Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:23

Нозим Тўлахўжаев: Ўзбек мультфильм санъатини бўйнига тош бойлаб чўктиришди


Нозим Тўлахўжаев
Нозим Тўлахўжаев

Ўзбек анимацияси асосчиларидан бири, 69 яшар режиссёр Нозим Тўлахўжаев Озодлик билан 19 октябрь кунги суҳбатда “кинонинг бугунги раҳбарияти ўзбек мультфильм санъатини буткул йўқ қилишга киришди” дея хавотир билдирди.

Бундан олдин Ҳамидулла Маҳмудхўжаев¸ Нилуфар Қудратуллаева¸ Фаина Митугулина каби “Анимацион фильмлар студиялари" ДУК ижодий жамоасининг ўндан зиëд мультипликаторлари “Ўзбеккино” раҳбариятини авторитаризм¸ ғоя ўғирлаш¸ ëлғон тарқатиш¸ плагиат ва соҳага волюнтаристик аралашувда айблаб очиқ хат чиқаришган эди.

Озодликда нусхаси бўлган бу хатда президент Мирзиëев ташаббуси билан тузилиб Ўзбекистон халқ артисти Обид Асомов илк раҳбар бўлган “Анимацион фильмлар студиялари" ДУК “йўқ бўлиб кетиш арафасида” турганлигидан шикоят қилинади.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги матбуот хизмати вакили Нозим Сафарий Озодлик билан 19 октябрь кунги суҳбатда¸ шикоятчиларнинг талаби асоссиз эканини таъкидлади

Мулозимга кўра¸ мультфильм яратиш учун етарли маблағ ажратилган ва соҳага катта эътибор берилмоқда:

“Жорий йилда “Ўзбеккино” 5,2 млрд сўм сарфлаб, 11 та мултьфильм суратга олди. Шундан 3,4 млрд сўмни 2020 йил 1 октябргача бўлган ҳолатда «Анимацион фильмлар студияси» давлат унитар корхонаси олган.

Режиссёр Нозим Тўлахўжаев Озодлик билан 19 октябрь кунги суҳбатда бу рақамларнинг бу йилга алоқаси йўқлигини айтди:

“Ëлғон бу. Бизга ўтган йилдан қолган ойликларни бу йил беришди. Уч ойлаб ойлик олмаганмиз. Бутун бир йил мобайнида мен 27 миллион сўм ойлик олибман. Шуни юзимга солишди. Бу ойига 150 доллар пул дегани. Кўпми шу?"Анимацион фильмлар студиялари" ДУКнинг 30 нафар режиссёри, рассоми ва аниматори ишсиз, тирикчиликдан маҳрум бўлиб, ишсиз қолди! Ва бу бир йилдан бери давом этмоқда! Пандемия пайтида бу фалокат! Аммо уларнинг оилалари, ёш болалари, кекса ота-оналари бор ва уларни боқиш ва қўллаб-қувватлаш керак”.

Тўлаҳўжаевнинг яна айтишича¸жорий раҳбарият волюнтаризми ортидан талантли рассом ва санъаткорлар студияни бирин кетин тарк этган:

“Оқибатда ўзбек анимациясига тузатиб бўлмайдиган зарар етказилди. Аммо “Ўзбеккино” раҳбари учун ижодкорлардан кўра¸ пул муҳим! Кино раҳбари бизга қараб “Ўтмишда суратга олган нарсаларингизни унутинг. Энди сизнинг фильмларингиз пул ва фақат пул келтириши керак!" деб турибди. “Ўзбеккино” раҳбари жаноб Абдухолиқов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис йиғилишида биз ҳақимизда айтган гапини эсдан чиқариб қўйди менимча."Ким санъат соҳасига фақат пул топиш учун, фақат иқтисодий фойда олиш учун кирса, у фаровонлик, тадбиркорлик ва бизнес соҳасига кирсин” деган эди президент".

Мультфильмда шоҳ фақат ижобий бўлсин деган шарт қўйилди

Тўлахўжаевга кўра¸ “Ўзбек анимация санъатини бўйнига тош бойлаб дарëга отишган”:

“Бир эмас, тўртта тош боғлаб чўктиришмоқда бизни. Шу тошлардан учтаси пулсизлик бўлса биттаси цензура”.

