Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:37

Қирғизистон: Намойишчилар Оқ Уйни забт этди, cобиқ президент Атамбаев озод этилди


Бишкекда парламент сайлови натижаларидан норози намойишчилар Оқ Уйни забт этиши ортидан президент идораси ва парламент биносида ёнғин чиқди.

Хавфсизлик кучлари ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар ортидан собиқ президент Алмазбек Атамбаев қамоқдан озод этилди.

6 октябрь куни эрта соатларда президент Сооронбай Жээнбековнини идораси жойлашган ва парламент - Жокорку Кенеш жойлашган бинонинг учинчи қаватида ёнғин содир бўлди.

Озодлик Қирғиз хизматининг хабар беришича, ўт ўчирувчилар ёнғинни тўхтатишга ҳаракат қиларкан, бино деразаларидан тутун чиқаётганини кўриш мумкин эди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда намойишчилар бинонинг президент идораси жойлашган 7-қаватида хонадан-хонага юраётгани акс этган.

Хоналардан бирида намойишчилар президент Жээнбековнинг девордаги суратини олиб, отиб юборишган.

Намойишчиларнинг бошқа бир гуруҳи давлат телерадиокомпанияси биносини забт этган.

Улар шунингдек, Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси биносига ҳеч қандай қаршиликсиз кириб борганлар.

Бишкекнинг марказий "Ала-Тоо" майдони - 6 октябрь, 2020 йил
Бишкекнинг марказий "Ала-Тоо" майдони - 6 октябрь, 2020 йил

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев Миллий Хавфсизлик Қўмитаси ҳибсхонасидан озод этилган.

Франс-Пресс агентлигининг хабар қилишича, кейинроқ Атамбаев намойишчилар орасида кўринган.

Атамбаев шу йил июнида коррупция айбловлари билан 11 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилганди.

Собиқ депутат Садир Жапаров ҳам қамоқдан чиқарилган ва Бишкек марказидаги намойишчилар олдида чиқиш қилган.

Собиқ бош вазир Сапар Исаков эса Молдовановка қишлоғидаги жазо муассасасидан озод этилган.

Сешанба куни эрталаб мамлакат жанубидаги Ўш шаҳри марказида президент Жээнбеков тарафдорлари намойишга тўпланган.

Хабарларга кўра, намойишчилар олдида президент Жээнбековнинг укаси, парламент депутати Асилбек Жээнбеков чиқиш қилган.

“Sputnik Kиргизия” агентлигининг иқтибос келтиришича, Жээнбеков мамлакатда қонуний йўл билан сайланган президент ва парламент борлигини айтиб, Қирғизистон халқини бирдамликка чақирган.

Қирғиз хавфсизлик кучлари 5 октябрь куни пойтахт Бишкек марказида тўпланган минглаб намойишчиларга қарши резина ўқлар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва ёруғлик ҳамда шовқин тарқатувчи гранаталарни ишлатди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбаларга кўра, кеч соат 24:00 ҳолатига 120 одам турли жароҳатлар билан шифохонага тушган.

5 октябрь куни Бишкек ва яна бир неча шаҳарларда ўн минглаб одамлар якшанба куни ўтган парламент сайловлари натижаларига норозилик билдириш учун кўчаларга чиққан.

Оммавий намойишлар сайлов қонунчилигига биноан 7 фоизлик тўсиқдан ўтолмаган 10 та мухолиф партиялар томонидан ташкиллаштирилган.

Бишкекда норозилар томонидан қамоқдан озод қилинган мухолифатчи халқни тарқалишга чақирди.

Садир Жапаров Бишкек бош майдонида (ўртада микрофон билан)
Садир Жапаров Бишкек бош майдонида (ўртада микрофон билан)

Бишкекда Оқ Уйни эгаллаган мухолифат тарафдорлари намойишни давом эттиришмоқда. Аввалроқ қамоқдан озод қилингани айтилган мухолифатчи Садир Жапаров намойишчилар олдига келди.

