Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:37

Қирғизистон: Намойишчилар президент Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилишмоқда


Бош вазир Садир Жапаров (чапда) президент Сўўрўнбай Жээнбеков билан музокара олиб бормоқда.
Бош вазир Садир Жапаров (чапда) президент Сўўрўнбай Жээнбеков билан музокара олиб бормоқда.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков мамлакат парламентига қайта сайлов ўтказилиб, янги президентлик сайлови муддатини эълон қилганидан сўнггина истеъфо беради. Бу ҳақда 14 октябрь куни президент матбуот хизмати маълум қилди.

Президент 4 октябрда ўтган парламент сайловидан сўнг бошланиб кетган норозилик намойишларида унинг ҳокимиятдан кетиши талаб қилинганига жавобан, вазият барқарорлашгач истеъфо беришини билдирган эди.

Қирғизистоннинг янги Бош вазири Садир Жапаров ҳам ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида президент билан гаплашгани ва у уч кун ичида истеъфо беришини айтган.

Президент ва Бош вазирнинг 14 октябрдаги учрашувида ҳам муҳокама қилинган масалалардан бири Сўўрўнбай Жээнбековнинг истеъфога кетиши бўлди.

Президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг матбуот котиби Тўлгўнай Стамалиева президент сиёсий кучлар билан бўлган учрашувларида истеъфога кетиш муддатини айтмаганини билдирди:

“Бугун (14 октябрь) президент Сўўрўнбай Жээнбеков Садир Жапаров билан учрашиб, сўзлашувлар олиб борди. Учрашувда премьер-министр “президент бугун кечқурун истеъфо бериши керак”, деган талабни қўйди. Президент Сўўрўнбай Жээнбеков айни пайтда юзага келган вазиятда давлат раҳбари лавозимини тарк эта олмаслигини, истеъфо берса мамлакатга зиён келтирувчи кутилмаган ҳолатлар юзага келиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади”.

Тўлгўнай Стамалиева президент истеъфога чиқиш тўғрисида 9 октябрда берган ваъдасини бажаришини, бироқ мамлакат парламентига қайта сайлов ўтказилиб, янги президентлик сайлови муддатини эълон қилиганидан сўнггина истеъфо беришини айтди.

Айни пайтда Бош вазир Садир Жапаров 14 октябрь куни президент билан учрашувдан сўнг Ҳукумат уйи олдига йиғилган ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилиб, Сўўрўнбай Жээнбековга 15 октябрь соат 11гача муҳлат беришни илтимос қилган.

“Сўзлашувларнинг охирги босқичи қолди. Эртага соат 11 гача муҳлат сўраб, сизларнинг олдингизга келдим. Сўзлашувлар давом этади. Президент кетади. Эртага соат 11 гача уйларингизга тарқалинглар. Агар эртага ҳам натижа бўлмаса, мен ўзимдан масъулиятни соқит қиламан”,-деди Жапаров.

Сўнгги хабарларга қараганда, Бишкек вақти билан соат 11:30 ҳолатига кўра, президент ва Бош вазир сўзлашувлари давом этаётгани ҳақида ишончли манбалар Озодлик радиоси қирғиз хизматига маълум қилди. Бироқ бу маълумот ҳозирча президент матбуот химзати томонидан расман тасдиқланмади.

Бишкек вақти билан соат 13га яқин Садир Жапаровнинг матбуот котиби Бош вазир соғлиғи туфайли 15 октябрь куни президент билан учраша олмаганини ва учрашув номаълум муддатга қолдирилганини маълум қилди.

Садир Жапаров 4 октябрда ўтган парламент сайлови ортидан бошланиб кетган норозилик намойишлари ортидан 5 октябрь куни Оқ Уй ва Миллий хавфсизлик хизматини забт этган намойишчилар томонидан қамоқдан озод этилган эди.

У 2017 йилнинг мартида 11,5 ярим қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Жапаров 2013 йилнинг октябрида Қорақўл шаҳрида «Қумтор» олтин конига қарши намойишлар давомида вилоят ҳокимини ўғирлаб кетиб, асир олишда айбдор деб топилган.

Орадан бир кун ўтиб Жапаров 30 нафар депутат тўпланган меҳмонхонада бош вазир лавозимига номзод ўлароқ кўрилаётган эди.

Мажлисда кворум бўлмагани аниқ – кворум бўлиши учун йиғинда 61 депутат қатнашиши керак. Жапаровнинг бош вазир этиб тайинланганини унинг тарафдорларидан бошқа ҳеч ким тан олмади.

10 октябрь куни Бишкек ташқарисидаги президент резиденциясида яна бир парламент мажлиси ўтказилди.

Кун тартибидаги асосий масала - Жапаровни бош вазир этиб тайинлаш эди. Депутатлар бу ташаббусини қўлладилар.

Аммо 13 октябрь куни Жапаров ва унинг тарафдорлари учун вазият салбий томонга ўзгарди. Президент Жээнбеков депутатларнинг Жапаровни бош вазир этиб тайинлаш қарорини рад этди.

14 октябрь куни мамлакат парламенти кворум билан йиғилди ва Садир Жапаровни Бош вазир лавозимига сайлади.

4 октябрда ўтган парламент сайловида ҳукуматпараст партияларнинг ғалаба қозонгани эълон қилингани ортидан мухолифат тарафдорлари оммавий норозилик намойишларига чиқишган эди.

Вазият кескинлашган кунларда пойтахтни талончилар ва турли жиноятчилардан асосан ёшлардан иборат “Халқ қўшини” ҳимоя қилди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG