Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:27

Шакар заводлари омборидаги захира тугаши арафасида нарх яна кескин кўтарила бошлади


Ўзбекистонда шакар тақчиллиги ва қимматчилиги кўп кузатиладиган ҳолат ва мустақил таҳлилчилар бу ўзгарувчанлик учун монополистларни айблаб келади
Ўзбекистонда шакар тақчиллиги ва қимматчилиги кўп кузатиладиган ҳолат ва мустақил таҳлилчилар бу ўзгарувчанлик учун монополистларни айблаб келади

Ўзбекистондаги икки йирик шакар ишлаб чиқарувчи - “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” заводлари омборидаги захира тугай бошлаши ортидан шакар нархи қимматлади.

Сентябрь ойида “Ангрен шакар” омборидан кунига 1000 тонна маҳсулот биржада савдога қўйилган бўлса¸ 6 октябрга келиб бу кўрсаткич 240 тоннага тушди; кунига 500 тонна шакар таклиф қилиб келган “Хоразм шакар” эса, кейинги икки кун ичида савдога атиги 15 тонна маҳсулот қўйди.

Жорий йилнинг 4 июлидан бошлаб Бразилиядан импорт қилинадиган шакарқамишга қарам бўлган бу иккала корхона¸ “хомашë таъминотидаги узилиш" важидан ишлаб чиқаришни тўхтатган эди.

Айни пайтда шакар заводи ишчилари президент қарори билан тайëр шакар импортининг йил охиригача барча бож ва солиқлардан озод этилгани¸ импорт хомашëга эса бундай имтиëз берилмагани ўзларини касод қилганини айтиб келмоқда.

Биржада нарх кўтарила бошлади

6 октябрь куни республика товар-хомашë биржасида "Хоразм шакар" заводида ишлаб чиқарилган бир тонна шакарнинг бошланғич нархи 7 100 500 сўмга¸ "Ангрен шакар"ники эса¸ 6 312 777 сўмга баҳоланди.

6 октябрь кунги савдо нархлари.
6 октябрь кунги савдо нархлари.

Биржада шакар баҳосининг мунтазам кўтарилиши бошланган 18 сентябрга қадар иккала завод шакари нархи тоннасига 5 900 000 сўм атрофида бўлган ва кейинги икки ҳафта ичидаги қимматлаш бир миллион сўмдан ошиб кетди.

«Ўзим тадбиркорлик билан шуғулланаман. Биржа орқали савдо қиламан. Шакарнинг нархи кундан-кунга ошиб кетяпти. Нарх кўтарилиши билан “Ангрен шакар” ҳам¸ "Хорам шакар" ҳам биржадаги объёмни қисқартириб қўйди ва натижада дефицит юзага келди.

Ангрен шакари биржада 17065 контракт рақами билан савдога қўйилади. Минимал тан нархи 5,780,000 сўм эди. Ким ошди савдоси бу¸ ким қиммат урса¸ шу ютиб олади. Авваллари “Ангрен шакар” бир кунда 1000 тонна савдога қўярди ¸ сотилмасдан¸ ортиб қоларди. Ҳозир кунига 240 тоннага тушди. Таклиф талабни қондиролмайдиган даражада камайди ва нарх сакради”¸ деб ëзди Озодликка тадбиркорлардан бири.

Айни пайтда масофа узоқлиги учун Ангрен шакаридан қимматроқ сотиладиган "Хоразм шакар" 5 октябрдан бошлаб аввалги 500 тонна ўрнига атиги 15 тонна маҳсулотни сотувга қўйган.

Бунинг оқибатида шакар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорга кўра¸ истеъмолчига таклиф қилинаëтган нарх ҳам сезиларли равишда кўтарила бошлаган.

6 октябрь кунги "Ангрен шакар" маҳсулоти нархи
6 октябрь кунги "Ангрен шакар" маҳсулоти нархи

Мисол учун¸ килосини биржадан 7000 сўмдан олсангиз¸ 150 сўм йўлкира – юклаб-туширишга тўлайсиз¸ упаковка қиласиз¸ фойда кўриш учун уни камида 8000 сўм сотиш керак бўлади. Бугун бозорга чиқсангиз¸ 1 кг Анрен шакари 8000 сўм бўляпти. Импорт шакар эса йўқ”¸ деди Озодлик гаплашган шакарчи тадбиркор.

Республика товар-хомашë биржасидаги шакар нархига оид кейинги бир ойлик маълумот¸ талаб ва таклифда номутаносиблик пайдо бўлгани ва шу боис нархларнинг мунтазам оша бошлаганини тасдиқлайди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи омборидаги заҳира тугаш арафасида

Республика товар-хомашё биржаси онлайн платформасида фақат икки маҳаллий ишлаб чиқарувчи – “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” заводлари маҳсулоти савдога қўйилади.

Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 690 минг тоннани ташкил қилувчи бу иккала маҳаллий шакар заводи 4 июлдан бошлаб ишлаб чиқаришни тўхтатган. Кейинги уч ой давомида биржага қўйилган шакар бу иккала завод омборхонасида тўпланган заҳира маҳсулотидир.

Заводлар ëпилиши ортидан «Ангрен шакар» бош директори Рустам Акбархўжаев ва «Хоразм шакар» бош директори Умиджон Комилов маҳаллий матбуотда қўшма баёнот эълон қилган эди.

