Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:37

Суд қолдирилди. Юнусободдаги ерни текинга олган ширкат президент куёви билан алоқаларини рад этмоқда (ВИДЕО)


Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 6 гектарлик ҳудудни президент куëвига алоқадор компанияга текинга бериш қарорини Шавкат Мирзиëевнинг 2018 йил 26 октябрь куни Юнусобод туманига ташрифи чоғида берган оғзаки топшириқлари билан асослаган
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 6 гектарлик ҳудудни президент куëвига алоқадор компанияга текинга бериш қарорини Шавкат Мирзиëевнинг 2018 йил 26 октябрь куни Юнусобод туманига ташрифи чоғида берган оғзаки топшириқлари билан асослаган

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори устидан шикоят қилган 80 дан ортиқ тадбиркорнинг аризасини кўриб чиқаётган Чилонзор туман маъмурий суди 2 декабрь куни эълон қилиниши кутилган қарорини номаълум муддатга қолдирди.

Юнусободнинг халқ тилида Универсам деб аталадиган ҳудудида фаолият олиб борадиган тадбиркорлар ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўз дўкон ва хизмат кўрсатиш муассасалари жойлашган 6 гектар ерни Urban Developers МЧЖга бериш қарорини бекор қилиш сўрови билан судга ариза топширган.

Чоршанба куни суд Ортиқхўжаев қарорини кучда қолдириш ëки уни бекор қилиш юзасидан ўз қарорини эълон қилиши кутилганди.

Озодлик суриштируви кўпчиликка маълум бўлмаган Urban Developers МЧЖнинг президент Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич куëви Ойбек Турсуновга тегишли ширкат билан алоқаларини ўртага чиқарди.

2 декабрь куни Озодликка юборган ëзма “Раддия”сида мазкур МЧЖ раҳбари Ансор Набераев компаниянинг Ойбек Турсунов билан алоқаларини қатъиян рад этди.

Қарорсиз суд

2 декабрь¸ чоршанба кунининг иккинчи ярмида Чилонзор туман маъмурий судида Юнусобод туманида фаолият кўрсатаëтган тадбиркорлар берган шикоят аризаси юзасидан биринчи инстанция судининг қарори эълон қилиниши белгиланган эди.

Суд Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2019 йил 31 декабрь куни Юнусободдаги 100 га яқин тадбиркорга қарашли савдо ва хизмат объектлари жойлашган 6 гектарлик ҳудудни Urban Developers МЧЖга бериш қарорининг қонуний ёки йўқлиги юзасидан ажрим чиқариши кутилаётганди.

Суд юнусободлик тадбиркорлар аризаси бўйича қарор чиқаришни кечиктирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:01 0:00

(Ушбу видеода ҳоким қарори кучда қолса¸ бузилиши керак савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари акс этган.)

Маҳкама қарори чиқарилиши олдидан тадбиркорлар суд мулозимларидан Янги шаҳар¸ Амир Темир ва Аҳмад Дониш кўчалари кесишувидаги 6 гектарлик ҳудудни бевосита келиб кўришни сўрашган.

Тадбиркорларнинг Озодликка айтишича, 2 декабрь куни соат 12 да қарор берувчи судъя ва унинг ëрдамчилари тадбиркорлар билан сайëр учрашувга келиши белгиланган эди.

Сайëр суд мажлиси 12 га белгиланган эди. Жуда кўпчилик йиғилиб¸ судъя келишини кута бошладик. 11 лар атрофида Чилонзор маъмурий суди секретари адвокатимизга телефон қилиб¸ суднинг қолдирилганини айтди. Суд¸ гўë судъяни ëрдамчисини Олий судга чақиртиришгани учун¸ деган баҳона билан номаълум муддатга кечиктирилди. Янги мажлиснинг қачон бўлиш хабарини ўзимиз берамиз¸ дейишди”¸ - деди 2 декабрь кунги суд мажлисига бевосита алоқадор тадбиркорлардан бири.

Суҳбатдошларга кўра¸ сайëр суд мажлисидан сўнг жараëннинг соат 15:00 да Маъмурий ишлар бўйича Чилонзор суди биносида давом этиб¸ бу мажлисда қарорнинг ўқиб эшиттирилиши кутилган.

2 декабрь куни Озодлик Маъмурий ишлар бўйича Чилонзор туман судидан қарор чиқаришнинг нима учун қолдирилгани борасида расмий изоҳ ололмади.

Ўзбекистон Олий суди Ахборот хизматининг Озодлик гаплашган масъули мажлиснинг "асосли сабабга кўра" қолдирилганини билдирди.

- Судъянинг ëрдамчиси эмас¸ балки бу ишни кўриб чиқаëтган судъянинг ўзи Олий суд Малака ҳайъати комиссияси йиғилишига чақирилгани боис мажлис қолдирилган. Бу эса¸ асосли сабаб. Президент қарорига асосан¸ 2021 йилнинг 1 январидан туманларда Маъмурий суд бўлмайди. Шу муносабат билан ҳозир туман маъмурий суди судъялари Малака кенгашига чақиртирилиб¸ суҳбатдан ўтказилмоқда. Юнусободдаги тадбиркорлар иши бўйича суднинг кейинги мажлиси янаги ҳафтага қолдирилди. Бу ҳақда уларга хабар берилади¸ - деди Олий суд Ахборот хизмати вакили.

Бу мулозим тадбиркорларнинг шов-шувли иши юзасидан қарор чиқарувчи судъянинг айнан шу қарор эълон қилинадиган кун ва соатда Олий судга чақиртирилгани ўртасида ҳеч қандай "ҳайрон бўладиган" алоқадорлик йўқлигини таъкидлади.

Озодлик гаплашган тадбикорлар эса¸ биринчи инстанция суди қарорини эълон қилиш кечикканига муаммонинг матбуотда ëритилгани сабаб бўлганини тахмин қилади.

Озодлик 26 ноябрь куни ҳоким Ортиқхўжаевнинг ўнлаб тадбиркорлар ери ва бизнесини тортиб олиш эвазига савдо-кўнгилочар мажмуа қуриш режаси баён қилинган қарори ҳақида мақола чоп этган эди.

Озодлик суриштируви Юнусободнинг энг бозоргир ҳудудидаги 6 гектар ерни текинга қўлга киритган Urban Developers МЧЖнинг президент Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич куëви Ойбек Турсуновга тегишли ширкат билан алоқаларини ўртага чиқарган.

Бу суриштирувда келтирилган маълумотлар ҳамда тадбиркорларнинг 1 декабрь куни президентга қилган видеомурожаати ижтимоий тармоқларда фаол муҳокамаларга сабаб бўлди.

Тадбиркорлар президент куëвига алоқадор "инвестор"дан ҳимоя қилишни сўраб президентга мурожаат қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:24 0:00

“Раддия”

2 декабрь куни Urban Developers МЧЖ раҳбари Ансор Набераев Озодлик суриштирувида келтирилган маълумотларга расмий раддия берди.

Озодликнинг Телеграм каналига юборилган ëзма мактубда бу МЖЧнинг президент куëвига алоқаси йўқлиги таъкидланади.

Юнусободдаги 100 га яқин тадбиркор мулклари жойлашган 6 гектарлик ерни бирор тендер ëки аукционсиз олган ширкат ерни текинга олганини рад этмоқда. Urban Developers МЧЖ вакили ўз раддиясида "О. Турсунов"нинг ўзига на бевосита ва на билвосита алоқаси борлигини иддао қилди. Айни пайтда Озодлик суриштирувидаги ҳужжатларни инкор этувчи бирон далил келтирмади.

Озодлик Urban Developers МЧЖ раҳбари ëзма жавобини жамоатчилик эътиборига тўлиқ ҳавола этишга қарор қилди.

«Хорижий оммавий ахборот воситалари (Озодлик назарда тутилмоқда – таҳр.)да Тошкент шаҳар ҳокимининг «Urban Developers» МЧЖга шаҳар ҳудудидан бепул ер бергани ҳақида мақола эълон қилинди.

Ушбу маълумот асосли эмас. Янги шаҳар, Амир Темур ва Аҳмад Дониш кўчалари кесишмасидаги ҳудуд (6 гектар) Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори асосида инвестиция мажбуриятлари шарти билан замонавий савдо-кўнгилочар мажмуасини қуриш учун компанияга берилди.

Хусусан, ушбу қарорга биноан, барча бино эгаларига уларни қондирадиган товон пули тўламагунча, хусусий биноларни бузиш тақиқланади.

Агар эгалар ўз мулкларини сотишдан бош тортса, шаҳар ҳокимининг юқоридаги қарори шартларини бажариш имконсизлиги сабабли Urban Developers МЧЖнинг савдо марказини қуриш лойиҳаси амалга оширилмайди.

Чет эл оммавий ахборот воситалари, шунингдек, «Urban Developers» МЧЖ устав капиталида 97% улушга эга бўлган Odoratus Business LLP (Буюк Британия) компанияси жаноб О.Турсунов билан бевосита боғлиқлиги тўғрисида текширилмаган маълумот тарқатди.

Аслида О.Турсуновнинг кўрсатилган компанияга ҳеч қандай алоқаси йўқ, унинг улушларига тўғридан-тўғри ёки билвосита эгалик қилмайди, унинг устидан бошқарув ёки қандайдир бошқа кўринишдаги назоратни амалга оширмайди”.

Озодлик ушбу раддия ортидан Urban Developers МЧЖ раҳбарига мазкур компания билан президентнинг катта куëви Ойбек Турсунов ўртасида бевосита алоқадорлик борлигини кўрсатувчи ҳужжатлар мавжудлигини эслатди.

Аммо Urban Developers МЧЖ раҳбари ушбу эслатмани жавобсиз қолдирди. Шунингдек, Юнусободдаги минимал қиймати Тошкент шаҳар ҳокимининг ўзи белгилаган нархга асосан¸ тақрибан 11¸5 миллион долларга тенг 6 гектар ер учун Urban Developers қанча ҳақ тўлагани ҳақидаги савол ҳам ҳозирча очиқ қолмоқда.

XS
SM
MD
LG