача унга Қашқадарё ва Сирдарëдан 54 минг гектар ерни 49 йиллик ижарага берди. МЧЖга келаси йили Жиззах ва Фарғонадан ҳам яна шунча катта ернинг тақдим этилиши кутилмоқда.

Indorama Agroга берилган минглаб гектар ерда пахта¸ ғалла ва бошқа экин экиб¸ тирикчилигини кўриб келган Қашқадарëнинг Касби ва Нишон¸ Сирдарëнинг Оқолтин ва Сардоба туманларидаги 1068 фермер хўжалиги¸ ҳукумат ва банклар таъкидича¸ “кўнгилли равишда ер ижара шартномасидан воз кечди”.

Расмийлар¸ улардан иқтибос келтираëтган молия тизимлари иддаосича¸ бу фермерларга “тегишли компенсация ва ер берилган”¸ Indorama Agro уларга иш таклиф қилган; бу фермер ва улар билан ишлаб келган пудратчилардан қарийб ярми¸ айтилишича бу таклифни қабул қилган. Таклифни қабул қилмаган фермерларнинг аҳволи нима бўлгани ҳақида ҳозиргача расмий маълумот берилмаган.

Расмий баëнотлардан фарқли реаллик

Indorama Agro МЧЖнинг Сирдарë вилоятидаги икки йиллик фаолияти ҳақида Озодлик билан гаплашган унинг собиқ ва жорий ишчи-хизматчилари ҳикоялари халқаро молия тизимлари¸ хусусан¸ ЕТТБ томонидан берилган таъриф ва баҳоларга зиддир.

Indoramaнинг Ўзбекистондаги фаолиятига 70 миллион доллар кредит бериш оқибатида¸ ЕТТБ иддаосича¸ пахтачиликдаги рақобатбардошлик кучаяди, бу соҳада барқарор ривожланиш бўлади¸ маҳаллий аҳоли¸ хусусан¸ ëшлар ва хотин-қизлар учун янги иқтисодий имкониятлар яратилади.

Indorama Agro МЧЖнинг Сирдарëдаги ишчилари билдирган жамоавий эътирозлар.
Indorama Agro МЧЖнинг Сирдарëдаги ишчилари билдирган жамоавий эътирозлар.

Озодлик суҳбатлашган сирдарëликлар фикрича¸ аксинча – Indorama Agro фаолияти боис бу ҳудудда пахтачилик¸ ғаллачилик ва чорвадорлик билан шуғулланиб келган фермер ва деҳқонлар ягона даромад манбаидан ажрамоқда.

Улар иддаосича¸ Indorama Agro¸ ўз орқасида шахсан президент ва ҳукумат турганини таъкидлаб¸ Ўзбекистон меҳнат қонунларини бузмоқда¸ ўзига берилган ерларда ишлаб келган фермер ва деҳқонларни жазирама иссиқ ва қаттиқ совуқда “қулдек ишлатмоқда”¸ фақат мавсумий ишчи сифатида расмийлаштирилган юзлаб сувчи ва ходимнинг иш ҳақини асоссиз равишда кесиб¸ уларни турли баҳона билан кўчага – хориждан иш излашга маҳкум ишсизлар сафига ҳайдамоқда.

Озодликка юборилган видео¸ аудио ва ҳужжатлардан сирдарëлик собиқ фермер ва ишчиларнинг ўз муаммоларига ечим излаб Indorama Agro раҳбарлари билан учрашув талаб қилгани¸ аммо ҳиндистонлик бошқарувчилар бу сўровни писанд қилмагани тушунилади.

Видеолардан бирида¸ Оқолтин тумани Бобур ҳудудида ишлаб келаëтган бригадир ва ишчиларнинг ўз шикоят ва арзини очиқ гапиргани кўрилади.

