Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:05

БМТ Бош котиби: COVID глобал хавфсизлик учун энг биринчи таҳдид бўлиб қолмоқда


Антониу Гутерриш
Антониу Гутерриш

17 сентябрда дунёда коронавирусга чалинганлар сони 30 миллион кишидан ошди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бу ҳақдаги баёноти эълон қилинган куни БМТ Бош котиби коронавирусни глобал хавфсизлик учун “энг биринчи таҳдид”, деб атади.

Бу икки баёнот янграган кунда Тошкент вилоятида 11 яшар бола коронавирусдан вафот этди. У Ўзбекистонда коронавируснинг энг ёш қурбони бўлди.

Ўзбекистоннинг қўшниларида ҳам коронавирусга чалиниш кўрсаткичларида яна ўсиш қайд этилмоқда.

Ташвишли баёнот

Бош котиб Антониу Гутерриш чоршанба куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган матбуот анжуманида коронавирус назоратдан чиқиб кетаётганини айтиб, “вирус глобал хавфсизлик учун энг катта таҳдид”, дегани тўғрисида Associated Press ахборот агентлиги хабар қилди.

Куз келиши билан вазиятнинг ёмонлашиб кетаётгани БМТда хавотир уйғотмоқда. Халқаро ташкилот фикрича, коронавируснинг авж олиши башорат қилинаётган ҳодиса эмас, балки мавжуд фактдир. Covidдан ўлганлар сони яқин орада 1 миллиондан ортиб кетиши кутилмоқда.

Бош котиб Антонио Гутерриш Covid-19га қарши вакцинани глобал ижтимоий неъмат сифатида ҳар бир киши ола билиши лозим, деган фикрни билдирди. Бош котибнинг айтишича, ер юзи аҳолисини вакцина билан адолатли таъминлаш учун келаси йили $35 млрд керак бўлади.

Жаҳондаги вазият

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, вируснинг Европада яна “тез тарқалиш суръати” ташвиш уйғотмоқда.

Коронавирус статистикасини олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг билдиришича, шу кунгача вирусдан ўлганлар сони камида 942 989 кишига етди. Вирус тарқалиши бўйича АҚШ ҳамон “етакчилик” қилмоқда. Бу давлатда 6 миллион 664 минг 21 киши вирусга чалинган, улардан 197 447 нафари вафот этган.

Иккинчи ўринда Ҳиндистон. Беморлар сони 5 миллион 118 минг 253 киши. Ўлганлар сони 83 198 нафар.

Учинчи ўринда Бразилия. Бу мамлакатда 4 миллион 419 минг 83 кишида коронавирус аниқланди, 134 106 киши ўлди.

Яқин Шарқда коронавирусга чалинганлар сони 1 миллион 750 минг 232 киши, ўлганлар сони 41 254 киши.

Африкада 1 миллион 381 минг 36 кишига вирус юққан, улардан 33 324 нафари вафот этган.

Минтақадаги вазият

Қозоғистон

Бу мамлакатда ўтган бир кеча кундузда яна 78 кишига коронавирус юққани қайд этилган бўлиб, шундан 25 ҳолат Нур-Султонга тўғри келди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, сўнгги кеча кундузда 155 бемор соғайди, 4 киши вафот этди.

Шу кунда Қозоғистон бўйлаб 3835 бемор, шу жумладан 40 бола даволанмоқда. 1967 бемор стационар касалхоналарда, 1868 бемор ўз уйида муолажа олмоқда. 100 бемор оғир, 13 бемор ўта оғир аҳволда. 15 киши сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.

Бундан ташқари Қозоғистонда 1 августдан бошлаб алоҳида “ковидсимон зотилжам” статистикаси ҳам юритилмоқда. Сўнгги кеча кундузда бу касалликдан 2 бемор ўлди. 1 августдан бери “ковидсимон зотилжам”га 30 597 киши чалинди, 337 киши вафот этди, 26533 бемор соғайиб кетди.

Қирғизистон

Сўнгги кеча кундузда бу мамлакатда яна 91 кишига вирус юққани қайд этилди. Бу сўнгги 10 ичидаги энг юқори кўрсаткич.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, шу кунгача 45244 кишига вирус юқиб, улардан 1063 нафари вафот этди. Қирғизистонда COVID-19 билан “ковидсимон пневмония” статистикаси бирга юритилади.

Шу кунда 547 бемор стационар касалхоналарда, 1772 бемор ўз уйида даволанмоқда.

Тожикистон

Бу мамлакат коронавирус инфекцияси мавжудлигини 2020 йил 30 апрелида тан олди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим қилган сўнги статистикага кўра, 30 апрелдан 10 сентябрга қадар коронавирусга 8939 киши чалинди, уларнинг 86%, ёки 7714 нафари соғайиб кетди. Расмий маълумотларга қараганда, сўнгги кунларда 40 нафар атрофида киши вирусга чалинаяпти, 5 ойда 73 киши ковид қурбони бўлди.

Туркманистон

Бу мамлакатда COVID-19 касаллигига чалинганлар мавжудлиги шу кунгача расман тан олинмаган. Бироқ, норасмий хабарларга қараганда, касалликка чалинганлар кўп, улар орасида врач ва ҳамширалар сони ҳам кундан кунга ортиб бормоқда. Озодлик радиоси туркман хизматининг жойлардан олинган хабарларга таяниб ёзишича, кейинги пайтларда тиббиёт ходимларининг ишдан бўшаб кетаётгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон. Болалар орасида биринчи ўлим

17 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшаган 11 ёшли М.У., исмли ўғил бола коронавирусдан вафот этди. Бу ҳақда хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, у Ўзбекистонда коронавируснинг энг ёш қурбони бўлди. Бунга қадар Ўзбекистонда балоғатга етмаган болаларнинг коронавирусдан ўлгани қайд этилмаган эди.

Вазирликнинг 18 сентябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида Тошкент шаҳрида 3 нафар, Тошкент вилоятида 3 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 415 кишига етди. Вафот этганларнинг 291 нафари Тошкент шаҳридан, 59 нафари Тошкент вилоятидан.

17 сентябрь куни мамлакатда 599 кишида коронавирус аниқланди, 618 нафар бемор тузалди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 49 761 нафар бемордан 46 092 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3 254 нафар бемордан 478 нафари оғир, 269 нафари эса ўта оғир аҳволда.

XS
SM
MD
LG