Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:52

2020-2021: COVID-19 иқтисодиётга оғир зарба берди. Янги йилда у ўзини ўнглай оладими?


Коронавирус пандемияси 2020 йилда дунё иқтисодиётини “эсанкиратиб” қўйди. Компаниялар фаолиятини чеклашга, ҳукуматлар жабрланганларга кўмак учун ҳаражатларни кўпайтиришга мажбур бўлмоқда. Иқтисодиёт 2021 йилда оёққа тура оладими ва коронавирусга қарши эмлаш қандай аҳамият касб этади?

COVID-19 барча мамлакатлар иқтисодиётга оғир зарба берди. Экспертлар фикрича, инсониятни Иккинчи жаҳон урушидан буён мисли кўрилмаган жиддий иқтисодий бўҳрон кутмоқда.

Пандемия дунёнинг барча мамлакатларига ёйилди. Касалга чалинганлар сони 63 миллиондан ошди. Декабрь бошидаги ҳолатга кўра, COVID-19 дан бир ярим миллиондан ортиқ киши вафот этди.

Ер курраси аҳолисининг ярмидан кўп карантин ҳамда ҳаракатланиш чекловларини ўз танасида ҳис қилди. Инсоният тарихида бу қадар кенг кўламли чоралар кўрилган эмас.

Баъзи мамлакатлар ҳукуматлари компаниялар, оилалар ҳамда аҳолининг энг ночор қатламларига молиявий кўмак кўрсатди. 2020 йилнинг мартидан буён бундай мақсадлар учун, баъзи ҳисоб-китобларга кўра, 12 триллион доллар сарфланди.

Ички ялпи маҳсулот (ИЯМ) нинг бўҳронгача бўлган кўрсаткичларга қайтишига кетадиган вақт бир йилдан кам бўлмайди.

Бироқ бюджетдан сарфланган бу пуллар тадбиркорлик фаолиятининг, сафар ва саёҳатларнинг тўхтатиши, товар етказиб бериш схемаларининг бузилиши оқибатида иқтисодиётни пасайишдан, баъзида эса, синишдан сақлаб қололмади. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) ҳисоб-китобига кўра, глобал ИЯМ ҳажми 4,5%га қисқариши кутилмоқда.

БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференциясининг ноябрь охирида эълон қилинган ҳисоботида иқтисодий бўҳрон оқибатида яна 130 миллион киши қашшоқликка юз тутади.

Касалликнинг 2020 йилнинг сўнгги ойларида Европа, Америка ва бошқа қитъаларда юз берган иккинчи тўлқини вазиятни яна оғирлаштирди.

Бўҳроннинг кўлами кенг ва илдизи чуқур эканлигини ҳисобга олганда 2021 йили иқтисодий ўсиш юз бериш эҳтимоли қанчалик?

Вакциналар ёрдам бера оладими?

Экспертларнинг деярли барчаси иқтисодиётнинг ўсиши вакциналарнинг самарадорлигига боғлиқ деган фикрда якдилдир. Шу кунда Ғарбда уч компания: Pfizer/BioNTech, Moderna ва AstraZeneca компаниясининг Оксфорд вакцинаси ҳақида энг кўп гапирилмоқда. Pfizer/BioNTech ва Moderna компаниялари вакциналари клиник синовларнинг сўнгги босқичларида 90%дан ортиқроқ самара кўрсатди.

Зулмат ортида нур бор, албатта, бироқ олдимизда оғир ярим йил турибди.

Вакциналар тезлаштирилган тартибда қайддан ўтказилади. 2 декабрда Буюк Британия Pfizer-BioNTech вакцинаси қайддан ўтказилганини эълон қилди. Россия COVID-19 га қарши «Спутник-V», вакцинасини биринчи бўлиб тасдиқлаган мамлакат бўлди. Бироқ халқаро илмий жамоатчилик бу вакцинани қайддан ўтказиш механизми етарли даражада шаффоф бўлганига шубҳа билдирди.

Вакциналарнинг тез орада сотувга чиқишини кутишдан иқтисодиёт яқин келажакда изга тушиб кетишига бўлган ишонч сув ичмоқда. Бироқ экспертлар вакцинани кенг кўламда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва етказиб беришнинг қийинлигидан келиб чиқиб хомтама бўлмаслик кераклигига ишора қилмоқда.

Масалан, Pfizer компанияси бу йил 25 миллион кишини эмлаш имконини берадиган 50 миллион доза ишлаб чиқарилиши тўғрисида ноябрь бошида баёнот берди. 2021 йили бу компания ишлаб чиқарадиган дозалар миқдорини 1,3 миллиардтага етказмоқчи.

Ер куррасида 7,5 миллиард киши яшаши ҳисобга олинса, бу ўта катта рақам эмас.

Йирик инвестиция холдинги - UBS раиси Аксель Вебер 11 ноябрда иқтисодиётнинг оёққа туриб кетиши вакцинани ҳисобга олган тақдирда ҳам қисқа вақт ичида юз бермайди, деб баёнот берди.

“ИЯМнинг бўҳронгача бўлган кўрсаткичларга қайтишига кетадиган вақт бир йилдан кам бўлмайди. Яна бир ёки икки йил ишсизликнинг ҳамда иқтисодий ўсишга бўҳронгача бўлган кўрсаткичларига етиб олишга кетади. Демак, олдимизда тикланишнинг анча узоқ давом этадиган жараёни турибди”, деди Вебер CNBCга берган интервьюсида.

18 ноябрда ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Европа АҚШ билан биргаликда яна бир бор пандемия эпимарказида бўлиб қолганини айтар экан, бундай деди: “Зулмат ортида нур бор, албатта, бироқ олдимизда оғир ярим йил турибди”.

Оёққа туриш ҳамма учун эмасми?

COVID-19 пандемиясидан кўрилган зарарни ҳисобга олганда, тикланиш эҳтимоли оз, деб ҳисобламоқда ЮНКТАД экспертлари.

ЮНКТАД 19 ноябрдаги ҳисобтида пандемиянинг иқтисодий оқибатларини айниқса энг қашшоқ ва ҳимояланган ижтимоий гуруҳлар узоқ муддат сезиб туради дейилган. Ҳисоботда айтилишича, дунё бўйлаб қашшоқлик даражаси Осиёда 1988 йили юз берган молиявий бўҳрондан буён биринчи марта ўса бошлаган.

Пандемия дунё иқтисолиётини карахт қилиб қўйди. Ва бу ҳолат энг аввало ҳимояланмаган ижтимоий гуруҳларга зарба бўлди.

“Вирус дунё иқтисодиётининг асосий артериялари бўйлаб чегараларни кесиб ўта бошлади. Бу глобализациянинг заиф нуқтаси эканлиги билиниб қолди. Пандемия дунё иқтисолиётини карахт қилиб қўйди. Ва бу ҳолат энг аввало ҳимояланмаган ижтимоий гуруҳларга зарба бўлди”, деб баёнот берди ЮНКТАД бош котиби Мухиса Китуйи.

Бу фикрга Вашингтондаги Халқаро молия институти бош иқтисодчиси муовини Элина Рибакова Озодлик радиоси билан суҳбатда қўшилар экан, бундай деди:

“Ўсиш ҳолатидаги бозорлар ҳаракатланиш чекловларига, хўжалик алоқалари, савдо, туризм ва пул ўтказиш тартибининг бузилишини айниқса жуда тез ҳис қилади”.

COVID-19 пандемияси нафақат дунё миқёсида, балки алоҳида бир давлат ичида ҳам фаровонлик даражасидаги фарққа катта таъcир қилади.

Кучли минтақалар ютиб, заифлар янада заифлашади.

Масалан, «Блумберг» агентлиги ҳисоботига кўра, Кремль Россиянинг минтақавий ҳукуматларига пандемия билан боғлиқ соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий ҳаражатлар учун қарз кўтаришни таклиф қилмоқда. Келаси йили бу мақсадлар учун 400 миллиард рубль (5,3 млрд доллар) қарз кўтарилиши кутилмоқда. 2020 йили бу кўрсаткич 0 га тенг бўлган.

“Кучли минтақалар ютиб, заифлар янада заифлашади”, - деб ҳисоблайди Россия минтақалари облигациялари билан шуғулланадиган Трансфингруп бошқарувчиси Станислав Пономарев.

Хитой кучаядими?

Пандемия заифларнинг аҳволини оғирлаштриб, кучлиларникини яхшилайди – ҳар ҳолда иқтисодиётда шундай бўлади.

Коронависнинг илк ҳолати қайд этилган Хитойда иқтисодий ўсиш юз бергани қайд этилди.

Июлдан сентябргача дунёдаги иккинчи катта иқтисодиёт ўтган йилнинг мос чорагидагига қараганда 4,9 %га ўсди. Бу прогноз қилинган 5,2 % дан озроқ, бироқ Хитой ИЯМ ўсиш динамикасида COVID-19дан оёққа туриш йўлида авангард бўлмоқда.

Қарийб 5% лик ўсиш пандемия бошланган 2020 йилнинг бошида Хитой иқтисодиёти қулаган ҳандак фонида мисли кўрилмаган прогрессдир.

2020 йилнинг биринчи чорагида бутун мамлакат бўйлаб завод-фабрикаларнинг тўхатилиши фонида Хитой иқтисодиёти 6,8%га қисқарган эди. Бу Хитой иқтисодиётида чораклар бўйича ҳисоботлар тайёрлаш бошланган 1992 йилдан буён юз берган биринчи қулаш бўлди. Таҳлилчилар фикрича, қулашдан ўсишга ўтиш ўта қаттиқ карантин чораларини жорий этиб, сўнгра ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чораларини кўрган ҳукумат сиёсати маҳсули бўлиши мумкин.

Ишчиларга оғир бўлади

Пандемия ишчилар ва хизматчиларга турлича зарба беради.

«Офисларда ишловчи хизматчилар ўзининг ошхонасидами, ётоқхонасидами – ишқилиб, ишлаб турибди, ҳар ҳолда қисман бўлсада, ишли. Бироқ олдин официант, фаррош ёки сотувчи бўлганлар чеккароқ жойларда иш излашига тўғри келади», – деб ёзди Британиядаги «Экономист» журнали.

2020 йилнинг дастлабки 9 ойида иш вақтининг глобал ҳажми 11,7%га қисқарди. Бу кўрсаткич БМТ ҳузуридаги Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, 323 миллион доимий иш ўрнига тенгдир.

Иш вақтининг қисқариши даромадларнинг 3,5 триллион долларга ёки глобал ИЯМнинг 5,5%га қисқаришига олиб келди.

2021 йили меҳнат бозорларидаги вазият қандай бўлиши пандемия динамикаси ҳамда ҳукуматлар кўрадиган чораларга боғлиқ бўлади.

Карантин чораларининг эрта юмшатилиши пандемиянинг давом этишига ва меҳнат бозорларидаги вазиятнинг ёмонлашиувига олиб келади.

“Карантин чораларининг эрта юмшатилиши пандемиянинг давом этишига ва меҳнат бозорларидаги вазиятнинг ёмонлашиувига олиб келади, шунинг учун соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва ижтимоий сиёсатда кўриладиган чоралар мувозанатини сақлаш муҳимдир, – деб ҳисоблайди ХМТ таҳличиси Капсос. – Ҳукматлар олдида ишсизлик, қашшоқлик, тенгсизлик ва ижтимоий яккаланиш ўсишига эътибор қаратиш учун бюджетдан пул топишдан оғир вазифа турибди”.

Қандай омилларга қараш керак

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) ҳисоб-китобича, 2021 йили умумжаҳон ИЯМ 5%га ўсади. Бироқ бу бир қатор омилларга, шу жумладан коронавируснинг янги тўлқинлари бўлиш-бўлмаслигига, карантин чоралари ва чекловларига риоя қилинишига, истеъмолчилар ва компанияларнинг келажакка ишончига, шунингдек, давлатнинг кўмаги миқёси бизнеснинг эҳтиёжларига қанчалик мутаносиб бўлишига боғлиқ.

"Ҳукуматлар олдида қачон аралашса бўладию қачон бозор мустақил равишда ўзини ўзи ислоҳ қилиб олишига из бермоқ керак, деган мураккаб танлов турибди", деб ҳисоблайди Элина Рибакова.

Иқтисодиётнинг табиий равишда трансформациялашувига ҳалақит бермаган ҳолда уни қўллаб-қувватлашга имкон берадиган мувозанат топиш зарур. Баъзи соҳалар олдинги ҳолатига қайта олмайди; мустақил яшашга бундан буён қобилиятсиз компанияларнинг зомбилашувидан қочиш керак”,- дейди у. Рибакованинг фикрича, иқтисодиётнинг оёққа туриши узоқ вақт олади.

«Вакцинациянинг қанчалик тез ўтиши ва ҳар бир муайян давлатда пандемия билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, 2021-2022 йилларда ҳукуматлар умумий молиявий ёрдамни тобора озайтириб, эътиборни ишсизлик учун нафақалар тўлаш ва ишчиларни қайта тайёрлаш каби манзилли ёрдам кўрсатишга қаратади,- деди у Озодлик билан суҳбатда. – Бироқ барибир кўплаб мамлакатлар учун пандемиягача бўлган ўсиш суръатига етиб олишга кўплаб йиллар керак бўлади.

XS
SM
MD
LG