Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:41

Тоғли Қорабоғда тўқнашувлар давом этмоқда. Оташкесим тақдири хавф остида


Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев . Мюнхен шаҳри, 2020, 15 февраль.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев . Мюнхен шаҳри, 2020, 15 февраль.

БМТ бош котибининг ўт очишни тўхтатиш чақириқларига қарамай, айирмачи Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда. Бу эса 18 октябрда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишуви тақдирига хавф солмоқда.

17 октябрда эълон қилинган оташкесим 27 сентябрь куни бошланиб кетган ҳарбий тўқнашувларни тўхтата олмаяпти.

Этник арманлар бошқарувидаги Тоғли Қорабоғ расмийлари 20 октябрь куни Озарбайжон артиллерия ҳужумларини давом эттирганини билдирди.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ҳам бур неча ҳудудда, жумладан, Тоғли Қорабоғни Озарбайжондан ажратиб турувчи «Алоқа линияси» бўйлаб шиддатли жанглар давом этаётганини билдирди.

Бугунга қадар тўқнашувлар юзлаб одам умрига зомин бўлди. Бу кетишда можаро гуманитар бўҳрон келтириб чиқариши ҳақида хавотирлар кучаймоқда.

19 октябрь куни айирмачи Тоғли Қорабоғнинг етакчилари бугунга қадар 729 аскар ҳамда 37 нафар оддий фуқаро нобуд бўлганини билдиришди.

Озарбайжон эса 61 нафар оддий фуқаро ҳалок бўлганини, 282 нафар одам жароҳат олганини билдирди. Расмий Боку ҳарбий йўқотишларини очиқлагани йўқ.

Озарбайжон жангларда янги ҳудудларни қўлга киритганини, Арманистон эса Озарбайжон ҳужумларини қайтарганини ва вазиятни назорат қилаётганини иддао қилмоқда.

19 октябрь куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳамда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Россиянинг ТАСС агентлигига алоҳида-алоҳида интервью бериб, Москвада музокара олиб боришга тайёр эканликларини изҳор қилишди.

Бу орада БМТ Хавфсизлик кенгаши Арманистонни ва Озарбайжонни ўт очишни тўхтатишга чорлади. Аввалроқ ташкилот бош котиби Антонио Гутерриш тарафларни битим шартларига амал қилишга чорлаб, оддий фуқаролар нишонга олинаётганини кескин қоралаган эди.

Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензянинг айтишича, Хавфсизлик кенгаши аъзолари оташкесимга амал қилинаётганини тасдиқлаш механизмини йўлга қўйишни муҳокама қилишган. Небензя бундай механизмни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) йўлга қўйиши мумкинлигини айтди.

AFP агентлигининг хабар қилишича, айни дамда Хавфсизлик кенгашига етакчилик қилаётган Россия тарафларни оташкесимга амал қилишга чорловчи билдирувни ҳозирламоқда.

Билдирувда Арманистонни ва Озарбайжонни Минск гуруҳи доирасида музокараларни давом этишга чақирилиши кутилмоқда. ЕХҲТ ташаббуси остида тузилган Минск гуруҳи икки мамлакатни можарога тинч ечим топишга ундаб келмоқда. Гуруҳга Франция, Россия ва Қўшма Штатлар етакчилик қилади.

Ўтган ҳафтада Россия воситачилигида эришилган битим можарони тўхтата олмади.

Ҳудуд айни дамда 1994 йилда Озарбайжон ва Арманистон қонли урушни тўхтатишга келишиб олганидан буён энг шиддатли тўқнашувларга саҳна бўлмоқда.

Халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган Тоғли Қорабоғни 1994 йилдан бери Арманистон дастаклаб келаётган этник арманлар бошқариб келади.

Сўнги тўқнашувлар можарога Озарбайжоннинг яқин ҳамкори Туркия ҳамда Арманистон билан бир қаторда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо бўлган Россия аралашишига туртки бўлиши ҳақида хавотирларга сабаб бўлмоқда

XS
SM
MD
LG