Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:25

“Пахта солиғи”: Тадбиркорлардан пахта учун пул йиғиш давом этмоқда


Тадбиркорлардан йиғилган пулга ҳашарчи ёллаб, пахтага жўнатилаётгани айтиляпти.
Тадбиркорлардан йиғилган пулга ҳашарчи ёллаб, пахтага жўнатилаётгани айтиляпти.

Мамлакатнинг турли ҳудудларидан Озодликка мурожаат қилган тадбиркорлар пахта учун пул йиғиш давом этаётганидан шикоят қилишмоқда.

Тадбиркорларга кўра, уларга 800 мингдан 2 миллион сўмгача “пахта солиғи” солинган.

Пул йиғилаётганини тасдиқлаган мулозимлар буни "кўпга келган тўй", дея изоҳлайди.

Савдогарлар учун "пахта солиғи"

Намангандаги "Қурилиш материаллари бозори" тадбиркорлари пахтага одам ёллаш учун 800 минг сўмдан пул йиғилаётгани ҳақида Озодликка иккинчи бор хабар йўллашди.

“Намаган шаҳрида жойлашган ихтисослаштирилган қурилиш материаллари бозори (Шамшибой бозори) раҳбарияти 20 сентябрдан бошлаб пахта учун пул йиғишни бошлади. Ҳар бир савдогардан 800 минг сўмдан мажбуран йиғиляпти. Президентимизнинг БМТда пахта теримида мажбурийлик йўқлигини айтганидан сўнг биз бу ҳолат бўйича мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик. Шикоятимиз SizdanTelegram каналида ҳам чиқди. Бироқ ҳеч қандай натижа бўлмади”, дейди исми очиқланмаслигини сўраган наманганлик тадбиркор.

Тошкентдаги собиқ “Ипподром”, ҳозирги “Чилонзор буюм савдо комплекси” тадбиркорларидан ҳам айни мазмундаги шикоят келди.

“Дўконнинг катта-кичиклигига қараб, 1 миллиондан 2 миллион сўмгача пул бериш керак экан. Пул беришни хоҳламаганлар ўзи пахтага чиқсин, дейишди. Бу пулга ўрнимизга мардикор ёллаб, пахтага жўнатишар эмиш”, деди тошкентлик савдогар йигит.

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган "Чинни бозори" тадбиркорларидан Озодликка келган мактубда ҳам пахта учун пул йиғилаётгани ёзилган:

“Чинни бозори".
“Чинни бозори".

“Бозор маъмурияти вакиллари пахта мавсуми учун тадбиркорлардан ноқонуний равишда 1500000 сўмдан пул талаб қилмоқда. Бозор ҳудудида 400 дан ортиқ дўкон мавжуд. Ҳар бир дўкондан шунча пул йиғилса, жуда катта сумма чиқади. Пул бермаган дўконлар эса “қора рўйхат”га тушиб, солиқ инспекторлари томонидан текширилар экан. ОАВда пахта терими учун мажбурий пул йиғиш мумкин эмаслиги айтилмоқда, аммо Чинни бозори маъмурияти аксинча йўл тутмоқда. Тадбиркорлар 6 ой давомида ишсиз уйда ўтирди. Энди бозорларга рухсат берилиб иш бошланганда бу муаммо етмай турган эди”.

Жиззахдаги "Қўшчинор бозори" тадбиркорлари ҳам пахтага одам ёллаш учун 2 миллион сўмдан талаб қилинаётганидан норози бўлиб, 23 сентябрда Озодликка шикоят қилганди:

"22 сентябрь куни туш пайти Жиззах шаҳридаги Қўшчинор (Чуқур) бозорида солиқ ва ҳокимият ҳодимлари иштирокида пахта бўйича йиғилиш қилди. Ҳар бир тадбиркорга “Пахтага ўзинг чиқ ёки одам бошига 2 миллион сўмдан бер”, дейишди. Биз дўконда 2 киши ишлаймиз, энди 4 миллион сўм беришга мажбурмиз”.

1 октябрь куни Озодлик билан суҳбатлашган бозор тадбиркорларидан бири сўнгги бир ҳафта ичида бозордаги деярли барча тадбиркор пахта учун талаб қилинган пулни йиғиб берганини айтди.

Бозор мулозимларидан бири пахта учун пул йиғиш топширилганини тасдиқлади, бироқ буни изоҳлашни истамади.

Чинни бозор мулозими эса, тадбиркорлардан пул йиғилганини шундай изоҳлади:

“Савдогарлар бу пулни бозор раҳбарияти чўнтагига оляпти, деб ўйлаяпти. Бизга топширилди, биз бажардик. Биламиз, карантин пайти савдогарлар ишламагани учун қийналиб қолишди. Лекин кўпга келган тўй, ким қийналмаяпти ҳозир?”.

“Тошбозорсавдо” ассоциациясининг Озодлик боғланган мулозими эса нима учун бозор тадбиркорларидан пахта учун пул йиғилаётгани ҳақидаги саволимизга “Телефонда бунақа саволларга жавоб бермайман”, дея гўшакни қўйиш билан чекланди.

Пахта-2020: Мажбурий меҳнат йўқ!?

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни бу йилги пахта мавсумида таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимлари, ўқувчилар ҳамда талабаларни пахта теримига жалб қилинмаслиги эълон қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори билан ҳокимликлар бунга масъул қилиб тайинланди.

Айни пайтда Озодликка пахта мавсуми бошланганидан буён мамлакатнинг турли вилоятларидан мажбурий меҳнатга оид шикоятлар келиши тўхтамаяпти.

Жумладан, косонлик инспектор йигит ЙПХ ходимлари ҳам пахтага ҳайдалганидан шикоят қилди:

“Ўзинг чиқмасанг, ўрнингга одам топгин, дейишди. Ҳар бир ЙПХ иснпектори 1 нафардан ҳашарчи топиб, ўрнига юбориши керак. Биз оиламизни боқайликми, ўрнимизга қўйган ҳашарчига пул берайликми? Роса эзиб юборишди ходимларни лекин”.

15 сентябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва банк ходимлари ҳам пахта теримига мажбуран юборилгани хабар қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат тўлиқ барҳам берилганини таъкидлади.

Мирзиёевнинг БМТ минбаридаги нутқидан бир кун ўтиб, Жиззах вилоятидаги ташкилотларнинг ходимлари ёппасига пахта теримига чиқарилди.

Жорий йилдаги пахта терими билан боғлиқ манзарани Озодликнинг PaxtaGram саҳифаси орқали кузатишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG