Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:22

"Вақф"- Қорбобо: Президент ва бошқа раҳбарлар номидан берилаëтган совғалар пулини ким тўламоқда?


Ўзбекистон бўйлаб 11 минг дона "Президент совғаси"ни эҳтиëжмандларга тарқатиш ваколати "Вақф" жамоат фондига берилган
Ўзбекистон бўйлаб 11 минг дона "Президент совғаси"ни эҳтиëжмандларга тарқатиш ваколати "Вақф" жамоат фондига берилган

2020 йилнинг сўнгги кунларида давлат идоралари матбуот хизматлари ўз тизими раҳбарларининг камбағал ва етимларга Янги йил совғаси топшираëтгани ҳақида ким ўзарга хабар тарқата бошлади.

“Президент совғаси” деб тарқатилаëтган қутилар¸ айтилишича¸ бутун мамлакатга "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан Тошкентдан юборилаëтган бўлса¸ Бош прокуратура¸ Ички ишлар вазирлиги ва ҳокимлик ходимлари маҳаллий Қорбобога айланган ўз раҳбарлари номидан совға тарқатилаëтгани суратларини ëйинламоқда.

Айни пайтда 2020 йилги бош “Қорбобо” – "Вақф" хайрия жамоат фонди¸ қолаверса¸ давлат бюджетидан ойлик оладиган ҳокимият¸ прокуратура¸ ички ишлар тизими раҳбарларининг бу совғаларга қанча маблағ сарфлаëтгани ва бу маблағнинг манбаини жамоатчиликка очиқланганича йўқ.

"Вақф" хайрия жамоат фонди ва Бош прокуратура матбуот хизмати Озодликнинг бу саволини жавобсиз қолдирган бўлса¸ ИИВ расмийси совғалар пули ходимлар ҳар ой касаба уюшмасига тўлайдиган бадал ҳисобидан олинаëтганини билдирди.

Айни пайтда тадбиркорлар¸ қолаверса¸ давлат идоралари ходимлари Озодликка ўз ҳисобидан “Қорбобо совғаси” учун мажбуран пул¸ мол ва озиқ-овқат ундирилаëтганини билдирмоқда.

"Вақф" фонди ўзбек Қорбобосига айлантирилди

Расмий матбуотнинг ëзишича¸ 2020 йилнинг охирги кунлари мамлакатдаги камбағаллар¸ ногирон ва етимлар учун ташкиллаштирилган “Президент совғаси”ни тарқатиш Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига берилган.

Озодлик гаплашган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги расмийси¸ бутун республика бўйлаб “қорбобо”лик қилиш диний идора вакилларига топширилганини тасдиқлади.

Маҳаллий тадбиркорлардан келаëтган хабарларга кўра¸ 2021 йилнинг яхши келишини сўраб қилинадиган дуолар учун ҳар бир масжидда жонлиқ сўйиш ташаббуси тепасида ҳам "Вақф" фонди вакиллари турибди.

ЎзА агентлигида кейинги кунлар ичи чоп этилган ўндан ошиқ хабарда "Вақф" фондининг “Янги йил йўқлови” уюштиришдан то муҳтожларга ëрдам тарқатгани ëзилди.

Агентлик айрим хабарларида¸ "Вақф" фондининг 11 минг дона “Президент совғаси”ни тарқатишга масъул экани ҳам айтилган.

На расмий хабарларда¸ на "Вақф" фонди сайтида 11 минг дона совға учун қанча маблағ¸ қайси ҳисобдан сарфланганига оид бирор маълумот йўқ.

Шавкат Мирзиëевнинг 30 июль кунги фармони билан Қурбон ҳайити кунлари эҳтиëжмандларга моддий ëрдам тарқатиш учун Вақф фондига давлат бюджетидан 150 миллиард сўм ажратилган эди.

Президент номидан тарқатилаëтган Янги йил совғаси учун "Вақф" фондига давлат бюджетидан маблағ ажратилган-ажратилмагани ҳақида ҳозирча бирор расмий хабар берилмаган.

Озодлик жорий йили эълон қилган журналистик суриштирув давомида¸ ўзбекистонликлардан аксар ҳолларда мажбурий тарзда олинаëтган хайрия маблағларининг "Вақф" фонди раҳбарлари томонидан шубҳали лойиҳаларга сарфлангани¸ бу жамоат фонди молиявий фаолиятида шаффофлик йўқлиги аниқланган эди.

Бош прокурордан ҳокимгача ўз номидан совға тарқатмоқда

2020 йилнинг сўнгги ҳафтасида Ўзбекистондаги аксар давлат тизимлари матбуот хизматлари бу идораларнинг асосий иши қолиб¸ кўпроқ раҳбар-ходимларининг Янги йил байрами кунларидаги камбағал ва етимпарварлигини ҳақида хабар тарқатмоқда.

Хусусан¸ Бош прокуратура¸ ИИВ¸ вилоят ва туман ҳокимликларининг ижтимоий тармоқлардаги каналларида Қорбобо ҳамроҳлигида муҳтожлар¸ қолаверса¸ Меҳрибонлик уйларига бориб¸ совға улашгани сурат ва видеолар билан ëритилмоқда.

Расмий хабарлардан бирида¸ “Бўка туманидаги 15 - сонли Меҳрибонлик уйи ва Ўрта Чирчиқ туманидаги 124 - сонли мактаб - интернати тарбияланувчилари ҳамда уйда якка тартибда таълим олаётган жами 165 нафар болаларга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг “Янги йил” совғалари топширилди”¸ деб ëзилган бўлса¸ бошқасида:

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири полковник А.Темирханов ўнинг ўринбосари полковник И.Ахмедов ва вазирнинг маслаҳатчиси истеъфодаги полковник О.Турдақовлар Янги йил байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органларида хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оилаларидан хабар олиб уларга Президент совғалари ва вазирлик томонидан тайёрланган совғаларни топширишди”¸ деб хабар қилинди.

Бу хабарларда ҳам давлат бюджетидан ойлик олувчи президент¸ Бош прокурор¸ Ички ишлар вазири номидан улашилаëтган совғаларнинг молиявий манбаи очиқланмади.

Расмийлар совғалар пулини ким тўлашини очиқламади

Озодлик 30 декабрь куни Ўзбекистон бўйлаб бюджет ташкилотлари раҳбарлари номидан тарқатилаëтган “Қорбобо совға”ларига қанча пул сарфлангани ва бу маблағнинг қаердан олинаëтганига ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди¸ Бош прокуратура ва Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди.

"Вақф" фонди матбуот котиби Озодлик саволини эшитиши билан алоқани узиб қўйган бўлса¸ Бош прокуратура матбуот котиби саволни жавобсиз қолдирди.

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати бошлиғи¸ капитан Дауран Елмуратов совғаларнинг вазирлик Касаба уюшмаси фондидан олинаëтганини билдирди.

- Ходимлар ҳар ой Касаба уюшмасига тўлов қилади. Уюшмада ўз жамғармаси бор¸ совғалар ана шу жамғарма маблағига олиняпти. Хизмат пайтида ҳалок бўлган ходимларимиз оилалари¸ Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига вазир тарқатган Янги йил совғалари манбаи шу жамғарма¸ деди Елмуратов.

ИИВ расмийси Янги йил совғалари учун ходимлар ойлигидан ушлаб қолиш¸ ëки ички ишлар ходимларининг тадбиркорлардан совға ëки пул ундирилаëтгани ҳолатлари мутлақ йўқлигини иддао қилди.

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган ички ишлар тизими ходимларидан бири ҳам ИИВ совғаларни "ўз ҳисобидан" олаëтганини билдирди.

"Бу пуллар йил бошида бюджетда кўрсатилган булиб, улар вазирликнинг ҳисоб рақамида "қўшимча сарф-харажат" деб кўрсатилади. Ушбу ҳисоб рақамидаги пуллар хар хил тантаналар, совғалар учун сарфланади. Бундан ташқари¸ яинда янги йилни корпоратив тартибда ўтказиш тақиқланди ва корпоратив тантаналар учун ажратилаётган пуллар чин етимлар ва Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига берилиши айтилди".

Мажбурий хайрия

Ўзбекистонда давлат ва президент номидан тарқатилгани намойиш қилинадиган совға ва моддий ëрдам учун тадбиркорлардан тортиб бюджет ходимларига қадар мажбурий хайрия ундирилгани ҳақида Озодликка кўплаб хабар келмоқда.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар¸ турли хайрия тадбирлари¸ айниқса 2020 йилги пандемия ортидан урфга кирган "камбағалларга саҳоват" тадбирлари ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилишга ваколатли идораларнинг ўзларини "талаш кампанияси"га айланганини айтмоқда.

Хусусан¸ 29 декабрь куни Озодликка мурожаат қилган қашқадарëлик фермер ва тадбиркорлар ҳокимлик томонидан ўзларининг ҳар битта масжидда биттадан жонлиқ сўйилиши учун¸ 30-40 килодан кам бўлмаган қўй ва қўчқор “хайрия қилиш”га мажбурланаëтганини билдирди.

Бундай “ўлпон”га¸ Озодлик гаплашган тадбиркор ва фермерларга кўра¸ “президент қарори” ижроси сифатида сиëсий тус берилмоқда.

30 декабрь куни Озодликка хабар йўллаган наманганлик тадбиркор¸ Янги йил совғаси ва ҳар хил томоша тадбирлари учун тумандаги ҳар бир фермер ҳисобидан камида 500 минг сўмдан ечиб олинганини билдирди.

Озодликка келаëтган хабарларга кўра¸ бу жараëн бюджет ташкилотлари ходимларини ҳам четлаб ўтмаяпти.

30 декабрь куни Озодликка боғланган ички ишлар тизими ходими Янги йил олдидан ўз маошидан яна “уриб қолингани”ни билдирди.

Ҳар уч ойда бир марта 1 миллион 200 минг сўм берилар эди. Кеча пластикка туширишди¸ 700 мингдан олдик. Безбетларча 500 мингдан ушлаб қолишган. Нимагалигини ҳозирча айтишмади. Пандемия¸ Янги йил совғаси¸ дейишса керак. Ўтган ой обунага деб 100 мингдан ушлашган. Ёзда карантин зонасида қўшимча ҳақ бермасдан ишлатишди. Инсофсизлар¸ меҳнат қонунчилигини бузиб эртаю кеч ишлатиб¸ яна ҳақимидан 500 минг ҳам уриб қоладими?”,- деди Тошкент ички ишлар тизими оддий ходимларидан бири.

Бундан олдин Озодлик Ўзбекистондаги барча бюджет ташкилотлари ходимлари ойлигидан мажбурий равишда 50 минг сўмдан ушлаб қолинганини хабар қилган эди.

"Вақф" фондиучун закот ва фитр эмиш. Ўзи ойлигимиз оз бўлса¸ закотга нима бор? Дунëвий давлатда яшаëтган бўлсак тағин! Ҳатто оддий ишчилар¸ фаррошгача беришга мажбурлашди. "Вақф"нинг нима қилаëтгани ҳаммага кундай равшан¸ уларга халқ ўз хоҳиши билан бермаса¸ яна таълим ва тиббиëтчилардан тортиб олиш керакми?”,- деган эди Озодликка ойлигидан хайрия фондига мажбурий тўлов ундирилган ўқитувчилардан бири.

XS
SM
MD
LG