Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:47

Кредит таътили тугади, аммо фуқаролар ва корхоналарда йиғилиб қолган фоизларни тўлашга пул йўқ


Тошкентдаги Ўзбекистон Марказий банки биноси.
Тошкентдаги Ўзбекистон Марказий банки биноси.

Дунёнинг аксар давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам коронавирус билан боғлиқ кескин чекловлар ва карантин оқибатида банкротлик ёқасида қолган тадбиркорлардан тортиб, ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқарилган оддий ишчиларга қадар банкдан олган кредити тўловларини тўлашда олти ойлик таътил берилганди.

1 октябрь куни кредит таътили муддати тугади.

Аммо Озодлик билан суҳбатда бўлган айрим тадбиркорлар ва банклардан қарз кўтарган мижозлар коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар сабаб иқтисодий қийин аҳволга тушиб қолганликлари, кредит таътили даврида йиғилиб қолган фоизларни тўлашга имконлари йўқлигини айтишмоқда.

Айрим банклар ўз мижозлари вазиятини тушунган ҳолда кредит таътили муддатини узайтириш ва қўшимча имтиёзлар бериш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистондаги банклар кредит таътили дастури тугаганидан сўнг, қарз олувчилар тўсатдан қарзларини тўлаш учун пулга эга бўлишади, деб умид қилганди, аммо ундай бўлмади.

Коронавирус пандемияси шароитида банкротлик ҳолатига тушиб қолган тадбиркорлар кредит таътили, қайтага, уларни "қарзга кўмиб қўйгани"ни айтишади.

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида яшовчи фермер Шодиқул Маткаримов 2018 йилда "Ҳар бир оила — тадбиркор" дастури доирасида "Халқ банки" туман бўлимидан уч йилга 30 миллион сўмлик кредит олган.

- Ойлик тўловни ўзи 1 миллион 150 минг сўм атрофида эди. Ҳисоблаб чиқсам, олти ойда қарзим 3 ярим миллион сўмга кўпайибди. Ҳозир кечиктирган олти ойлик муддат ҳисобига кредит муддати узайтириладиган бўлса, қарзим яна кўпаяди. Чунки узайтирилган муддат учун яна фоиз минади. Коронавирус, бунинг устига сув тошқини деб ишимиз барбод бўлди, энди олган кредитни қандай тўлаймиз, деб бошимиз қотган.

Андижонлик хусусий такси ҳайдовчиси Ҳабибулло "Фортуна Микрокредит Бизнес" молиявий ташкилотидан машина сотиб олиш учун март ойида икки йилга 30 фоиз ставка билан 20 миллион сўм кредит олган.

- Таксичиликдан ойда топганимдан тўлаб бораман деб, йиллик 30 фоиз бўлса ҳам шу кредитни олганман. Ўзимни ёнимдан ҳам озгина қўшиб "Матиз" машина олганман. Ўртада коронавирус чиқиб, ишим тўхтаб қолди. Булар майли қийналсанг йиғилиб қолган фоизлар билан бирга карантиндан кейин тўлайсан дейишганди, мен рози бўлгандим. Ҳозир фоизини ўзи ойига 700 минг сўмдан ошяпти. Олти ойда 5 миллион сўмга яқин фоиз йиғилибди. Чунки 30 фоизлик кредит. 20 миллион сўмни икки йилда 32 миллион қилиб қайтаришим керак. Ҳозир кечиктирилган муддат ҳисобига кредит муддатини узайтиришса, қарз юки яна беш миллион сўмга ошяпти.

Ўзбекистон Марказий банки апрель ойида кредит таътили эълон қилар экан кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этиши ва ушбу фоизлар кечиктирилган муддат тугаганидан сўнг тўланиши лозимлигини маълум қилганди.

Аммо банкларга мижозлардан кредит бўйича тўловларни ундириш осон бўлмаяпти.

Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги "Халқ банки" бўлими ходими кредит таътили тугаганидан сўнг қарздорлардан тўловларни ундириш учун пандемия пайти уйма-уй юришга мажбур бўлаётганликларини айтади:

- Ҳар куни жанжал. Ҳамма ёқ коронавирус бўлиб ётган пайтда қарз ундириш учун уйма уй юряпмиз. Кредитларни ёпиш учун тадбиркорлар билан биттама битта учрашяпмиз, кўпчилигини бизнеси касод бўлган, пул йўқ. Бошлиғимиз эса кредитни ёпмасанг ишдан бўшайсан, деб ҳаммадан тилхат ёздириб олди, - деди исми очиқланишини истамаган банк ходими.

Ўзбекистондаги айрим банклар пандемия шароитида аҳвол қийинлигини тушунган холда оғир вазиятга тушиб қолган мижозларга кредит таътилини узайтириш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Бошқа банклар эса, имтиёзли даврда тўланиши лозим бўлган суммани қолган даврлар учун тенг тақсимламоқда, баъзилари эса мижозлари тўлов қурбига қараб кредит умумий муддатини чўзишмоқда.

Тошкентдаги "Асака банк" ходими пандемия сабаб қийин аҳволда қолган мижозларига қарз тўловлари бўйича ҳар хил таклифлар қўйилаётганини айтади.

- Кредит таътили тугади, дегани, бўлди, олти ойда тўпланган фоизларни ҳозир ҳаммасини тўлайсизлар, дегани эмас. Тўғри, ҳозир кўпчиликда пул йўқ, даромади камайган. Шунинг учун ҳар бир мижоз билан унинг вазиятига қараб бу масалани индивидуал ҳал қиляпмиз. Карантин даврида ишлай олмадим, бундан буёғида шунча давр керак бўлади менга, деса истаги қондирилиши мумкин. Жуда қийин аҳволда қолган бўлса, тўлов муддатини узайтиришимиз мумкин. Агар узайтирилишини хоҳлашмаса, йиғилиб қолган фоизлар кейинги тўловларга бўлиб-бўлиб тақсимланиши мумкин, - дейди "Асака банки" ходими.

Унинг айтишича, кредит таътили даврида кечиктирилган муддат учун жарима қўлланилмас эди, бу ёғига кечикиш бўлса, жарима бўлиши мумкин.

"Чунки 1 октябрдан имтиёзлар бекор бўлди", - дейди "Асака банки" ходими.

Тошкентдаги "U Credit" консалтинг гуруҳи мутахассиси Тоҳир Собировнинг Озодликка айтишича, кредит таътилининг ҳозирги қийин даврда оғир аҳволда қолган кўпчиликка ўзини тиклаб олишига ёрдами бўлган.

- Олти ойга бўлса ҳам, банклар нафас ростлаб олиш учун фурсат берди. Шунинг ўзи яхши нарса. Айниқса қийин аҳволда қолганларга. Фоиз масаласига келсак, қарз фоизи билан қарз. Фоизга рози бўлиб олишган қарзни, тўғрими? Чет элда, қаранг, қарзни тўлай олмаса, кредит историясида қора доғ пайдо бўлади, уни яхшилаш учун тадбиркор бир неча йил барқарор тўлов қилиши керак бўлади. Акс холда қарз ололмайди. Бизда эса банклар тадбиркорларга имтиёзли кредитларни бериб қўйиб, қарзни қачон тўлайсан, деб кетидан югуриб юради, - дейди мутахассис.

Ўзбекистон президенти 2020 йил 20 мартда имзолаган "Коронавируснинг иқтисодиётга салбий таъсири ва глобал инқирозни юмшатиш бўйича фармони"да ҳам кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш ва кечиктирилган муддатда қарздорлик учун жарима қўлланилмаслиги ҳақида айтилган.

Президент фармонида шунингдек, молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар тўловларини ҳам жарима санкцияларини ҳисобламаган ҳолда, 2020 йил 1 октябрга қадар узайтириш таъкидланган.

XS
SM
MD
LG