Бишкек бош майдонига йиғилганлар “Садир! Садир!” деб деган шиорларни ҳайқиришиб, Қирғизистон Гимнини куйлаб туришди. Орадан ярим соат ўтгач ниҳоят Садир Жапаровга гапириш учун имконият берилди.

Садир Жапаров ўз сўзида барча масалалар қонуний йўл билан ҳал этилиши зарурлигини таъкидлаб: “Қароқчилик, босиб олиш билан ҳеч нарсага эриша олмаймиз, сабрли бўлайлик”, деди ва Бишкек бош майдонига йиғилган халқни уйларига тарқалишга чақирди.

Садир Жапаров “Иссиқкўлда митинг уюштирди, Иссиқкўл губернаторини гаровга олди”, деган айблов билан 2017 йилда қўлга олиниб, 2019 йилда 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Қирғизистон президенти вазият тинч йўл билан ҳал қилинишига умид қилмоқда

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков “барча сиёсий кучлар мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолишига ишонч билдиргани” тўғрисида Озодлик радиоси қирғиз хизматига унинг матбуот котиби Тўлғаной Стамалиева маълум қилди.

Аввал митингчилар пойтахт марказидаги “Оқ уй”ни (ҳукумат уйи) эгаллаб, президент С. Жээнбеков кабинетигача кириб боришган.

Стамалиева ўшанда Жээнбеков Бишкекда эканини ва соат 02.00гача ўз иш кабинетида бўлиб, барча сиёсий кучлар лидерлари билан юзма-юз учрашувлар ўткизганини билдирган.

Жанар Ақаев: Қирғизистонда халқ ҳукумати тузилиши керак

Бишкекдаги митинг ташкилотчиларидан бири, “Ата Мекен” партиясидан номзод Жанарбек Ақаев мухолифат 5 октябрь куни расмийлар билан музокаралар ўтказмаганини айтди. Унга кўра, митингчилар бунга қарши бўлишган.

Ақаев 6 октябрь тонгига яқин Бишкекдаги ҳукумат биноси ёнида Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида намойишчиларнинг бундан кейинги ҳаракатлари ҳақида ҳам тўхталган.

“Эртага янги бош вазир ва халқ ҳукуматини тузиш керак. Иккинчи босқич халқ сайловини ўтказиш бўлади”, деган жумладан Ж. Ақаев.

“Ата Мекен” партиясидан бошқа бир номзод Элдар Абакиров Давлат чегара хизматини чегараларни ёпишга, “ўғрилар”ни четга чиқармасликка чақирган.

“Акс ҳолда, чегарачилар жавобгарликка тортилади”, деган Э. Абакиров.

Аввалроқ митингчиларнинг бир қисми пойтахтдаги Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бориб, бино дарвозасини бузиб, ичкарига киришганди. Бу воқеадан кўп ўтмай МХДҚ тергов ҳибсхонасида тутиб турилган собиқ президент Алмазбек Атамбаев қўйиб юборилгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалди.

Бишкекда парламент сайлови натижасидан норози бўлган митингчилар 6 октябрь тунида “Оқ уй”нинг еттинчи қаватидаги президент кабинетигача кириб боришди. Бу ҳақда Озодлик қирғиз хизматининг воқеа жойида бўлган мухбири хабар қилди.

Маълумотларга кўра, "Оқ уй"га кирган намойишчиларга куч ишлатар идоралар ходимлари қаршилик кўрсатмаган.

Президент кабинетига кириб олган митингчилар С. Жээнбековнинг деворга илинган суратини олиб ташлаганлар.

Қирғизистон президенти С. Жээнбековнинг кабинетини эгаллаб олган митингчилар, Бишкек, 2020 йил 6 октябри.
Қирғизистон президенти С. Жээнбековнинг кабинетини эгаллаб олган митингчилар, Бишкек, 2020 йил 6 октябри.

Бишкекнинг марказий “Ала-Тоо” майдонида 5 октябрь куни 30 мингга яқин одам тўпланган.