Совет пайтида америкалик ëзувчи Рэй Дуглас Брэдбери асари асосида мультфильм яратиб халқаро совринлар олган Тўлахўжаев бугунга келиб ўзбек анимация санъатини бўғаëтган иллатлардан бири цензура дея ташвиш билдирди:

“Ҳозир мен Брэдбери асари асосида фильм оламан десам булар маънавият рамкасини кўтариб келиб йўқ мумкин эмас дейди. Фильмда Моцарт ëки Шопен мусиқасини ишлатсам йўқ мақом қўшиқлари бўлсин дейди. Фильмда ит мушукни таласа ëвузликни тараннум қилдинг дейишади. Энг катта чеклов шоҳ образига. Шоҳ образи ҳеч бир шаклда салбий бўлмаслигини шарт қилиб қўйишган. Шоҳ аҳмоқ¸каллаваранг ëки золим бўлиши мумкин эмас бугунги рахбарлар назарида. Аммо бу мантиққа зид Барча эртакларда золим ва тентак шоҳлар тасвирланган. Бундай цензурани мен совет даврида ҳам кўрмаганман”.

Обид Асомов
Обид Асомов

Мультипликаторларнинг жамоавий шикоятида (Озодликда нусхаси бор) студиянинг илк раҳбари Обид Асомов бошлаган ишлар барбод бўлганидан ташвиш билдирилади:

“Студиянинг биринчи директори Ўзбекистон халқ артисти Обид Асомов эди. Унинг раҳбарлиги остида студия жадал ривожланди. Асомов нафақат ажойиб рассом, балки миллий анимация ва унинг ишчилари тақдири билан шуғулланган ақлли ва истеъдодли раҳбар эди. Унинг қўл остида ажойиб фильмлар яратилди. Ёш аниматорлар, рассомлар ва режиссёрларни тайёрлаш учун ўқув курслари ташкил этилди. Аммо, афсуски, буларнинг барчаси унинг ўлими ортидан ва “Ўзбеккино”га тайинланган янги раҳбар ҳаракатлари боис барбод қилинди” .

Расмий муносабат

“Ўзбеккино” матбуот хизмати вакили Нозим Сафарий эса бу иддаолар асоссиз эканлигини айтади. Унга кўра¸ «Ўзбеккино» МА раҳбарияти томонидан кино саноатини ислоҳ қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида турли эътирозлар бўлиши табиий хол:

“Анимацион студияда, мана неча йилки, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик йўқлиги, вақти-вақти билан жанжал ва хатбозлик авж олишидан афсусдамиз. Бироқ Ўзбекистондаги аниматорлар орасида ислоҳотларни қўллаб-қувватловчиларининг сони, юқорида кўрсатилган мактубга имзо чекувчиларга қараганда, бир неча марта кўплигидан хурсандмиз. Шу муносабат билан мазкур мурожаатни имзолаган гуруҳ жамоатчиликка ўзини «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК аниматорлари жамоаси» деб тақдим этиши тўғри эмас, деб ҳисоблаймиз”.

Матбуот хизмати вакилига кўра, «Анимацион фильмлар студияси» ДУК томонидан яратилаётган, бунинг учун улкан давлат маблағлари сарфланаётган қисқа метражли анимацион фильмлар афсуски, Ўзбекистон ёш томошабинлари эътиборини жалб қила олмаяпти”.

Ўзбек анимация санъат тарихи

1965 йилда «Ўзбекфильм» студиясида режиссёр Дамир Салимов “6х6 квадратда" деган мультфильмни суратга олди. Ўзбекистон кино тарихида илк мультфильм сифатида қолган асар қўғирчоқларнинг механик ҳаракатига асосланган эди.

Илк чизилган мультфильм 1969 йили суратга олинди. “Жасур чумчуқ” асари ўз даври учун илғор технология асосида суратга олинган эди.

1970 йилда “Ўзбекфильм”да мультфильм устахонаси ташкил қилинди. Нозим Тўлахўжаев суратга олган “Чўлдаги кўл” мультфильми бу студия яратган илк асар бўлди.

Кейинчалик Нозим Тўлахўжаев рассом Сергей Алибеков билан яратган “Майин ëмғир ëғади”¸ “Микс” каби асарлар ўзбек анимация санъати дурдонаси ўлароқ тарихга кирди.

2018 йилда Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг фармони асосида “Анимацион фильмлар студияси” ДУК ташкил қилиниб, унга таниқли хажвчи Обид Асомов раҳбарликка тайинланди. Обид Асомов ўлими ортидан студия молиявий ва мафкуравий муаммолар гирдобида қолгани айтилди.

XS
SM
MD
LG