Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:39

"Фарғона тонг отгунча": Мирзиёевга "мослаштирилган" Ҳазиний сағанаси асл қиёфасини йўқотди


Учкўприкдаги таъмир қилинган Ҳазиний обидаси
Учкўприкдаги таъмир қилинган Ҳазиний обидаси

Шоир ва тасаввуф шайхи Ҳазиний Хўқандий (асл исми Зиёвуддинхон Каттахожа ўғли Ҳазиний тўра - 1867-1923)нинг Фарғонадаги чиллахонаси 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган таъмирдан кейин, мутахассисларга кўра, асл ҳолатини йўқотди.

Асли ўзбекистонлик рассом, Россия дизайнерлар жамияти аъзоси Акмал Ризаевнинг Озодликка айтишича, у Ҳазинийниг Учкўприк тумани Катта Кенагас қишлоғидаги уй-музейини бориб кўргач, “қайта тиклашда оригинал обида унсурлари йўқотилгани"га гувоҳ бўлган.

Рассомнинг фикрини тошкентлик меъмор ва мунаққид Абдумалик Турдиев ҳам тасдиқлайди.

Акмал Ризаевга кўра¸ совет даврида меъморий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган чиллахона¸қабр— мақбара ва унинг атрофидаги обидалар таъмир пайтида "аслиятдаги қиёфасини йўқотган".

Ҳазиний васф қилган водий
Ҳазиний васф қилган водий

Ўзбекистон маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти раҳбарининг ўринбосари Фазлиддин Давлетов 15 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда Ҳазиний мақбараси атрофидаги меъморий обидалар “аслидан тиклаш” шаклида таъмир қилинганлигини билдирди.

Унга кўра¸ Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси Ҳазиний қабри атрофидаги обидаларни илмий ëндашган холда¸ "имкон қадар аслиятга уйғун шаклда" таъмир қилган.

Тошкентлик меъмор ва мунаққид Абдумалик Турдиев танишган ҳужжатларда Мақбара ва уй-музейни капитал таъмирлаш ҳамда экспонатлар билан бойитиш учун давлат бюджетидан 1 млрд. 200 млн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Расмий матбуотдаги хабарларда ҳам худди шу рақам келтирилади.

Аммо Турдиевнинг айтишича, расмий ҳужжатларда бу маблағ етмай қолгани ва яна 600 млн сўмлик ишлар бажарилгани акс этган.

Ҳазиний зиёратгоҳи манзаралари акс этган фотогалерея билан мана бу ерда танишишингиз мумкин:

Меъмор ва мунаққид таъмир бўйича Маданий мерос департаменти илмий кенгаши баëнномаси йўқлигига ҳам эътибор қаратди.

Обидани бориб кўрган Озодлик мобил мухбири Ҳазиний ëтган сағана президент Мирзиёев ташрифига мўлжаллаб, аниқроғи, унинг бошқа ўхшаш зиёратгоҳлардаги каби ўтириб, дуо қилиши учун жой очиш мақсадида кесиб, кичрайтирилганини аниқлади.

Фарғона тонг отгунча

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти раҳбари ўринбосари Фазлиддин Давлетовга кўра¸ Ҳазиний уй-музейи Ўзбекистон президенти топшириғига биноан таъмирланиб, унинг атрофида ободончилик ишлари олиб борилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил июнь ойида Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Ҳазиний уй-музейини таъмирлаш” бўйича топшириқ бергани ҳақида Ўзбекистон 24 телеканали хабар берган эди.

Президент Ҳазиний ҳақида гапира туриб, "Мумтоз адабиëт вакиллари ҳақида Фарғона тонг отгунча гапириш мумкин", деган эди. ("Фарғона тонг отгунча" - Ҳазинийнинг машғур ғазали - таҳр)

Зиëратгоҳ кираверишига ҳам президентнинг ушбу сўзлари ëзиб қўйилган.

Олтиариқ туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнининг Озодлик танишган 122-бандида “Катта Кенагас қишлоғидаги Ҳазиний уй-музейини қонуний асосда йўлга қўйиш, шу ерда жойлашган Ҳазиний мақбарасини ободонлаштириш муҳим вазифа” сифатида белгиланган.

Мақбара президентга мослаштирилди

Озодлик мобил мухбири 15 октябрь куни меъморий обидани бориб кўрди ва таъмирни амалга оширган маҳаллий усталар билан суҳбатлашди.

Маҳаллий усталардан бирининг сўзларига кўра, "ҳаммаси бузилиб, бошқатдан қурилган".

"Бузилиб кетди ҳамма нарса. Бошқатдан қурилди. Чиллахона бузиб, қайтадан қурилди. Лекин ўша бузилган чиллахонадан чиққан "мусулмон ғиштлар" (16-18-асрлар оралиғида масжид ва мадрасалар қурилишида ишлатилган ва кейинчалик "Николай ғишти"дан фарқлаш мақсадида халқ тилида қўлланган ибора -таҳр.) ишлатилди. Мақбара ичидаги қабр тоши деворга жуда яқин турган. Ички девор билан қабр сағанаси орасида бир қарич жой бор эди. Президент келади дейилганда¸кириб ўтирадиган жой йўқ экан. Президент келишига ўша хонани чиройли қилиб безаб, қабр сағанасини кесиб, қисқартиришди. Президент келса, ўтирадиган қилиб мослаштиришди. "

Ҳазиний зиëратгоҳи киришидаги янги тикланган дарвоза четидаги мармар лавҳага Шавкат Мирзиëев сўзларидан иқтибос битилган.

Аммо тайëргарликларга қарамасдан, президент зиёратгоҳга бормаган.

Илмий кенгашдан берухсат “Евроремонт”қилинган

Ушбу таъмир жараëнида бевосита қатнашган Маданий мерос департаменти мулозими Озодликка баъзи тафсилотларни айтиб берди.

Исми ошкор этилишини истамаган мулозимга кўра, таъмир пайтида вилоятнинг ўша пайтдаги ҳокими Шуҳрат Ғаниев меъморий обидани, унинг таъбирича, "ўз дидига мослаб евроремонт қилдирган" ва департамент ходимлари эътирозига қулоқ солмаган.

“Ҳазиний уй-музейи, чиллахонаси Фарғона ҳокими томонидан ўзбошимчалик билан, Маданият вазирлиги қошидаги Илмий–эксперт кенгаши қарорисиз таъмирлатилди. Айниқса, чиллахона ўта бачкана тарзда таъмирланди. Маълумки, чиллахона форс тилида – қирқ кун тоат-ибодат қилиш жойини англатади. Чиллахонадаги ибодатдан чалғитмаслик учун бу маскан ҳар қандай тасвир ва нақшлардан холи бўлмоғи даркор. Бу ерда сўфий алломалар чилла, рўзи сақлаб, ибодат ва дуо билан машғул бўлганлар, янада покланиб, янги даражаларга етганлар. Ҳазиний сўфий шоир, аллома. Унинг чиллахонаси Ўрта Осиё ва умуман, Ислом оламидаги бошқа чиллахоналар каби ҳеч қандай безаксиз, оддий кўринишдаги ер ости хонасидан иборат бўлган. Ҳоким эса, уни ўзининг савиясида гуллар, нақшлар тушириб, таъмирлаттирди. Объект атрофига милиция қўйиб, Маданият вазирлиги вакилларини яқинлаштирмади. Эътироз билдирган мутахассисларни қаматиш билан қўрқитди. Аслида, маданий мерос объектига нисбатан вандализмни содир қилди. Яъни қадимий бинони аслиятидан мосуво қилди. Таъмирга оид тегишли лойиҳа бўлмаган. Маданият вазирлиги тегишли рухсатни бермаган. Оқибатда, обиданинг тарихий аҳамиятига путур етди.”

Расмий муносабат

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти раҳбарининг ўринбосари Фазлиддин Давлетов эса, таъмир натижасидан "қониққанлиги"ни айтади.

“Албатта, камчиликлар бўлган. Ҳаммада ҳам камчилик бор. Лекин мана уйингиз йиқилса, қараб турмайсиз-ку. Дарров тиклайсиз. Том ëпасиз. Ҳазиний музейи ташландиқ жой, хароба қабристон эди. "Аслига уйғун" деган услубда қайта тикланди. Италия¸Грецияда обидаларни вайрона шаклида консервация қилинади, деяпсиз. Тўғри, лекин уларники тошдан бўлган. Бизники кесак ва лойдан. Тикламаса, обидадан жудо бўламиз. Ҳазиний меъморий обидаси имкон қадар аслига яқин шаклда тикланди”, - дея таъкидлайди мулозим.

"Агар ўлса, ани ҳолиға гўр ичра кафан йиғлар..."

Асли номи Зиёвуддинхон Каттахожа ўғли Ҳазиний тўра бўлган шоир Ҳазиний Қўқондаги Жомеъ мадрасада таҳсил олган.

Тасаввуфшунос олим Нажмиддин Комиловнинг ëзишича, Ҳазиний тасаввуф таълимоти билан изчил шуғулланиб, 30 ёшида муршидидан иршод (тариқат раҳнамолигига изн) олган.

«Ҳазиний тўра» ва «Эшонбува» номлари билан машҳур бўлган шоир даврининг етук қодирия тариқати шайхи сифатида эътироф этилади.

Ҳазиний шеърлари 1910—15 йилларда Тошкентнинг Орифжонов, Портсев ва Лахтин матбааларида «Баёзи Ҳазиний» номи билан нашр этилган.

«Баёзи Ҳазиний»нинг тошбосма нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланади.

Совет даврида Ҳазиний номида жамоа хўжалиги, боғ, мактаб, кутубхоналар мавжуд эди.

Ҳазиний номини абадийлаштириш мақсадида 1995 йилда у яшаб ижод қилган Катта Кенагас қишлоғида музей ташкил этилган.

Ҳозирда Канадада яшаëтган адабиëтшунос олим Абдувоҳид Ҳайитнинг Озодликка айтишича¸“Ҳазиний, бу - Огаҳий ва Машрабга уйғун оҳангларда равон мисралар ëзган тасаввуф куйчисидир”.

"Тасаввуфсиз бирор бир мумтоз ўзбек адабиёти вакилини тасаввур қилиш қийин. Ҳазиний тасаввуф илмининг чуқур билимдони, ана шу азалий ҳақиқатларни нафақат билган, балки уларни яшаган мутассаввуф шоир бўлганлиги учун унинг шеърлари ўта самимий. Машраб, Огаҳий шеърларидай равон ўқилади. Шунинг учун Ҳазинийнинг содда ва бадиий етук, айни пайтда чуқур фалсафий шеърлари севиб ўқилган, уларга куйлар басталанган", - дейди адабиётшунос олим.

Абдувоҳид Ҳайитга кўра¸Ҳазинийнинг мана бу байти шоир ўтган тариқат ва ҳақиқат йўлининг мухтасар ифодасидир:

"Тирикликда Ҳазиний, ҳар киши фикрини қилмабдур,

Агар ўлса, ани ҳолиға гўр ичра кафан йиғлар..."

XS
SM
MD
LG