Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:24

"Президентини "додам" демайди" - ўзбек матбуоти ва тармоқлар Қирғизистондаги воқеалар ҳақида


Бишкекдаги Ала-Тоо майдони, 5 октябрдан 6 октябрга ўтар кечаси, 2020
Бишкекдаги Ала-Тоо майдони, 5 октябрдан 6 октябрга ўтар кечаси, 2020

Парламент сайлови ортидан Қирғизистонда бошланиб кетган норозилик намойишлари ва тартибсизлардан сўнг, Ўзбекистон дарҳол чегара қатновини чеклади.

Ҳозирча, бу расмий Тошкентнинг қўшни давлатда бўлган воқеаларга билдирган илк муносабати бўлиб қолмоқда. Ҳукумат даражасида ҳозирча бирон расмий баёнот янграмади.

Маҳаллий интернет нашрлар расмий манбаларга таяниб хабар тарқатмоқда.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида эса оз сонли фаол блогерларнинг вазиятга жуда босиқ тарзда муносабат билдираётгани кузатилади.

Бу муносабатларда қўшни Қирғизистон ҳаётини остин-устун қилган сўнгги воқеаларнинг президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги “янги Ўзбекистон”га таъсири хусусида ҳозирча ҳеч гап йўқ.

Расмий Тошкент жим

Ўтган тун Қирғизистон пойтахтида юз берган драматик воқеаларга Тошкент расмийлари ҳозирча бирон шаклда муносабат билдирмади.

Аммо ўзбек томони нотинч қўшни давлат билан чегара қатновини чеклашга қарор қилгани ҳақида қирғиз расмийлари тилидан янграган хабар Ўзбекистон томони воқеаларни хавотир билан кузатаётганига ишора қилади.

Бу хабар ҳам Ўзбекистондаги расмий манбаларда акс этмади. Балки, Қирғизистон Давлат чегара хизматига таянган қирғиз матбуоти - АКИpress агентлиги тарқатди.

Хабарда айтилишича, Қирғизистонда парламент сайлови натижаларидан норозиликлар бошланиши биланоқ – 6 октябрга ўтар кечаси ярим тунда Ўзбекистон томони Қирғизистон ва бу давлат орқали борувчи учинчи давлат фуқароларининг мамлакатга киришини чеклаган.

Фақатгина Ўзбекистонда бўлган Қирғизистон фуқаролари ва Қирғизистонда бўлган Ўзбекистон фуқаролари чегарадан ватанига ўтказилмоқда. Аммо, юк ташувчилар ҳаракати ҳозирча чекланмаган.

Қирғизистон Давлат чегара хизматига кўра, 6 октябрь соат 15:00 ҳолатига кўра, икки давлат ўртасидаги чегара барқарор, қирғиз томони қўшинларини давлат чегарасига кучайтирилган тартибда қўриқлаш режимига ўтказган.

6 октябрь Тошкент вақти билан кундузги соат 18га қадар Тошкент томонидан бошқа бирор шаклдаги муносабат кузатилган йўқ. Сиёсий партияларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаол аъзолари ҳам бу воқеалар хусусида сукут сақлаб турибди.

Расмий матбуот ҳам жим

6 октярь, Тошкент вақти билан соат 18га қадар, Ўзбекистон расмий матбуоти, жумладан, ЎзА миллий ахборот агентлиги сўнгги кеча-кундузда Бишкекда бўлган воқеалар ҳақида хабар бермади.

Хусусан, ЎзА агентлиги берган сўнгги хабар, Қирғизистондаги парламент сайлови натижалари эълон қилинганига оид 5 октябрь кунги расмий баёнот бўлди.

Биргина Адлия вазирлиги қошидаги “Инсон ва қонун” нашри муассиси бўлган “hudud24.uz” Интернет сайти бу воқеаларга оид расмий хабарларни 🇰🇬 #Қирғизистон #Live хэштеги остида соатма-соат ёритмоқда.

Норасмий матбуот эҳтиёткорлик ва босиқлик билан ёритмоқда

Ўзбекистондаги расмий ва норасмий интернет нашрлари қўшни давлатдаги воқеани фаол ёритмоқда.

Аммо хабарлар асосан, расмий манбаларга таянган ҳолда, қисқа хронология шаклида берилмоқда.

Интернет тармоғидаги ўқувчилари сони миллиондан ошган Kun.uz, ярим миллиондан ошган Daryo.uz ва Gazeta.uz каби нашрлар расмий хабарлар қатига Бишкекда ўтган тунда бўлган намойишлар ва тартибсизликлар акс этган сурат, расмий идоралар эълон қилган видеоларни ҳам тиркагани кузатилди.

Бироқ бу нашрларда таҳририятлар ва уларнинг шарҳловчилари ёхуд мамлакатда танилган жамоат ҳамда сиёсат арбобларининг муносабатлари ҳозирча кўзга ташланганича йўқ.

Телеграм блогерлари муносабати

Ҳозирча Телеграм тармоғидаги икки канал - Davletov.uz ва bakiroo каналлари муаллифлари бу воқеалардан хавотир изҳор қилди.

Жумладан, Davletov.uz каналида чоп этилган постга қуйида хулоса берилди:

“Умуман, кузатувчиларнинг фикрича, сайловгача бўлган жараён — ташвиқот, сайловолди учрашувлари ва дебатлар жуда яхши, рақобат муҳитида ўтди. Аммо сайлов куни маъмурий ресурс ва пул кўп нарсани ҳал қилди”.

bakiroo канали , ҳукуматга мойил партиялар – “Биримдик”да рўйхатида амалдаги президентнинг укаси Асилбек Жеенбеков борлиги, “Мекеним Кыргызстан” партияси номзодлари орасида "трансчегара божсиз савдо ва махинацияларда айбланган Райим миллион лақабли Райим Матраимовнинг укаси" киритилгани ҳақида ёзди:

"Мамлакат ҳокимиятсизлик бўҳрони ичида қолиши мумкин".

Facebook тармоғидаги баҳслар

Аммо ижтимоий тармоқларнинг оддий фойдаланучилари, Бишкекдаги воқеаларни жуда фаол муҳокама қилаётганини кузатиш мумкин.

Айниқса, Facebook тармоғида “демократия оролчаси" номини олган қўшни давлатдаги воқеалар қизғин муҳокама мавзусига айланган.

Қуйида бу баҳслардаги шарҳлардан баъзиларини ўқишингиз мумкин:

Бишкекдаги тўқнашувлар

4 октябрда Қирғизистонда парламент сайловлари ўтказилган эди. Сайловда 16 партия иштирок этди.

Расмий баёнотга кўра, бу сайловда амалдаги президентнинг укаси Асилбек Жээнбеков номзоди кўрсатилган “Биримдик” ва коррупцияга аралашгани айтиладиган Раимбек Матраимов оиласига мансуб “Мекеним Қирғизстан” партияларининг ҳар бири 24 фоиздан кўпроқ овоз олган.

Учинчи ва тўртинчи ўринларни эса “Қирғизстан” ва “Бутун Қирғизстан” партиялари эгаллаган. Мазкур тўрт партия 120 депутатдан иборат бўлган Қирғизистон янги парламентини шакллантириши лозим эди.

Аммо, сайлов участкалари ёпилиб, натижалар эълон қилиниши биланоқ мухолифат тарафдорлари норозилик билдира бошлади.

5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган 12 партия тарафдорлари Бишкек марказий майдонида митингга йиғилди, сўнгра милиция намойишчиларни куч билан тарқатишга уринди.

Бунинг ортидан тўқнашувлар бошланди ва 6 октябрь тонггача давом этди, норозилар президент маъмурияти жойлашган Оқ Уйни эгаллади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбаларга кўра, кеч соат 24:00 ҳолатига 120 одам турли жароҳатлар билан шифохонага тушган.

Қуйида Бишкекдаги сўнгги воқеалар ривожи билан танишишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG