Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:38

Covid-19: Ўқитувчилар бепул тарқатилган шубҳали дорини ичишга қўрқмоқда


Ўқитувчиларга бепул тарқатилган гидроксихлорохин дориси
Ўқитувчиларга бепул тарқатилган гидроксихлорохин дориси

Ўтган ҳафтадан бошлаб Ўзбекистонда ўқитувчиларга гидроксихлорохин (плаквенил) ва цинк препарати бепул тарқатила бошланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу тадбир коронавирус инфекциясининг олдини олиш мақсадида йўлга қўйилганини билдирган.

Айни пайтда ўқитувчилар мунозараларга сабаб бўлган гидроксихлорохин дорисини ичишга қўрқишаётганини айтишмоқда.

ЖССТ гидроксихлорохин коронавирусни даволашда самарасиз эканини маълум қилган.

Ўзбекистонда ҳам бу дори бир муддат коронавирусга қарши препаратлар рўйхатидан чиқарилиб, кейин яна қайта киритилди. ССВ ўз тажрибасига таяниб, бу доридан коронавирус муолажасида фойдаланишда давом этишини билдирган.

Бепул дори

22 сентябрдан бошлаб Тошкент вилояти Тошкент туманидаги мактаблар ўқитувчиларига гидроксихлорохин (плаквенил) ва цинк препаратини бепул тарқатиш бошланди.

Бепул дори олган ўқитувчиларнинг Озодликка айтишича, улар ушбу дориларни ичишга қўрқмоқда.

“22 сентябрда гидроксихлорохинни беришди. Ҳар бир ўқитувчига 6та таблеткадан тарқатишди. 28 сентябрда эса цинк таблеткасини 10 донадан беришди. Бошида нима дори эканига тушунмадик, дориларнинг қутисига фақат инглиз тилида ёзилган экан. Кейин инглиз тили ўқитувчиси ёрдамида таржима қилиб, қандай дорилигини аниқладик. Бизга “шу дориларни ичсангиз, ковид бўлмайсиз”, деб айтишди. Лекин ҳар кимнинг организми ҳар-хил, кимгадир бу дорилар мумкин эмасдир. Бизни текшириб кўрмасдан беришдику, бу дориларни, шунинг учун шахсан мен бу дориларни ичишга қўрқаман”, деди исмини очиқламасликни сўраган ўқитувчи аёл.

Унинг ҳамкасби ҳам бу дориларни ичмасликни маъқул кўрганини айтди.

“Аввал ўқитувчиларни гриппга қарши бепул вакцина қиламиз дейишди. Кейин уни бекор қилиб, бепул дори беришди. Берган дориларидан бири – плаквенилни умуман ичмайман. Ёзи билан бу дори шунча гап-сўз бўлди. ВОЗ тақиқлаган, дейишди. Кейин Ўзбекистон ҳам уни тақиқлади, лекин қайтадан яна ишлатишга рухсат берилди. Буларнинг ҳаммасини Интернетда ўқиганмиз. Шунинг учун бу дорини ичмасликка қарор қилдим”.

Озодлик боғланган Тошкент туманидаги мактаблардан бирининг директори ҳам ўқитувчилар орасида дори билан боғлиқ хавотир борлигини тан олди.

“Бизга Районодан беришди. Олиб келиб тарқатдик. Ўқитувчилар тўполон қилиб ташлади. Биттаси ичган экан ошқозони оғрибди. Яна биттасини мазаси қочибди. Биттаси “бу тақиқланган, дорику” деб келди. Менам ичманглар, унда деб қўя қолдим. Буни мажбуран ичасизлар деб беришмадику. Ўқитувчиларни ҳимоя қилиш учун хайрия қилиб, текинга беришди”.

Шу кунларда ўқитувчиларга бепул дори тарқатиш нафақат Тошкент тумани, балки бутун мамлакат бўйлаб давом этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) коронавирус инфекциясига қарши курашиш мақсадида ўқитувчиларни гидроксихлорохин ва цинк препарати билан бепул таъминлашга қарор қилган.

Бу ҳақда 17 сентябрь куни АОКАда ўтган брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова маълум қилди.

ССВ Халқ таълими вазирлиги билан қўшма қарор имзолаб, ўтган ҳафтадан мактабларга ушбу дориларни етказиб беришни йўлга қўйди.

Шубҳали дори

Озодлик суҳбатлашган врачлардан бири ўқитувчилар хавотирида жон борлигини айтиб, гидроксихлорохинни шифокор кўрсатмасисиз ичмасликни тавсия қилди.

"Цинк иммунитет учун фойдали. Уни врач кўрсатмасисиз ҳам ичаверса бўлади. Лекин гидроксихлорохин учун албатта кўрсатма керак. Бу дори айримлар учун умуман мумкин эмас. Масалан ҳомиладорлар, гепатити борлар, буйрак етишмовчилиги борлар, кўриш қобилияти заифларга мумкин эмас. Ретинопатия, кератопатия ҳолатларида мумкин эмас. Шунингдек, гидроксихлорохинга аллергияси бор-йўқлиги текширилиши керак", - деди шифокор.

Ўқитувчилар ичишга қўрқаётган гидроксихлорохин дориси билан боғлиқ мунозаралар жорий йил ёзидан бери давом этиб келади.

Июль ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) гидроксихлорохинни коронавирусни даволашда самарасиз эканини эълон қилгани ортидан Ўзбекистон ҳам бу дорини даволаш протоколидан чиқаргани хабар қилинганди.

Бироқ кейинчалик ССВ гидроксихлорохинни коронавирусга қарши дорилар рўйхатига қайтарди.

Ўзбек шифокорлари плаквенилнинг зарари ҳақида илк бор Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг “Тез ёрдам” телекўрсатуви орқали ошкора гапирди.

Кейинчалик Алламжонов Ўзбекистонда коронавирусдан даволашда плаквенилни қўллашга қарши чиққан шифокорга таҳдид қилингани ҳақида хабар қилди.

Ижтимоий тармоқларда плаквенил бизнеси билан боғлиқ танқидлар кучайгач, ССВ ушбу препарат Ўзбекистонга гуманитар ёрдам сифатида олиб кирилиши ва унинг ортида молиявий манфаат йўқлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG