Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:33

Россияда муҳожирларни бепул касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилди (ВИДЕО)


Меҳнат муҳожирлари учун касбга йўналтирилган бепул таълим курслари. Москва
Меҳнат муҳожирлари учун касбга йўналтирилган бепул таълим курслари. Москва

Москвада меҳнат муҳожирлари учун касбга йўналтирилган бепул таълим курсларига қабул бошланди. Россия пойтахтига келаётган ўзбек муҳожирларига ҳозирча 4 йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда рус тилини ўргатиш таклиф этилмоқда.

"World skills" Иттифоқи ва Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Россиянинг яна 4 шаҳрида бепул курсларга муҳожирларни қабул қилишни бошлади.

Москванинг Люблино бекатидаги Архитектура ва дизайн коллежида ташкил этилаётган бу курслар дам олиш кунлари ва иш вақтидан кейин ташкил этилиши кўзда тутилган.

Россия Федерациясида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган меҳнат мигрантларини бепул касбга ўқитиш лойиҳаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, "World skills Russia" иттифоқи ва Россия халқлар дўстлиги университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётгани айтилди.

Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси, Мигрант.моби портали асосчиси, юрист Ботиржон Шермуҳаммад Озодлик билан суҳбатда курслар ва ётоқхона харажатлари меҳнат мигрантлари учун бутунлай бепул, дейди. У бу машғулотлар муҳожирлар орасида бунчалик қизиқиш уйғотишини мутлақо кутмаганини айтади:

- Бунчалик одам келишига ўзим ҳам ишонмагандим: кўриб турганингиздек, 80 яқин одам келди. Ҳақиқатан ҳам ўқиш 100 фоиз бепул. Курслар кундузи ва ишловчилар учун иш вақтидан кейин 19:00 дан 22:00 гача ташкил этилади. Курсларга ҳар куни қатнаб ўқишга имкони бўлмаганлар учун ўқув марказларида ётоқхона ташкил этилади. Ўзбекистон муҳожирларга “келсин, ўқисин, ўргансин ва охирида ҳужжатини олсин деяпти, ҳозир келишувлар олиб боряпмиз, уларни иш билан таъминлаш кўзда тутилган.

Курслар ҳозирча Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Қозон ва Новосибирск шаҳарларида ташкил этилди. Бугун Ўзбекистон ваколатхонаси ходимлари Новосибирск шаҳрида юришибди. Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам ташкиллаштириш бўйича музокаралар олиб бориляпти.

Суҳбатдош бугунги кунда Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги мутахассислари томонидан Россиянинг яна қатор шаҳарларида ўзбекистонликлар учун бундай ўқув машғулотлари уюштирилаётганини билдирди.

Меҳнат мигрантлари учун Москва, Санкт-Петербург, Казань, Екатеринбург ва Новосибирск шаҳарларида қуйидаги йўналишлар бўйича 1 ойлик (72 соат) ва 2 ойлик (144 соат) ўқув курслари ташкил этилади: рус тили, ўз касби бўйича малака ошириш ва янги касб ўрганиш.

Битирувчиларга малака оширганлиги паспорти ва рус тили ўқигани борасида сертификат топширилади.

Ботиржон Шермуҳаммад лойиҳа ташаббусчилари касбий қайта тайёргарлик ўқув курсларида ҳозирча таклиф этилаётган 4 йўналиш билан чекланиб қолмаслиги ва кейинчалик талабга қараб бошқа курс ва малака ошириш машғулотлари ўказилишини билдирди.

Москва ва Россияда фаолият юритаётган кўплаб йирик корхона ва муассасалар ишчи кучига муҳтожлик сезаётганини гапирмоқда. Шундай ширкатлардан бирининг вакили "World skills" курсларида малака оширган мигрантларни катта иштиёқ билан ишга қабул қилишини маълум қилди.

“Премиум” компаниясининг тадбирда қатнашган вакили Зарина Дзугкоева меҳнат бозорида ҳатто энг оддий ишларни бажаришга малакали мутахассислар талаб этилаётгани ва уларга бўлган эҳтиёж ошиб бораётганини айтди.

- Ҳар қандай иш берувчи малакали мутахассисни ишга олишга тайёр. Агарда Ўзбекистон гражданлари "World skills" етарли билим олишса, албатта иш берувчи уларни ишга таклиф этади.

Касбга ўқитиш курсларига Россия пойтахтида 40дан зиёд қурилиш объектларига эгалик қилувчи “Моспромстрой” каби қурилиш ширкатлари қизиқиш билдираётгани ва курсларни тамомлаган ўзбек йигит-қизларини иш билан таъминлашга тайёрлигини билдиргани маълум бўлди.

Москвадаги Архиткектура ва дизайн коллежида меҳнат муҳожирлари учун 4 йўналиш бўйича курслар очилди
Москвадаги Архиткектура ва дизайн коллежида меҳнат муҳожирлари учун 4 йўналиш бўйича курслар очилди

Анкета топшириш ва ўқув жараёни билан танишиш тадбирига келган муҳожирлар Озодлик билан суҳбатда курсларга катта қизиқишлари борлигини айтади.

- Мен талабаман. Москвада юридик соҳаси бўйича ўқияпман. Аммо бундай курсларга эҳтиёж жуда катта! Электрикага қизиқаман, аммо “мутахассис” деган сертификат олсам, электрикадан оз-моз бўлса ҳам билимимни оширсам, ўзимга яхши. Устига бепул экан, ётоқ билан таъминланар экан. Менинг кўплаб дўстларим бажону дил бу курсларда ўқишини айтди.

- Биз учун бу жуда керак-да! Халқаро диплом берилади. Касбим бўйича ишга борсам ишга олмаяпти, диплом сўрайди.

- Иш кетсаям, касбим ўзимда қолади. У билан оиламни боқа оламан.

- Биз кўп жойларда ишлаймиз, қийналамиз, яширишдан на ҳожат. Мен малакани ошириб, Ўзбекистонга бориб, ривожланишга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Менинг мақсадим фақат пул ишлашмас: ўқиб, ватанимга хизмат қилиш.

- Ҳозир бизга 4 вариант кўрсатишди, яна бошқа йўналишлар бўлади дейишди. Мени улар орасида “бўёқчи”касби қизиқтирди.

Рус тилини мукаммалроқ ўрганишни, бетончи, ғишт терувчи, сантехникачи ва электр таъминот мутахассисликлардан бошланғич билимга эга бўлишни хоҳловчилар анкеталарини йиғиш давом этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 14 сентябрда “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаганди.

Қарор имзоланишидан қарийб бир ой олдин - 17 август куни президент раислигида шу масалага бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган, унда “хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими”нинг6 асосий йўналиши ҳақида сўз бўлган эди.

14 сентябрда имзоланган қарорга биноан Ўзбекистондан 2021 йилдан хорижга ишлагани кетаётган фуқаролар учун мажбурий касбий таълим тизими яратилади, ўзини ўзи банд қилганлар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби жорий этилади.

XS
SM
MD
LG