Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:46

"Отамни мажбурлаб Ковид марказга юборишди, бир кундан сўнг жасадини беришди"


Расмий статистикада 1 миллиондан ортиқ аҳолига эга Хоразм вилоятида коронавирусдан фақат битта ўлим ҳолати, у ҳам бўлса июл ойида қайд этилган.
Расмий статистикада 1 миллиондан ортиқ аҳолига эга Хоразм вилоятида коронавирусдан фақат битта ўлим ҳолати, у ҳам бўлса июл ойида қайд этилган.

Хоразм вилоятининг Хива туманида яшовчи Учқун Аҳмедов ўпка яллиғланиши ташхиcи билан туман шифохонасига ётқизилган 70 ёшли отасини маҳаллий шифокорлар яқинларига хабар қилмасдан Урганчдаги Ковид марказга мажбурлаб жўнатишгани, икки кун ўтиб эса отаси шу марказда вафот этганидан хабар топганини айтди.

Асли касби шифокор бўлган хивалик Аҳмедов сўзларига кўра, Урганчдаги Ковид марказ шифокорлари отасининг тромбоэмболиядан ўлганини айтишган ва ўлим варақасига ҳам шу касалликни ёзиб беришган.

Аммо, суҳбатдош отасининг коронавирусдан вафот этгани, шифокорлар буни яшираётган бўлишини айтади.

"Отамни нафас қисиши безовта қила бошлаганди. 26 октябрда рентгенга олиб бордик. Рентгендагилар айтди, "пневмония бор, Ковид белгилари ҳам бор" деди. Кейин Хивадаги туман касалхонасига ётқиздик. 26 октябрда олиб борган бўлсак, икки кун ўтиб отам Урганчдаги Ковид марказда ўлганини бизга айтишяпти. Бизга хабар қилмасдан Ковид марказга ўтказишган. Ўлим сабаби қилиб эса тромбоэмболияни кўрсатишяпти. Тромбоэмболия бўлса нега Ковид марказга олиб ўтдингизлар десак, жавоб беришолмайди", - дейди Аҳмедов.

"Урганчдаги Ковид марказга борган одам тирик чиқмайди"

Учқун Аҳмедов вилоятда коронавирусдан ўлим ҳолатларининг аксари расмий статистикада акс этмай, яширилаётганини айтади.

“Одамлар асл вазиятни билиши керак. Коронавирусдан ўлган бўлса шу айтилиши керак. Мени ўзим ҳам врачман. Экспертизада ишлайман. Отамни Хивадаги касалхонага олиб борганимизда, булар очиғини айтишмади. Бизга билинтирмай Урганч спорт мажмуасидаги Ковид марказга бериб юборишган. Урганчдаги марказда одам жуда кўп. Облздравдан айтишган эмиш, кимда ковид белгиси бўлса шу комплексга олиб ўтишни. Лекин, шифокорлар беморни яқинларига шуни айтиши керак эди. 28 октябрда пешинда ўлганини айтишди. Мен жасадни олгани борганимда у ерда аҳволни кўриб дахшатга тушдим. У ерга борган одам тирик чиқмайди. Кроликка қарагандай беморларга қарашар экан", - дейди Учқун Аҳмедов.

Бу иддаолар юзасидан Озодлик Хоразм вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийларидан дам олиш куни бўлгани сабабли изоҳ ололмади.

Расмий статистикада 1 миллиондан ортиқ аҳолига эга Хоразм вилоятида коронавирусдан фақат битта ўлим ҳолати, у ҳам бўлса июл ойида қайд этилган.

Озодлик бундан аввал ҳам Навоий, Бухоро, Фарғона вилоятларида коронавирусдан ўлим холатлари яширилгани ҳақида хабар қилган эди.

Расмийлар эса, пневмония туфайли вафот этган, лекин вафотига қадар коронавирус ташхиси қўйилмаган марҳумлар статистикага киритилмаётганини айтишади.

Расмий статистикага қаралса, Ўзбекистон бўйича коронавирусдан 580дан ортиқ ўлим қайд этилган бўлиб, аксари Тошкент шаҳри ва вилоятига тўғри келмоқда.

Нега расмий статистикада ўлим кам?

Озодлик бундан аввал ҳам, жойлардан олинган маълумотларга таяниб, коронавирусдан ўлим ҳолатлари яширилгани ва расмий статистикада акс этмаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Жумладан, Бухоро ва Хоразм вилоятларида Озодлик билан суҳбатда бўлганлар коронавирус сабаб қазо қилган қариндошларининг ўлим ҳолатини қайд этиш ҳақидаги гувоҳномасига "пневмония" ташхиси ёзилганини айтишган.

Навоий вилоят Соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи мулозим томонидан Озодликка тақдим этилган ҳужжатлар бу ҳудудда COVID-19 вирусга чалинганлар сони расмий статистикадан бир неча баравар кўплигини кўрсатган.

Маҳаллий расмийлар айрим ўлим ҳолатларининг расмий статистикада акс этмаётганини Covid-19 эпидемияси қурбонларини ҳисобга олишнинг Ўзбекистонда қўлланилаётган методикаси билан изоҳлашади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 7 ноябрь куни соат 10:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 68 367 кишига етган.

Касаллик оқибатида вафот этганлар сони 581 нафар.


"Озод микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.

XS
SM
MD
LG