«Чет эллик шериклар билан хомашё масаласини ҳал қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Яқин кунларда иккала завод ҳам тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди», дейилган бу баëнотда.

Ушбу баëнотдан уч ой вақт ўтди¸ аммо ҳозиргача хомашë импортидаги муаммо ҳал этилмади ва ишлаб чиқариш йўлга қўйилмади.

6 октябрь куни Озодлик боғланган “Ангрен шакар” заводи мулозимлари¸ захирадаги шакарнинг “таги кўриниб қолгани” учун биржага чиқарилаëтган шакар миқдори кескин қисқартирилганини билдирди.

“Хоразм шакар” вакили эса¸ кейинги икки кун ичида бу завод омборидан биржага шакар чиқариш деярли тўхтаб қолганини айтди.

Расмий манбалар июль ойида иккала корхона омборларида жами 47 тонна шакар борлиги ва ишлаб чиқариш қайта йўлга қўйилгунча¸ биржадаги савдо мунтазам давом этажаги¸ тақчиллик бўлмаслигини билдирган эди.

Маҳаллий шакар заводлари ëпилишининг асл сабаблари нима?

Июль ойида ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлган «Хоразм шакар» ва «Ангрен шакар» заводи раҳбарлари¸ хомашë импорти билан боғлиқ муаммоларни тилга олган¸ аммо унинг тафсилотини очиқламаган эди.

Бу жараëндан яхши хабардор маҳаллий кузатувчи¸ шунингдек, шакар заводининг шахсини очиқлашни истамаган ишчиларига кўра¸ жорий муаммо илдизи президент Шавкат Мирзиëев 3 апрель куни чиқарган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга бориб тақалади.

Унда 2020 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистонга ҳеч қандай божхона божисиз ва акциз солиғисиз олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига тайёр шакар киритилгани ҳолда шакар хомашёси киритилмаган.

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган шакар бозоридаги вазиятдан яхши хабардор мулозим¸ бу фармон ортида янги шакар монополистлари ва уларнинг лоббичилари турганини иддао қилди.

«Бу ерда амалдорлар Президентимизни алдаш орқали ўзларининг чўнтакларини ўйлашган. Бу ўйинга жуда кўпчилик амалдорлар бош қўшган. Каримов даврида Ўзбекистонга шакар бозори Мираброр Усмоновники бўлса¸ Мирзиëев даврида бу ҳудуднинг ҳокимият тепасидагиларга алоқадор янги эгалари пайдо бўлди. Уларнинг мақсади маҳаллий шакар ишлаб чиқаришни бутунлай издан чиқариш ортидан¸ импорт нархини тўлиқ назоратга олишдир».

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистондаги шакар ишлаб чиқарувчи заводлар хомашë йўқлигидан эмас¸ унинг кескин қимматлагани ва импорт шакар билан рақобат қилиш имкони йўқлигидан ишини тўхтатишга мажбур бўлган.

«Бразилиядан келадиган шакарқамиш Россия орқали транзит қилинади. Россия ҳар тоннасига 180 долларлик транзит олади. Ўзбекистонга киришда бу хомашë яна 20 фоизлик ҚҚС ва акцизга тортилади. Импортчи монополист эса¸ Россия заводларида 3 йилдан бери сотилмай ëтган сифатсиз маҳсулотни бирор бож ва солиқсиз олиб киряпти. Булар Хоразм ва Ангрендаги заҳира тугашини пойлаб турибди. Заҳира тугаши билан импорт шакар нархини ҳам кескин оширишади. Чунки олиб кираëтган асосан битта шахс ва унинг орқасидаги гуруҳ. Маҳаллий шакар захираси тугаши билан истаган нархини қўяди. Улар нархига Монополияга қарши кураш қўмитаси аралаша олмайди»¸ деди Озодлик суҳбатдоши.

Бу мулозим¸ агар яқин кунларда «Хоразм шакар» ва «Анген шакар» заводлари муаммоси ҳал этилиб¸ улар иш бошламаса¸ маҳаллий корхоналарнинг бутунлай ишдан чиқишини таъкидлади.

Монополияга қарши кураш қўмитаси изоҳи

Таркибига истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳам киритилган Монополияга қарши кураш қўмитаси ички бозордаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари¸ хусусан¸ шакар чакана нархини доимий равишда мониторинг қилиб келмоқда.

Озодлик 6 октябрь куни шакар бозорида юзага келган тақчиллик ва нарх ошишига қўмита матбуот хизматидан изоҳ ололмади – кун давомида қилинган қўнғироқларга жавоб бўлмади.

Қўмита расмий сайтида 30 сентябрь куни “ички бозорда ёғ, тухум ва шакар нархлари ошиши сабаблари ўрганилгани” хабар қилинди ва унинг сабабларига изоҳ берилди.

“Қўшни давлатларда ноқулай об-ҳавонинг шакар етиштириш учун зарур бўлган қандлавлаги хомашёси сифатига кескин таъсири туфайли бу йилги ҳосилнинг паст бўлиши кутилмоқда.

Натижада август ойининг бошида 1 кг шакарнинг нархи ўртача 29 рублни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 39 рублни ташкил этмоқда (ўсиш 34 фоиз). Яъни "шакар нархининг ошишига импорт қилинаётган шакарнинг нархи кўтарилиши сабаб бўлган”¸ дейилади қўмита изоҳида.

XS
SM
MD
LG