Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:36

АҚШ Тошкент ҳукуматини Бобомурод Абдуллаевга қўйилган айбловларга ойдинлик киритишга чақиради


АҚШ Давлат департаментининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат масалалари бўйича бюроси Ўзбекистон ҳукуматини журналист Бобомурод Абдуллаевга қўйилган айбловлар ҳамда бу бўйича кейинги қадамларга ойдинлик киритишга чақиради.

"Гарчи жаноб Абдуллаев Ўзбекистонга келганидан кейин озод қилинган ва оиласи билан пойтахтдан ташқарида бўлишига рухсат берилган бўлса-да, унинг ҳозирги ҳолати аниқ эмас.

Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукуматини унга қўйилган айбловларга ҳамда кейинги қадамларга ойдинлик киритишга чақиради.

Бундан ташқари, Президент Мирзиёев мамлакатда журналистларнинг муҳим роли ҳақида тез-тез гапирганлиги сабабли, биз Ўзбекистонни жаноб Абдуллаев сингари оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ҳам сўз эркинлиги ҳуқуқини ҳурмат қилишга ва ҳар қандай жойга саёҳат қилишга рухсат беришга чақирамиз", дейилади бюронинг 5 сентябр кунги баёнотида.

АҚШ Давлат департаментининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат масалалари бўйича бюроси, шунингдек, Қирғизистондаги Марказий Осиё Америка Университетининг журналистика дастури бўйича ўқишга борган Абдуллаевни Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ҳукуматининг илтимосига биноан, ноаниқ ва асоссиз айбловлар асосида экстрадиция қилгани юзасидан ҳам ташвиш билдирган.

"Қўшма Штатлар Қирғизистон ГКНБси жаноб Абдуллаевни ҳибсга олиш пайтида қийноққа солгани ва шунингдек Қирғизистоннинг уни ватанига қайтариб бермаслик мажбуриятларига қарамай, уни Ўзбекистонга топширгани ташвишланарли", дейилади баёнотда.

Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Бобомурод Абдуллаевни шу йилнинг 8 август куни Ўзбекистон томонининг расмий сўровига биноан ушлаган ва 22 август куни Ўзбекистонга топширганди.

22 август куни Тошкентда ДХХ ходимлари тарафидан саккиз соат сўроқ қилиниши ортидан Абдуллаев қўйиб юборилди.

Аммо унга қарши иш ҳали ёпилмаган. Ўзбекистон шу пайтгача журналистнинг нимада айбланаётгани тафсилотларига расман ойдинлик киритмаган. Абдуллаевга қўйилган айбловларнинг мазмун-моҳияти мавҳум қолмоқда.

Журналистнинг ўзи ҳали Бишкекда қўлга олинган пайт, уни "Қора Мерган" тахаллуси остида ҳукуматга қарши танқидий мақолалар ёзаётганликда айблаётганликларини таъкидлаганди.

Бобомурод Абдуллаев бу айловларни кескин рад этган.

XS
SM
MD
LG