Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:53

Тармоқлар қаҳрамони: Андижонда ҳоким тадбиркорни ҳақоратлаган яна бир аудио тарқалди


Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга нисбат бериб, тарқатилган яна бир аудио эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Аудиода Савдо саноат палатаси раиси Адҳам Икромов иштирокидаги бир йиғилишда қатнашганини айтган мулозим, тадбиркорларни "шакал", "ит туққан", "тўнғиз", деб ҳақорат қилганини ўзи эътироф этади.

13 ноябрь куни вилоят ҳокимининг 3 аёлни 15 суткага қаматганини эътироф этгани қайд этилган аудио тарқалган ва вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати, аудиодаги овознинг Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли эканини тасдиқлаганди.

14 ноябрь кунги аудиодаги овоз, бир кун аввалги аудио ҳамда бунга қадар Андижон вилояти ҳокимига тегишли, деб Озодликка тақдим қилинган бошқа аудиолардаги овозга айнан ўхшашдир.

14 ноябрь куни тармоққа тушган аудиода мулозим шундай дейди:

"У (Адҳам Икромов — таҳр.) тушунтираяпти, ундай бўлади, бундай бўлади. Ишинглар бўлса мана номер, 1100 га мурожаат қилаверасизлар. У мисоллар келтириб, тушунтираяпти. Борми мурожаат қиладиганлар деса, учтаси қўл кўтараяпти. Кейин меники қўзиб кетади-ку: "Тур ўрнингдан, нима мурожаатинг бор", дедим. "Ҳа энди", деганди, "Айт энди, ҳа эндиламасдан", дедим. У тушунмай қўлини кўтарворди-да. "Айтасан, Андижон шаҳардаги шакал", дедим. Айтасан десам, бекитаяпти".

Шунингдек, аудиоёзувда мулозим, залга йиғилган тадбиркорларга қарата: "Сенларни одам туққанми, ё ит туққанми? Э семирмай ўл, тўнғиз", деб хитоб қилгани ҳам қайд этилган.

Бу аудио ҳақида маҳаллий нашлар ҳам хабар қилди.

Аммо, ҳозирча бу аудиоёзув борасида Андижон вилоят ҳокимлиги ёки ҳокимнинг ўзи бирор муносабат бергани Озодликка маълум эмас.

13 ноябрь куни Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли экани айтилган яна бир аудио тарқалган ва унда ҳоким “қичиқ савол берган” журналистларни “ҳезалак” дея ҳақорат қилиб, ўзига “сассиқ гапирган” марҳаматлик уч нафар аёлни "15 суткага қаматгани"ни айтиб мақтанган.

13 ноябрь куни бу аудиога изоҳ берган Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ундаги овоз вилоят ҳокимига тегишли эканини тасдиқлаган, аммо аудиоёзувнинг 2 йил муқаддам ёзилганини урғулаган.

Буни, ҳокимият вакилларига қаратилган танқидлари билан танилган Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам танқид қилиб, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновни фуқароларга нисбатан феодал бошқарув усулини қўллашда айблади.

Кушербаевга кўра, Андижон вилоят ҳокимининг бу гапларни қачон айтгани муҳим эмас.

“Муҳими – у Ленин сабаб бошланган “бошқарув мактаби”нинг содиқ вориси бўлиб, вакиллик, суд органлари устидан амалда мутлақ ҳокимият ўрнатиб олган феодал замонига мос инсонлиги”, деб ёзди Кушербаев.

Андижон вилояти ҳокимига тегишли мазкур аудиоёзув Интернет тармоғининг ўзбек сегментида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Бу вилоят раҳбарининг қўл остидаги ходимларини ҳақорат қилишига оид, Озодликка маълум илк ҳолат эмас.

2019 йилнинг ёзида ҳам Шуҳрат Абдураҳмоновнинг корхона-ташкилотлар раҳбарлари билан ўтказган йиғилишда раҳбарларини инсон шаънини таҳқирловчи сўзлар билан ҳақорат қилгани ёзилган аудио Озодликка келиб тушган.

Аудиоёзувда мулозим бошқармалардан бирининг бошлғини “ифлос, ҳайвон, шакал, ҳезалак, карранда, маймун” каби сўзлар билан ҳақоратлаган.

Аслида, ўз қўл остидаги мулозим ва ишчиларни мажлисларда ҳақорат қилиш, уларга бақириш ва таҳдид қилиш, баъзан эса калтаклаш амалиёти мамлакатдаги раҳбарлар орасида тез-тез учраб туради.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Фарғона вилоятининг собиқ раҳбари ва жорий бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг, ўз ходимларидан ташқари, журналист ва блогерларга ҳам таҳдид қилгани қайд этилган аудиолар ҳам норозиликларга сабаб бўлган.

Хусусан, Фарғона вилояти собиқ ҳокими Ш. Ғаниевнинг хулқи Сенатда алоҳида муҳокама қилинган, унга синов муддати ҳам берилган эди.

Президент Мирзиёев ўз чиқишларида журналист ва блогерларни ҳимоя қилади, видеоселекторларда ҳокимларни бундай хулқи учун танқид қилади.

Аммо, ҳозирга қадар айнан ҳақорат ва таҳдидлари ортидан бирор мулозим ишдан олингани ёки истеъфо бергани кузатилмади.

XS
SM
MD
LG