Суриштирув: Ери тортиб олинган фермер ва "қулдек ишлатилаётган" ўзбеклар. Indorama Agro "намунавий инвестор"ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:54 0:00

Оқолтин туманидаги Indоrama ишчилари¸ ўз эътирозлари компания раҳбарияти томонидан эътиборсиз қолганидан сўнг¸ Indorama Agro МЧЖнинг меҳнат қонунчилигига зид ҳаракатларини тўхтатишни сўраб, Сирдарë вилоят ҳокими номига жамоавий шикоят мактуби ëзган.

Indorama Agro МЧЖ фаолияти устидан ишчилар ëзган жамоавий мактуб нусҳаси
Indorama Agro МЧЖ фаолияти устидан ишчилар ëзган жамоавий мактуб нусҳаси

"Ғафур Ғулом ҳудудидаги ҳамма ишчини бўшатворди. Сабаб¸ Сардобадаги фалокатдан кейин бу ҳудудни сув ювиб кетди. Ишчилар қайта ишга тикланмади. Бундан ташқари¸ бошқа ҳудудлардаги ишчилар ҳам ўз ҳисобидан 3 ойлик мажбурий таътилга чиқарилди ва қайта ишга олинмади. Ишчиларнинг бирор ҳуқуқи йўқ¸ ижтимоий ҳимоядан маҳрум"¸ - дейди Озодлик гаплашган бу мактубга қўл қўйганлардан бири.

Аëллар дискриминацияси ва меҳнат қонунларининг бузилиши

Роза Агайдарова 2019 йил январида Indorama Agro МЧЖнинг Сирдарë филиалида Кадрлар бўлими раҳбари - HR manager лавозимида иш бошлаган¸ маҳаллий ишчилар ҳақларини талаб қилишни бошлагани ортидан 2020 йил сентябрь ойида бухгалтерия бўлимига ўтказилган.

Indorama Agroнинг Сирдарëдаги бошқарувчилари билан зиддият¸ хусусан¸ маҳаллий ишчиларнинг “мавсумий иш” учун олиниб¸ исталган пайтда ҳайдалиши¸ гендер тенгсизликка нисбатан билдирган эътирозлари ортидан¸ 2020 йил декабрида ишдан ҳайдалган.

- Indorama Agro Сирдарë филиалида инсон ҳуқуқлари доимий равишда бузиб келинмоқда. Миллий ва жинсий дискриминация ниҳоятда кучли¸ Ўзбекистон меҳнат қонунчилигига амал қилинмайди. Бухгалтер сифатида складларда 30 миллиард сўмлик камомат аниқлаб¸ бу ҳақда Тошкентга хабар берганимдан кейин¸ мени ноқонуний равишда ишдан бўшатишди. 28 декабрь куни Оқолтин туманлараро фуқаролик судига ариза топширдим. Мен ўз мисолимда Indorama қилаëтган барча дискриминация ва қонун бузилишларини судда очиқ кўрсатаман¸ - дейди Агайдарова.

Indorama Agro МЧЖнинг Сирдарë филиалида Кадрлар бўлими раҳбари бўлиб ишлаган Агайдарова юборган ҳужжатлар¸ компания маҳаллий ишчиларнинг деярли барчасини ижтимоий ҳимоядан маҳрум шаклда “мавсумий ишчи” қилиб ëллагани ва бундай келишув уларнинг исталган пайтда ишдан бўшатилишига ҳуқуқий замин яратишини кўрсатади.

-Булар гўë маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратишни мақсад қилган. Аслида¸ ҳозир 1000 та ишчини бўшатишга бирор альтернативасиз тайëр бўлиб турибди. Уларнинг ҳаммаси кўчада қолади. Қоғоздаги гапларнинг ҳаммаси ëлғон¸ - дейди Агайдарова.

Indorama Agro айни бухгелтерлик лавозими учун эркакларга аëлларга нисбатан икки баравар кўп ойлик тўламоқда
Indorama Agro айни бухгелтерлик лавозими учун эркакларга аëлларга нисбатан икки баравар кўп ойлик тўламоқда

Роза Агайдарова Озодликка тақдим қилган ҳужжатлар шунингдек, Ўзбекистонга “халқаро¸ прогрессив стандартларни олиб кириши” иддао қилинган Indoramaнинг айни иш учун эркак ходимларга икки баравар кўп ҳақ тўлашини кўрсатади.

Фермерлар Indoramaга ўз ерини “кўнгилли” равишда берган эмас!

Адолат Абдураззоқова Бош вазирнинг 2018 йил августидаги қарори билан Сирдарë вилоятининг Оқолтин ва Сардоба туманларидаги ўн минглаб гектар ер Indoramaга берилгунга қадар 15 йил фермерлик билан шуғулланган.

У ўзи пахта ва ғалла экиб келган 80 гектар ернинг “хориж инвестори”га 49 йилга бериб юборилганидан 2018 йил декабрида хабар топган.

- Ҳокимлик гўë мен ва бошқа фермерлар ўз ерини ихтиëрий равишда Indoramaга берган¸ деган сохта тилхат расмийлаштирган. Мен бунақа хат умуман ëзган эмасман. Норозиларни бостириш учун¸ фермерларни Indorama бригадир қилиб олади¸ дейишди. Март ойида мени 2 миллион ойлик билан ўзимнинг еримга бригадир қилиб ишга олди. Ерни сифатли тайëрламади¸ мош экамиз деди экмади¸ қуруқ қолди ерим. 3 ой ишлаганимдан кейин¸ табель ëзмади. Бригадирдан мавсумий ишчига туширди¸ унга ҳам иш ҳақи ëзмади. Ҳозирги кунда иш йўқ¸ ойликни бермаяпти¸ - дейди уч фарзанднинг онаси Адолат Абдураззоқова.

Сирдарëлик аксар фермерлардан ҳоким¸ мелиса¸ прокурор тепасида туриб¸ еридан “ихтиëрий равишда воз кечиш” ҳақида мажбурий ариза ëздириб олганини иддао қилган Абдураззоқова¸ ўз еридаги 5 нафар ишчиси Indorama келганидан сўнг ишсиз қолгани ва Россияга иш излаб кетишга мажбур бўлганини айтади.

-Қолганлар иложсизликдан ишлаяпти. Бир миллион сўмга тирикчилик қилиш ниҳоятда оғир. Авваллари ғалланинг ўрнига мош¸ тариқ¸ қовун¸ ошқовоқ экиларди¸ мавсумий ишчиларга ер бериларди, сал даромад қилиб олиши учун. Ҳозир такрорий экиндан олинадиган даромад йўқ бўлди. Одамларнинг тирикчилик манбаси битта сигир¸ тўртта қўй бўлса¸ Indorama даланинг четига ҳам молларни яқинлаштирмаяпти. Сабаби¸ ядохимикатларга ўтганидан кейин¸ бу даладан ўт еган мол заҳарланиб ўлади. Ўлди ҳам. Ядохимикатлардан барглар заҳарлангани учун бу йил мажбуран тутилган пилла қуртлари ҳам ўлиб қолди¸ - дейди 15 йил фермерлик қилган Абдураззоқова.

Фермер аëл айтган бу гапларни маҳаллий агрономлар ҳам тасдиқлайди.

Латиф Аҳмедов 2019 йил мартидан 2020 мартигача Indorama Agro МЧЖнинг Сирдарë филиалида ишлаган агроном-энтомолог. 2005 йилдан 2016 йилгача Аҳмедов Оқолтин тумани Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган.

Озодлик билан суҳбатда Латиф Аҳмедов Indoramaни Ўзбекистон иқлими ва тупроғини тушунмаслик¸ заҳарли химикатлардан ортиқча фойдаланиш орқали соғлом деҳқончилик учун зарур бўлган фойдали ҳашаротларга қирғин келтирганлик¸ аҳоли чорва молларига зиëн етказаëтганликда айблайди.

Суҳбатдош¸ Indorama Agro МЧЖ Ўзбекистон пахтачилигига илғор технологиялар¸ хусусан сув ва минерал ўғитлардан фойдаланишнинг юқори стандартларга жавоб берадиган¸ экологик вазиятни яхшилайдиган усулларини жорий қилгани ҳақидаги иддаоларни рад қилади.

