Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:42

Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонаси экспонатлари қалбаки эмаслигини аниқлаш мақсадида текширув бошланди


Музей ходимлари янги экспонатни кўздан кечирмоқда
Музей ходимлари янги экспонатни кўздан кечирмоқда

Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонасида намойиш қилинаëтган экспонатлар ҳақиқийлиги¸ кўргазмадаги муляж ва тасвирий контентнинг сифатини текшириш учун махус комиссия жорий хафта бошида иш бошлади.

Комиссия аъзоларидан бирининг Озодликка билдиришича¸ Ўзбекистон маданият вазирлиги комиссияси текширувнинг илк кунидаëқ "Амир Темур ҳаëти ва фаолияти" экспозициясидан ўрин олган учта муляжни ўта сифатсиз деб топган.

Музей директори Наби Хушвақтов Озодлик билан суҳбатда “баъзи экспонатлар қуëшда ўнгмасин деб нусхаси қўйилганини” айтди.

Шу билан бирга Наби Хушвақтов " Амир Темур ҳаëти ва фаолияти"да намойиш қилинаëтган экспонат ва муляжлар сифатсиз тайëрланганлиги борасидаги эътирозларда жон борлигини айтди.

“Оригинал экспонатларниг копияси бўлган муляжлар танқид қилинди. Бу танқид қилинган экспонатлар бошқатдан кўриб чиқиляпти. Вазирликдан комиссия келди. Мутахассислар иштирокида текширув бошланди. Кўргазма экспонатлалрини танқид қилган хунарманд Шоҳрух Темировни ҳам чақиришди. Танқидларда жон бор. Ҳозир барча камчиликлар бартараф этилмоқда” деди Наби Хушвақтов.

Қашқадарëлик ҳунарманд ва осори атиқалар коллекционери Шоҳрух Темуров жорий йилнинг 2 сентябрида Озодликка мурожаат қилиб Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонаси " Амир Темур ҳаëти ва фаолияти "экспозицисидан ўрин олган экспонатлар ҳақиқийлиги ва ясалган муляжларнинг сифати борасида эътироз билдирган эди. Жорий ой бошида Озодлик мухбири бу юзадан Ўзбекистон маданият вазириги вакилига савол берганида вакил “бу масала жиддий” ўрганилишини айтган эди.

Жорий йилнинг июнь ойида эса махаллий матбуот Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Шаҳрисабз давлат музей-қўриқхонаси бош директорига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида ëзган эди.

Маҳаллий нашрнинг Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб ëзишича, музей-қўриқхонада 62,9 миллион сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган ва Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш) 2-қисми «г» банди ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Музей директори, тарих фанлари номзоди Наби Хушвақтов Озодлик мухбири билан 15 сентябрь кунги суҳбатда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтганлигини тасдиқлади ва суд ҳукм чиқаргунга қадар ҳеч ким уни айбдор дейишга ҳақли эмаслигини таъкидлади.

Озодлик музей экспозиция тақдимотини жиддий танқид остига олган хунарманд Шоҳрух Темиров билан ҳам суҳбатлашди.

Темировнинг айтишича¸ музейда ўқ ўтмас ойна ва сигнализация қурилмаси назоратида сақланаëтган Амир Темур ордени аслида рангли қоғозга принт қилинган нусха холос:

“Кўргазмага қўйилган ва Амир Темир ëтган 14 аср буюми дея тақдим қилинган бешик ва унинг устига ўрнатилган парча мато бор-йўғи ҳозир бозорда сотилаëтган буюмдир холос. Амир Темур даври керамик кошинлари дея тақдим қилинган экспонат эса скотчга ўхшаш ëпишқоқ елим тасмага принт қилинган замонавий безак ашëси холос. Олий даражадаги савиясизлик билан ишланган ва Амир Темур қиличи дея тақдим қилинган ўйинчоқлар билан боғча болаларини ҳам алдай олмайсиз. Амир Темур аскари дея тақдим қилинган муляжнинг нақадар уқувсизлик билан ясалгании айтишга тилим бормайди. 21 асрдаги тикув машиналарида тикилган шарвар кийган бу “аскар”лар тасвири билан кимни алдаймиз?"

Музей экспонати
Музей экспонати

Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонаси директори кўргазмага қўйилган экспонатлар сифати борасидаги танқидларни қисман тўғри деб атади:

“Шоҳрух Темиров танқиди музейда илмий ёрдамчи материал сифатида турган муляжларни замон талабига мос равишда эмаслигидан иборат¸ Бу муаммо пул бўлса тўлиқ бартараф этилиши мумкин. аммо пандемия даврида музейга умуман саёҳатчи келмади ва табиийки, пул хам тушмади. давлат томонидан эса экспонатлар сотиб олиш учун маблағ бюджетда назарда тутилмаган. Темурийлар даври аскарининг муляжи сифатсиз деган гапга қўшиламан. Биз қўлимиздан келганича давлатдан пул олмай бу муляжни сифатсиз бўлса ҳам ясаб кўргазмага қўйдик. Ўзбекистонда муляж ясайдиган корхона йўқ. Сифати ўрта даражада бўлган бир дона муляжни тайëрлаш учун Россия ëки Хитойдаги устахона 7000 АҚШ доллари сўради. Бу маблағ бизда йўқ.”

Музейда оригинал экспонатлар бор

Музей директорининг айтишича, экспозиция ва фондда оригинал экспонатлар талай:

"Экспозиция иш бошлаган 2016 йилда 366 дона оригинал экспонат¸ 111 дона муляж ва тўрта копия кўрсатилган. Ўзи дунëда Амир Темур шахсига оид иккитагина нарса сақланган: Амир Темурнинг муҳри АҚШ музейида сақланади. Иккинчиси - Амир Темурнинг қиличи. У Теҳрон музейида сақланади. Бизнинг музейда эса Соҳибқирон буйруғи билан 14 асрда Шайх Шамсиддин кулол мақбарасига ишланган экспонат бор“.

Амир Темур мақбараси
Амир Темур мақбараси

Туркистон ҳудуди 1715–1897 йиллар орасида Россия томонидан бирин-кетин ишғол этилган пайтда темурийлар даврига оид қадимий қўлëзма китоблар ва бошқа нодир ашëлар Россияга ташиб кетилган.

Хусусан¸ Усмон мусҳаби дея танилган Қуръони карим қўлëзмаси¸ Бухоро ва Хива хонининг фил суягидан ишлов берилган олтин тахти ҳарбий ўлжа сифатида империя пойтахтига олиб кетилган эди.

Бу талончилик совет даврида ҳам давом этди. Большевиклар Бухоронинг 12 та дарвозасидаги олтин халқалар ва Хива миноралари қуббаларнинг олтин ҳилолларини мусодара қилишган.

Амир Темурнинг Россиядаги изи

Россиянинг Свердловск вилояти ўлкашунослик музейида Амир Темур мақбарасидан 1868 йили синдириб олингани аниқланган нақшин мармар парча 2015 йилдан бери доимий намойиш қилинмоқда.

Свердловск ўлкашунослик музейидаги бу тақдимотни амалга ошираëтган тарихчи Владимир Бикодоровнинг Озодликка айтишича¸ 100 йил мобайнида музей фондида кўздан панада турган бу осори атиқа 2015 йили фонд инвентаризацияси пайтида юзага чиққан:

- Амир Темур мақбарасини ўраб турган нақшинкор мармар тўсиннинг бу парчаси музейимиз хазинасида мавжудлигини 2015 йили аниқладик. Етти мингдан зиëд экспонатлар қайта текширилганида¸ Амир Темур сағанасининг мармар бўлаги чиқди. Текшириб қадимийлигини аниқладик. Топилдиқнинг муҳимлиги - унинг ноëблигида. Биздаги сағана тўсиғи бўлаги оригинал. Самарқанддагиси эса қалбаки. 1950 йилда ясаб қўйилган замонавий панжара¸ холос¸ дейди Свердловск ўлкашунослик музейининг махсус лойиҳалар бўлими бошлиғи тарихчи Владимир Бикодоров.

Замонавий Ўзбекистонда маънавий падар сифатида улуғланадиган Амир Темур мақбарасидаги тўсиқ қалбакими¸ деган саволни Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Тарих институти ва Тошкентдаги Темурийлар музейи мутахассисларига бердик.

Исми айтилишини истамаган мутахассислар кейинги 30 йил мобайнида Амир Темур даҳмасида илмий изланишлар олиб борилмаганини қайд этиш билан кифояланишди. Уларга кўра¸ Самарқанд халқаро туризм йўналишига киритилган 1960 йилда мавзолей реставрация қилинган ва мақбара атрофидаги тўсиқнинг қалбаки экани ҳақиқатга жуда яқин.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистон Фанлар академияси мулозими “Росияга олиб кетилган осори-атиқалар ҳақида гапирмаслик талаби” борлигини айтди:

- Бизга бу ҳақда сукут сақлаш вожиблигини катталар тушунтирган. Билсангиз¸ 1992 йили икки давлат (Россия ва Ўзбекистон) ўртасида имзоланган шартномада тарихий обидалар қайтарилмаслиги кафолатланган. Биз Эрон музейида сақланаëтган Амир Темур қиличи ҳақида гапира оламиз¸ лекин Россия музейларида сақланаëтгтан тарихимизга оид осори-атиқалардан баҳс қила олмаймиз¸ дейди суҳбатдош.

Ойлиги оз музей ходими қандай қилиб хазинани қўриқлайди?

Музей директори Наби Хушвақтов музейга экспозициясини яхшилаш учун давлат пул ажратмаëтгани ва ойликлар озлиги ҳақида ҳам гапирди:

“Ўзбекистонда ҳаммаси бўлиб бир ярим минг музей ходими бор. Солиштириш учун биргина Эрмитаж музейида 12000 одам ишлайди. Ўзбек музейларида ишлаëтган ходимлардан фақат бештасинигина илмий даражаси бор холос. Нега? Чунки ойлик оз. Мен каби фан номзоди институтда ишласа камида етти ярим миллион сўм ойлик оляпти. Илмий даражаси фан номзоди бўлган музей директори эса бир миллион саккиз юз минг сўм ойлик оляпти. Чегарани қўриқлаëтган ходим саккиз милион ойлик олади. Миллий бойликни қўриқлаëтган илмий ходим эса бир миллион уч юз минг. Тош-тарози бузилмадими? Ўзбекистон музейларидаги 4 ярим миллионта экспонатни кўз қорачиғидай асраëтган ходимга нега энг оз ойлик маош берилади? Тўғри музей экспонатини ўғирлаëтганлар ҳам бор. Аммо уларга қарши ички кураш бор ичимизда. Сафимизни тозалашга ҳаракат қиляпмиз. Халқаро музейлар кенгаши жорий қилган этикага риоя қилишимиз керак. Демак музей ходими контрабанда товарларини нархлашга арлашиши мумкин эмас. Уйида коллекция тўплаши мумкин эмас. Бировнинг қўлидаги экспонатни нархлаши мумкин эмас. Мен ўйлайман 99 фоиз музей ходимлари бунга амал қилади.”

XS
SM
MD
LG