Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:36

Толибон Афғонистонда "сунний Эрон" яратишни истайдими?


Толибон вакиллари ўтган ой Доҳада бўлган тинчлик музокараларида.
Толибон вакиллари ўтган ой Доҳада бўлган тинчлик музокараларида.

Афғонистон ҳукумати ва Толибон жангари гуруҳи тинчлик шартномасини имзолашдан олдин фуқаровий эркинликлар, аёллар ҳуқуқлари ва мамлакат номи ва байроғи каби қатор масалада келишувга эришиши лозим бўлади.

Тарафлар муҳокама қилаётган энг муҳим масала эса Афғонистоннинг бўлажак сиёсий тизимидир.

Афғонистон ғарб демократияси принциплари асосида тузилган исломий республикадир. Толибон эса Афғонистонни теократияга айлантиришни хоҳлайди. Жангарилар мавжуд тузумни АҚШ «оккупацияси» маҳсули ўлароқ кўради.

Кобулдаги ҳукумат мавжуд конституцион тузумни, жумладан, аёллар ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ҳамда сайловларни сақлаб қолишга уринмоқда.

Толибон исломий амирликни қайтара олмаслигини англаб турибди. Толибон ҳукмронлиги даврида (1996 – 2001) мамлакатнинг расмий номи айнан шундай эди.

12 сентябрда Қатарда бошланган тинчлик музокараларида Кобулдаги ҳукумат позицияси заиф эканлиги кўринди.

Мутахассислар мамлакатдан АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилаётгани Толибон позициясини мустаҳкамлаганини айтишмоқда.

Жангари гуруҳ мамлакат ҳудудининг деярли ярмида бошқарувни қўлга олган ёки ҳукмронликка даъвогарлик қилмоқда.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Афғонистон ҳукумати тинчлик ўрнатиш учун йирик конституцион ўзгаришларга розилигини беришга мажбур бўлади.

Вашингтондаги Глобал сиёсат маркази ташкилоти директори Камрон Бохарий Афғонистонда Толибоннинг «Ўрта асрларга хос сунний идеали ва замонавий, ғарбий стилдаги ҳукумат қоришмаси» яратилиши мумкинлигини айтди.

Бохарийнинг сўзларига кўра, тарафлар келишув имзоласа, мамлакатда «Эрон Исломий Республикасининг сунний, афғон версияси» тузилишини кутиш мумкин.

АҚШ ҳамда Толибон ҳаракати шу йил февраль ойида хорижий қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилишини кўзда тутган келишувга эришди.

Унга биноан, АҚШ 2021 йилнинг майига қадар мамлакатдан барча Америка аскарларини олиб чиқиб кетади. Бунинг эвазига Толибон Афғонистонда террор гуруҳларига бошпана беришни тўхтатиши ва Қобулдаги ҳукумат билан музокара олиб бориши керак.

Кобуллик сиёсий таҳлилчи Раҳматулла Амирий АҚШ расмийлари ва Толибон етакчилари билдирувларидан музокаралар давомида «тузумни ўзгартириш» масаласи муҳокама қилинаётганини хулоса қилиш мумкинлигини айтди.

12 сентябрь куни музокаралар бошланар экан, АҚШ давлат котиби Майк Помпео ҳукумат ва Толибон вакилларига «қандай сиёсий тизим танлаш қарорини ўзингиз чиқарасиз», деди.

Котиб Вашингтон Афғонистонга кўрсатадиган ёрдам кўлами Афғонистоннинг янги сиёсий тизимига боғлиқ бўлишини таъкидлади.

Толибон учун ҳам, Кобулдаги ҳукумат учун ҳам Ислом муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатнинг 2004 йилда қабул қилинган конституциясида «ҳеч қандай қонун муқаддас Ислом дини эътиқодлари ва қоидаларига зид бўлиши мумкин эмас», дейилади.

Толибон мамлакатни "амир ул-мўмин", яъни мўминлар етакчиси бошқариши керак, ҳисоблайди.

XS
SM
MD
LG