-Буларда 1 центнер ҳосил олиш учун қанча маблағ кетиши тўғрисида технологик карта ишлаб чиқилмаган. Технологик карта ер бал бонитети¸ ерга канча минерал ўғит солиш¸ техника харажатлари, иш ҳақи, дизтопливо сарфлари ва ҳокозолардан келиб чиқиб тузилади. Indorama келгунга қадар пахтачиликда асосан биоўғит ишлатилган бўлса¸ булар ядохимикатларга ўтди. Шу сабабли Сирдарë ҳудудида фойдали ҳашоратлар - трихограмма, олтинкўз, бракон, хонқизи, бешиктерватар қирилиб кетди. Оқибатда¸ пахтада кўсак қурти, шира трипслар экилган буғдойлар ва дала ва йўл четларига экилган дарахтларга зарар келтирмоқда. Оқолтин ва Сардоба туманларидаги фермерларга хизмат кўрсатиб келган биолабораториялар, Indorama ëппасига ядохимикат ишлатаëтгани сабабли ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Лабораторияларда ишлаб келган юзлаб аёл ишсиз қолди¸ - дейди Аҳмедов.

Indorama Agroдаги фаолиятидан келиб чиқиб Аҳмедов¸ МЧЖнинг Сирдарë далаларида инсон ва ҳайвонлар соғлиғи учун жуда ҳам зарарли саналадиган таркибида глифосат бўлган SVIP 48% SL¸ Reglone super 150 SL ва ШОГУН КЭ гербецидларини “жуда ҳам кўп ишлатиши”ни билдирди.

Латиф Аҳмедов¸ қолаверса¸ Оқолтин тумани маҳаллий мулозимларидан бирининг шахсини очиқламасдан Озодликка айтишича¸ заҳарли химикатларни ҳаддан зиëд кўп ишлатиш оқибати Сирдарë ерларининг ҳосилдорлиги мисли кўрилмаган даражада пасайиб кетган.

Оқолтин туманида 6000 гектар пахта экилган, шундан 3000 гектар ерни Сардобадаги сув тошқини уриб кетди. А.Тоҳиров ,Р .Мусамуҳамедов ҳудудлари тўлиғича¸ Бобур ҳудуди эса қисман сув тагида қолди. Қолган 3000 гектар ердан 2700 тонна пахта топширилди. Бу дегани 7 центердан ҳосил олинган”¸ - дейди маҳаллий мулозим.

Латиф Аҳмедов ҳам ўзи шахсан таниш бўлган учта карта асосида Indorama Agro МЧЖга қарашли ҳудудлардаги ҳосилдорликнинг 2020 йили 5-8 центнерга тушиб кетганини айтади.

- Дефоляциядан кейин сразу ерни ҳайдаб ташлашди¸ гўзапоясини измельчитель билан дискалаб ташлади¸ чунки бу карталардаги пахтани кўсак қурти еб ташлади. Ўзбек фермери бошида, фалон центнердан кам ҳосил олсанг ерингни оламан¸ ўзингни қаматаман¸ деб келган ҳокимчаларнинг ҳаммаси нафасини ичига ютиб, томошабин бўлиб турибди. Кимдир нимадир деса¸ Indoramaнинг орқасида президент турибди¸ сиëсатга аралашма¸ деб таҳдид қилинади¸ - дейди Аҳмедов.

“Indorama ишлатаëтган кимëвий ўғитлар аҳоли ва атроф-муҳитни заҳарламоқда”

Indorama Agro МЧЖнинг ўзига берилган 54 минг гектарлик ҳудудда заҳарли кимëвий ўғитларни ишлатаëтгани¸ нафақат ўзбек мутахассислари ва маҳаллий аҳоли¸ балки халқаро кузатувчиларни ҳам хавотирга солмоқда.