Намойишчилар овоз бериш жараёнларини сохталаштириш ва сайловчиларни оммавий сотиб олиш ҳоллари ҳақида гапиришган.

Намойишда мухолифатнинг мувофиқлаштирувчи кенгашини тузишга келишилган.

Кенгашнинг асосий вазифаси этиб сайлов натижаларини бекор қилиш белгиланган.

Намойишчилар Марказий сайлов комиссиясига сайлов натижаларини ярим тунга қадар бекор қилиш ҳақида ультиматум қўйишган.

Намойишлар чоғида, шунингдек, қирғиз матбуоти “россияпараст” деб кўрадиган амалдаги президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфоси талаб қилинган.

Душанба куни марказий майдонни ўраб олган хавфсизлик кучлари, аввалига намойишларга мудохала қилмаган.

Кечга томон улар намойишчиларни тарқалишга чақирганлар.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги намойишчилар орасида “спиртли ичимликлар истеъмол қилганлар ва жамоат тартибини бузишга уринаётганлар борлиги”ни айтиб, уларнинг ҳаракатлари учун мухолифат раҳбарлари жавобгар бўлиши ҳақида огоҳлантирган.

Намойишчилар майдонда муддатсиз қолишлари ҳақида эълон қилишлари ортидан милиция уларни тарқатишни бошлаган.

Намойишчиларга қарши сув пуркагич, кўздан ёш сиздирувчи газ ва ёруғлик ҳамда шовқин тарқатувчи гранаталар ишлатилган.

Расмийларга кўра, намойишчилар парламент биносини забт этишга уринишлари ортидан уларни тўхтатишга қарор қилинган.

Жабрланганлар ва ҳибсга олинганлар ҳақида расмий маълумот йўқ.

Бир неча киши яраланган, улар орасида "Ата-Мекен" партияси раҳбари Жанарбек Акаев ҳам бор.

Акаев оёғидан жароҳат олгани ва шифохонага олиб кетилгани хабар қилинади.

Қирғизистон президентининг матбуот хизмати президент Жээнбеков сешанба куни сайловларда қатнашган барча 16 та партия раҳбарлари билан учрашишини маълум қилди.

Минглаб фаоллар ва 10 та сиёсий партия – Қирғизистон социал-демократик партияси, "Чўнг қазат" ("Катта ғазот"), Мекен Интимағи ("Ватан ҳамжиҳатлиги"), "Бир бўл" ва "Реформа" ("Ислоҳот"), "Замандаш", "Ата Мекен", "Ордо" ("Ўрда" ) , "Йиман нуру"("Иймон нури") ва "Республика" партиялари тарафдорлари 5 октябрь куни Бишкекнинг марказий “Ала-Тоо” майдонида тўпланишган.

Сайловларда энг кўп овозларни амалдаги президент Сооронбай Жээнбековга яқин партиялар олган.

Намойишчилар овоз бериш натижалари сохталаштирилгани, овозлар сотиб олингани ва бошқа қонун бузилишларидан шикоят қилишмоқда.

Митингда сўз чиққан қатор фаолларга кўра, Жээнбеков “адолатсиз” ўтган сайловлар учун жавобгардир.

Иштирокчилар вақти-вақти билан “Жээнбеков кетсин!” дея ҳайқиришмоқда.

Норозилик тадбири ташкилотчиларидан бири Сиймиқ Жапикеев ҳозир майдонда 15 мингга яқин одам тўпланганини билдирди. Милиция ва шаҳар расмийлари ҳали ўз маълумотларини очиқлаганлари йўқ.

Сўзга чиққанлар митинг муддатсиз бўлишини ваъда қилишмоқда.

Намойишчилар Бишкекдаги ““Ала-Тоо”” майдонида ўтов тикиш ҳаракатидалар.

Қирғизистонда якшанба куни бўлиб ўтган сайловларда сиёсий партиялардан тўрттаси парламентга ўтган, қолган партиялар 7 фоизли тўсиқдан ўтиш учун зарур овоз тўплай олмаган.

Сайловларда 16 партия иштирок этган.

Ким ютди?

4 октябрда ўтган парламент сайловида амалдаги президентнинг укаси Асилбек Жээнбеков номзоди кўрсатилган “Биримдик” ва коррупцияга аралашгани айтиладиган Раимбек Матраимов оиласига мансуб “Мекеним Қирғизстан” партияларининг ҳар бири 24 фоиздан кўпроқ овоз олди.

Учинчи ва тўртинчи ўринларни эса “Қирғизстан” ва “Бутун Қирғизстан” партиялари эгаллади. Мазкур тўрт партия 120 депутатдан иборат бўлган Қирғизистон янги парламентини шакллантиради.

Мазкур партиялар ичида фақат "Бутун Қирғизстан" ўзини мухолифат партияси сифатида тақдим этган.

Қирғизистон қонунларига мувофиқ сайловчиларнинг 7 фоиздан кўпроқ овозини олган партиялар ғолиб ҳисобланади. Парламент сайловида 16та сиёсий партия иштирок этди.

Мухолифат баёноти

Сайлов участкалари ёпилиб, натижалар эълон қилиниши биланоқ Бишкек ва Талас шаҳарларида мухолифат тарафдорлари норозилик намойишларига йиғила бошлади. Бир неча соатдан сўнг норозилар тарқалиб кетди. Мухолифат 5 октябрда норозилик намойишлари давом этишини билдирди.

“Ата Мекен” партияси лидерлари 4 октябрда ўтган сайловни “Қирғизистон тарихидаги энг ифлос сайлов” сифатида шарҳлади. Партиянинг иддао қилишича, кузатувчилар мамлакатдаги барча сайлов участкаларида оммавий равишда қонунбузарликлар бўлганини қайд этганлар.

“Ата Мекен” партияси Марказий сайлов комиссиясидан Ўш вилоятининг айрим туманларидаги овоз бериш натижаларини бекор қилишни талаб этмоқда.

Мухолифат сайлов участкаларига микроавтобусларда кўплаб одамлар олиб юрилганини ва уларнинг ҳар бири бир нечта сайлов участкасида овоз берганларини қайд этганини ҳам билдирмоқда.

Қирғизистонда сайловчилар қандай овоз беради?

Қирғизистонда овоз беришнинг дастлабки натижалари сайлов комиссиялари аъзолари томонидан қўлда саналмайди.

Сайловчи бюллетенни электрон овоз бериш қутисига ташлайди. Қути автоматик равишда қанча бюллетен ташланганини ва қайси партияга овоз берилганини ҳисоблаб боради.

Сайлов участкалари ёпилганидан сўнг, электрон қути қайси партияга қанча овоз берилганини чек қоғози сифатида чиқариб беради.

Шунинг учун ҳам электрон қутига бир одам биттадан кўп бюллетен ташлай олмайди ва партияларга берилган овозларни ҳам сохталаштириш имконияти мавжуд эмас.

Якуний натижани Марказий сайлов комиссияси бюллетенлар қўлда санаб чиқилганидан сўнг эълон қилади. Қўлда саналган якуний натижа дастлабки электрон натижага жиддий таъсир кўрсата олмайди.

Унда мухолифат овоз бериш натижаларини нега тан олмаяпти?

Айни пайтда Қирғизистонда сайловолди тарғиботи жараёни пайтида сайловчилар овозини сотиб олиш ҳолатлари мавжудлиги тан олинади.

Мазкур сайловда ҳам мухолифат ҳукумат партиялари овозларни сотиб олганини, маъмурий ресурсларни қўллаганини ва бунинг ортидан бир одам бир нечта сайлов участкасида овоз бергани кузатилганини иддао қилмоқда.

Аммо сайловда ғолиб бўлган партиялар мухолифатнинг бу иддаоларини инкор этмоқда.

4 октябрда ўтган сайловда 3,5 миллиондан кўпроқ сайловчининг 56,5 фоизи овоз берган.

XS
SM
MD
LG