Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:20

Арзон кўмир ва огоҳлантириш: Расмийлар свет-газ талаб қилиб чиққан аҳолини тинчлантиришга уринмоқда


Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё вилоятларидаги йиғинлардан йўлланган видеолардан олинган суратлар - 18-24 ноябрь
Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё вилоятларидаги йиғинлардан йўлланган видеолардан олинган суратлар - 18-24 ноябрь

Ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетган шу кунларда светсиз-газсиз қолган аҳолининг ҳокимият идоралари олдида йиғилаётгани кузатилмоқда.

Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё вилоятларидаги чиқишларда иштирок этган аҳоли вакилларининг айтишича, расмийлар уларни тинчлантиришга уринган ва бошқа йиғилмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Муаммо айрим ҳудудларда ҳал бўлган, аммо аксар ҳудудларда аҳоли ҳануз совуқда қолаётир. Айрим ҳудудларда расмийлар норози аҳоли йиғини акс этган видеоларни тармоққа жойлаганларни қидираётгани айтилади.

Фарғона ва Қашқадарё вилоятидаги ҳокимият идоралари вакилларидан олинган маълумотга кўра, бу йил қишда табиий газ таъминоти изига тушишига умид йўқ ва норози аҳоли билан учрашаётган расмийлар кўмир ҳамда ўтин ғамлашни тавсия қилмоқда.

Расмийлар электр токи таъминоти Тўрақўрғон ИЭСдаги носозлик ҳал қилиниши билан аксар марказий ҳудудларда изига туша бошлаганини айтмоқда. Аммо Озодликка келаётган шикоятларга кўра, шаҳар ва туман марказларидан четроқда жойлашган аҳоли пунктларию қишлоқларда таъминот ҳануз оғир аҳволда.

Қашқадарё: вазирликка мурожаатдан сўнг чироқ ёнди


Қарийб 300 минг аҳоли яшайдиган Ғузор туманида 50 – 60 чоғли одам туман электр тармоқлари корхонаси олдида йиғилгани акс этган видео Озодликка 22 ноябрь куни келганди.


Видеода на свет, на гази бўлган одамлар корхона раҳбарияти билан учрашув талаб қилгани акс этган.

Бу йиғинда бўлган ғузорликлардан бирининг Озодликка айтишича, видеода воқеанинг бир қисми акс этган, холос. Аслида ғузорликлар бир неча кун давомида туман ҳокимлигига ҳам боришган:

“Ундан бир кун олдин, кейинги кунлари ҳам одамлар йиғилди. Домларда (кўпқаватли уйлар – таҳр.) яшайдган аёллар туман ҳокимлигига ҳам боришди, бир неча марта. Чунки, уларда свет-газ бўлмаса, умуман иситиб бўлмайди, кўпида печка йўқ. Ҳокимиятдагилар тезда тарқалинглар, светниям газниям берамиз, деб тарқатиб юбораверишди. Охири Энергетика вазирлигига бирга мурожаат қилишганидан кейин, 23 ноябрь куни оқшом электр беришди. Вилоятдан телефон қилиб, хабар олишибди ҳам. Ҳозир мана ўчмай турибди”.

Бу ғузорликнинг айтишича, ўтган ой туман ҳудудида жойлашган ГТЛ-Ўзбекистон заводи ишчилари орасида исён бўлганидан буён туманда назорат бироз кучайтирилгани сезилади.

“Ҳамма қанақадир бироз чўчиб қолганда. Кўпчилигининг заводда яқинлари ва танишлари бор. Ишдан бўшатишяпти, сўроққа чақиришяпти. Совуқ жонидан ўтиб кетганлар, асосан аёллар ҳаракат қилдида. Биздаги Шўртангаз корхонасида мамлакатда чиқадиган газнинг асосий қисми чиқади, лекин биз 8 йилдан бери газсиз яшаймиз – ўйлаб кўринг! ГТЛ заводидан 80 километр нарида туман маркази – на свет бор, на газ бор, на асфльт бор, бинолар эскириб кетган. Заводга келиб кетаётган катталар, шу районга бир кириб ўтай демайди”, - дейди исми сир сақланишини сўраган ғузорлик.

Унинг айтишича, 8 йил муқаддам туман табиий газдан тамомила узилган, суюлтирилган газ эса, 1 ярим-2 ойда бир аҳолига тарқатилмоқда.

Озодлик бу воқеа ортидан Ғузор тумани ва Қашқадарё вилояти ҳокимият идораларига боғланди, аммо расмий изоҳ ололмади.

Қашқадарё вилояти электр тармоқлари идорасининг ўзини таништиришни истамаган расмийсига кўра, туманда электр узилишига сабаб Тўрақўрғон ИЭСдаги носозлик бўлган. Бу носозлик ҳал қилиниши ортидан таъминот изига тушган. Бу расмий газ таъминоти ва суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ саволларга жавоб беролмаслигини айтди.

Андижон: электр берилмади, лекин видеони чиқарганларни қидиришмоқда


Вилоятнинг Андижон туманидаги Заврақ маҳалласидаги ўнга яқин аёл қорли оқшом кўчада туриб, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга йўллаган мурожаат ҳам Озодликка келиб тушганди.


Бу маҳалладаги аҳволдан хабардор муштарийнинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, аёллар 18 ноябрдан то шу кунга қадар свет ва газ берилишини талаб қилиб, маҳаллий раҳбарларга мурожаат қилишмоқда, аммо ҳеч ўзгариш йўқ.

“Видеомурожаат Озодликда чиққанидан кейин вилоят, туман ҳокимликлари, прокуратураси, электр тармоқлари идорасидан бир группа одам келди маҳаллага. “Светниям берамиз, газниям берамиз, сизлар у ёққа бу ёққа югурманглар”, деб кетишди. Лекин на газ, на свет беришди. Пулини олдидан тўлаб қўйсангизлар, килосига 300 сўмдан кўмир олиб келиб берамиз, дейишган. Кўмир бозорда 1300 сўмдан, булар берадиган 300 сўмлик кўмир ростдан ҳам кўмирми, тупроқми, деб олгани кўнмаяпти одамлар”, - дейди андижонлик суҳбатдош.

Унинг айтишича, мурожаатчи аёллар яшайдиган маҳалла янги, коттежларнинг аксари ўтган йили қуриб битирилган. Муҳими, бу уйларда ҳатто сув ҳам электр энергияси воситасида таъминланади.

“Свет бўлмаса, бу янги уйларда сув чиқмайди, чунки насос ишлаши керак. Ҳозир энди электр ўчди дегани, бу уйларда сувам йўқ, иссиқлик ҳам йўқ – тирикчилик умуман тўхтади, дегани-да. Кўпида давлат идораларида ишлайдиган ёш оилалар бор, болалари ёш. Аҳволи жуда оғир, жуда. Ҳозир энди буларга ёрдам бериш ўрнига маҳаллаю ҳокимиятдагилар келиб, ўша видеони ким Интернетга чиқарганини қидириб юрипти экан. Кўчага чиқманглар, у ёққа бу ёққа ёзманглар, барибир фойдаси йўқ, деб қайтаряпти”, деди андижонлик суҳбатдош.

Андижон тумани ҳокимлиги ва электр тармоқлари идоралари Озодлик мурожаатига жавоб бермади.

Наманган: норозилар билан учрашган ҳоким аҳолига арзон кўмир тарқатди


Наманган шаҳрида 23 ноябрь куни газ йўқлигидан норози бўлган аҳоли билан шаҳар ҳокимининг ўринбосари Жобирхон Абдуллаев учрашди.

Телеграм тармоғидаги Namanganliklar каналида тарқатилган видеода ҳоким аҳолига кўмир ва ўтин ғамлашни тавсия қилади, табиий газ берилмаётгани сабабларига оид саволларни эса очиқ қолдиради.


23 ноябрь оқшомида ҳоким ўринбосари ваъдаси билан норози аҳоли яшайдиган маҳаллалардан бирига бир неча юк машинасида кўмир келтириб берилди. Буни ҳам айни Телеграм канали хабар қилди.

Наманган шаҳрида истиқомат қиладиган бир неча суҳбатдошдан олинган маълумотга кўра, 24 ноябрга келиб шаҳарда табиий газ таъминоти ўнгланмаган – табиий газ берилмоқда, аммо "бир чойнак чойни ҳам қайнатиш мушкул".

Фарғона: свети ўчганнинг суви ҳам ўчади


Тошлоқ туманида ҳам бир гуруҳ норози аҳоли маҳаллий раҳбарлардан свет ва газ талаб қилаётгани акс этган видеони 24 ноябрь куни блогер ва журналист Зафар Солижонов ўз Телеграм каналида эълон қилди.

Видеода совуқ жонидан ўтган норози аёллар электр токи берилишини талаб қилишган. Уларнинг мурожаатларини қоғозга тушираётган расмийлар эса норозиларнинг саволларини очиқ қолдиришган.


Бу ерда ҳам аёллар электр токи узилиши билан сув ҳам тўхтаб қолишини айтмоқда. Табиий газ бу ҳудудда ҳам йиллардан буён берилмайди, суюлтирилган газ таъминоти ҳам ёмонлашган.

Тошлоқ тумани ҳокимлигидан бу борада ҳозирча изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Манба: расмийлар норозилик кучайган ҳудудларни тинчлантириш ҳаракатида

Фарғона вилоятидаги ҳокимлик идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбасининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, бу йил вилоятнинг свет ва газ узилмайдиган аксар ҳудудларида ҳам электр узилиб қолган, табиий газ босими эса жуда пастлаб кетган:

“Электрни тушундик энди, бирдан совуқ тушиб, ҳамма электр печкага уланиб оляпти, дейишди. Кейин, анави Тўрақўрғон ИЭС бузилиб қолди, трансформаторлар эски – хуллас ҳар йилги гап. Лекин, газ босими нега бирдан пастлаб кетди. Шаҳарларда газ ёниб турганди яхшигина. Уям пастлаб кетди”.

Бу манба маҳаллий расмийлар айни пайтда аҳоли кайфиятини назорат қилиб туриш, норозилик кучайган ҳудудларда аҳоли билан юзма-юз учрашиб, муаммоларини ҳал қилиб беришга уринишаётганини айтди:

“Жанжал чиқиб кетмасин, деган хавотир бор-да раҳбарларда. Ўтган йиллари, эсингизда бўлса, унча-мунча тўпалонлар бўлганди, как раз шу ноябрда. Биринчи совуқ тушганда. Бу йил ҳам шунақа, бирдан совуқ тушди. Райгаз, электросетлар ҳам оғир аҳвол-да ҳозир. Шунга қаерда сал норозилик кучайса, ўша ерга бориб, аҳоли билан гаплашиб, иложини топиб, светини бериб, тинчлантиришга уриняпти-да раҳбарлар. Ўзи яна икки-уч кунда кунлар яна исиб қолса, тинчийди вазият”.

Ўтган йилги норозиликлар


Ўтган йили ноябрь ойида Андижон, Қорақалпоғистон, Сирдарё вилоятларида свет ва газ йўқлигидан норози бўлган одамлар кўчаларни тўсиб қўйгани, ҳокимият идоралари олдига йиғилгани кузатилган эди.

Қорақалпоғистоннинг Нукус туманида одамлар кўчага чиқиб, йўлларда автомашинанинг эски балонини ёқиб юборган ва бу ҳолатни ҳатто, давлат хабар агентлиги - ЎзА ҳам ёзган эди.

Гулистонда эса, ҳайдовчи ва аҳоли вакиллари М-34 йўлининг Тошкент-Гулистон йўналишини тўсиб қўйганди.

Андижонда шаҳарнинг Далварзин ва Олтинкўл тумани Қўштепа маҳаллалари орасидан ўтувчи йўлни ҳам газ ва электр тақчиллигидан норози бўлган аҳоли тўсиб қўйган эди.

Ўшанда Бош вазир Абдулла Арипов аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергоресурслар — газ ва электр энергия билан таъминлашдаги муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказган ва мамлакатда юзага келган фавқулодда вазиятни “шармандали ҳолат” деб баҳолаган эди.

«Бу шармандали ҳолат. Оммавий ахборот воситалари, интернет-нашрлар ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда аҳолининг ҳақли эътирозлари кенг ёритилмоқда. Газ ва электр энергия етказиб берувчилар ўз ишларига маъсулият билан қарашмаяпти. Мутасадди раҳбарлар шунча салбий ҳолатларга бирон марта оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ёки асосли жавоб бергани йўқ”, деган эди бош вазир.

Бу йил эса, президент Мирзиеёв 18 сентябрда махсус селектор йиғилиши ўтказиб, қишнинг қаттиқ келиши кутилаётганини айтган ва шаҳардаги тайёргарлик учун шахсан бош вазир А. Ариповни, вилоятларга бош вазир биринчи ўринборсари Очилбой Раматовни масъул қилиб тайинланди.

Аммо 18 ноябрдан ҳаво ҳарорати кескин пасайиши билан нафақат вилоятлар, ҳатто пойтахтнинг ҳам қатор туманларида иситиш тизимидаги қозонхона, иссиқ сув ва газ узатадиган тармоқларда носозликлар келиб чиқа бошлади.

Мамлакат бўйлаб кузатилаётган энергетика инқирозининг асл сабаблари ва ечими борасида, ўтган йилларда бўлгани каби, бу йил ҳам ҳукуматнинг масъул раҳбарлари маънили баёнот берганича йўқ.

XS
SM
MD
LG