Жамоатчилик пулига молиялаштириладиган лойиҳаларни мониторинг қилиш билан шуғулланувчи CEE Bankwatch Network ноҳукумат гуруҳи Indorama Agroнинг Ўзбекистондаги фаолиятининг атроф-муҳит ва аҳоли турмушига таъсирини жиддий таҳлил қилмай туриб¸ бу компанияга кредит ажратишга шошмасликни сўрамоқда.

ЕТТБнинг Indorama Agro МЧЖга навбатдаги 70 миллион долларлик кредит ажратиш лойиҳасини ўрганиб чиққан CEE Bankwatch Network тадқиқотчиси Нина Лесихина¸ пестицидлардан фойдаланиш оқибатида сув¸ тупроқ¸ иқлим ўзгариши ва инсон саломатлигига етадиган зарар тўлиқ ўрганилмаганини таъкидлайди.

- Ўзбекистон лойиҳасида ишлатилиши кўзда тутилган айрим пестицидларни ишлатиш¸ инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга етказадиган зарари боис¸ ЕИ ҳудудида чекланган. Хусусан¸ саратон қўзғатувчи ва эндокрин тизимни ишдан чиқарувчи таъсири боис глифосатдан фойдаланиш халқаро ҳамжамият томонидан эътирозга учраб келмоқда, - дейди Лесихина.

Indorama Agro МЧЖга пул бераëтган ЕТТБ унинг фаолиятини оқлашга уринди

Озодлик сирдарëлик фермер ва ишчилар¸ қолаверса¸ CEE Bankwatch Network билдирган эътирозларга муносабат билдиришни сўраб¸ Indorama Agro МЧЖга 70 миллион доллар кредит ажратишга ҳозирланаëтган Европа тикланиш ва тараққиëт банки матбуот хизматига мурожаат қилди.

Озодликнинг Indorama Agro фаолияти билан боғлиқ саволларига ëзма жавоб берган ЕТТБ¸ ўзбекистонлик деҳқон-фермерлар¸ қолаверса¸ халқаро ноҳукумат гуруҳи таъкидлаëтган муаммолар кўламининг ниҳоятда минимал эканини билдирди.

Хусусан¸ ЕТТБ Indorama Ўзбекистон ерларида заҳарли химикатлардан оммавий равишда фойдаланишга ўтгани ва бунинг оқибатида аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга жиддий зиëн етаëтгани ҳақидаги хавотирларни рад қилди.

- Бу лойиҳа аввалдан пахтачилик қилиб келинган ва шу боис қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган химикатлар¸ сув ва ерни ëмон бошқаришдан таъсир кўрган ерларда амалга оширилмоқда. 2019 йили бевосита ушбу ҳудудда амалга оширилган текширувлар хулосасига кўра¸ ЕТТБ пул ажратиши кутилаëтган лойиҳанинг аллақачон ифлосланган атроф-муҳитга таъсири нисбатан ижобий бўлиши кутилмоқда.

Бундан ташқари¸ Indorama ишлатаëтган химикатлардан бирортаси тақиқланмаган ва ЕИ томонидан фойдаланишга рухсат этилган (буни Bankwatch ҳам тан олган). Лойиҳадан кўзланаëтган мақсадлар доирасида Indoramaнинг бу йўналишда мавжуд энг яхши тажрибаларни қўллаш орқали ер ва сувнинг ифлосланишини камайтириши белгиланган ва вазиятни баҳолаш давом этади. Бунга қўшимча равишда Indorama зараркунандаларга қарши курашни комплекс бошқариш (IPM) сиëсатини ишлаб чиқди ва уни ўзига қарашли хўжаликларда амалга оширмоқда. Лойиҳанинг атроф-муҳит ва ижтимоий ҳаëтга таъсирини ўрганиш давомида Indorama ишлатадиган химикатларнинг у ерда яшовчи жамоаларга таъсири минимал даражада¸ деб топилди. Бу муаммоларнинг барчаси лойиҳанинг тўлдириб борилаëтган Экологик ва Ижтимоий менежмент режасида эътироф этилган ва уни ҳал қилиш усуллари кўзда тутилган¸ - дейилади ЕТТБ расмий жавобида.

Indorama Agro раҳбарлари Озодлик мурожаатларини жавобсиз қолдирди

Озодлик сирдарëлик ишчи-ходимлар¸ қолаверса халқаро ноҳукумат гуруҳи билдирган жиддий хавотирларга муносабат олиш мақсадида декабрь ойининг сўнгги 10 кунлиги давомида мавжуд коммуникация воситаларининг барчаси орқали Indorama Agro МЧЖнинг республика¸ қолаверса¸ Сирдарë филиали раҳбарлари билан боғланишга ҳаракат қилди.

ЕТТБ лойиҳалари¸ Indorama Agro расмий сайтида боғланиш учун тақдим этилган телефон рақами (+998 71 233 2264) аслида факс рақами бўлгани боис бу рақам орқали боғланишнинг умуман имкони бўлмади.

Indorama Agro сайтида алоқа учун берилган info@indorama-agro.com электрон почтасига 22 декабрь куни юборилган Озодлик сўровига ҳам ҳозирга қадар бирор жавоб берилмади.

Indorama Agro Сирдарë филиали тижорий директори бўлган Kuldeep Kumarнинг мобиль телефонига қилинган қўнғироқларга жавоб бўлмагани ортидан Озодлик ҳиндистонлик менежерга Telegram орқали мурожаат қилди. Озодликнинг ишчи-хизматчилар шикоятига муносабат сўраб қилинган бу мурожаатини очиб ўқиган Kumar, уни жавобсиз қолдирди.

Халқаро молия тизимларидан 70 миллион долларлик кредит олишга асос бўлган лойиҳасида Indorama Agro МЧЖ бу лойиҳага билдириладиган ҳар қандай эътирознинг ўрганилиши ва шикоятчиларга нисбатан ҳеч қандай босим бўлмаслигини ваъда қилган.

-Indorama Agro, манфаатдор томонлар ва шахсларнинг фикрларини қадрлайди. Компаниянинг шикоятларни кўриб чиқиш механизми шикоятлар бериш ва уларни кўриб чиқиш жараёнини осон, ошкора ва изчил таъминлашга қаратилган. Барча шикоятлар яширин тарзда кўриб чиқилади. Мурожаат учун ҳеч қандай салбий таъсирлар бўлмаслиги керак ва мурожаат қилувчиларга қарши жавоб чораларига йўл қўйилмайди¸дейилган компания жамоатчиликка ëйинлаган баëнотида.

Айни пайтда Озодликнинг кетма-кет мурожаатлари ортидан Indorama Agro МЧЖ нинг ҳиндистонлик бошқарувчилари маҳаллий масъулларига масалани зудлик билан “босди-босди қилиш”ни буюрган.

Озодлик ихтиëридаги аудиоëзувларда Kumar Телеграмига ëзган мурожаатидан ярим соат ўтиб-ўтмасдан¸ Indorama Agroнинг Сирдарë филиали бошқарувчиси Жасур Ҳусанходжаев айрим шикоятчиларга қўнғироқ қилиб¸ Озодликка гапириш оқибатларидан огоҳлантиради.

Бу компания ортида ким турганини писанда қилган Ҳусанходжаев Indorama Agro ишчилари Озодликка гапирган тақдирда¸ ҳинд компанияси “тўнини тескари кийиб¸ уларнинг ҳаммасини бўшатиб ташлаши” билан таҳдид қилади.

Буни ким бошлаганини яхши биламиз. Ҳозироқ босди-босди бўлмаса¸ ҳаммага ëмон бўлади”¸ - дейди бу аудиоларда жумладан, Ҳусанходжаев.

Сирдарëликлар шикоятлари билан ишлашга расман масъул бўлган Жасур Ҳусанходжаев 21-23 декабрь кунлари Indorama Agro расмий варақасида берилган телефон рақамига қилинган қўнғироқларга ҳам¸ шу рақамдаги Telegram аккаунтига ëзилган мурожаатга ҳам жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG