Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:53

Ҳукумат "ваҳобийлар раҳнамоси" деб атаган Руҳиддин Фахриддинов муддатидан аввал қамоқдан чиқарилди


53 яшар Руҳиддин Фахриддинов колониясида жазо муддатини ўтаётган кезда тушган сурат, август, 2019 йил
53 яшар Руҳиддин Фахриддинов колониясида жазо муддатини ўтаётган кезда тушган сурат, август, 2019 йил

Тошкент вилоят, Зангиота туманидаги 14-сонли манзил колонияда жазо ўтаётган собиқ имом 53 яшар Руҳиддин Фахриддинов 27 август куни озодликка чиқарилди.

Яқинларидан олинган маълумотга кўра, Фахриддинов афв сўраб, президентга ёзган мактубидан сўнг - муддатидан 2 йил аввал озод қилинган.

Тошкентдаги “Хўжа Нуриддин” масжидининг собиқ имоми бўлган Руҳиддин Фахриддинов президент Ислом Каримовга ҳамда мамлакат конституциявий тузумига тажовуз каби оғир айбловлар билан 2006 йилнинг ёзида озодликдан маҳрум қилинган эди.

Яқинларига кўра, Фахриддинов 27 август куни эрталаб жазо муддати тугашидан 2 йилу 3 ой олдин озодликка чиқарилган.

"Ҳали ҳам йўлда, келяптилар. Қамоқ муддати 17 йил эди, 2 йилу 3 ой олдин чиқаришди. Афв билан чиқдилар, президентга афв сўраб, ёздириб олишган эди", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда яқинларидан бири.

Яқинларидан олинган маълумотга кўра, Фахриддиновнинг қамоқдан чиқиши ва уйига бориш жараёнини маҳаллий тележурналистлар тўлиқ тасвирга олмоқда.

Руҳиддин Фахриддинов 2006 йил ёзида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 158- (“Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш”), 159- (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”), 242- (“Жиноий уюшма ташкил этиш”) ва 244- (“Оммавий тартибсизликлар”) каби қатор моддаларида айбланиб, 17 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари айбловига кўра, Руҳиддин Фахриддинов 90-йиллар ўрталаридан Ўзбекистонда "исломий давлат қуриш йўлини танлаган турли экстремист оқимлар", жумладан, "ваҳобийлар оқими раҳнамоларидан бири"га айланган.

Аммо яқинлари Руҳиддин Фахриддиновнинг эсктремистик оқимларга алоқаси борлиги ҳақидаги айбловларни рад этиб келади.

Совет Иттифоқи даврида Ўзбекистон ССР Ўрмон хўжалиги вазири бўлган Фазлиддин Фахриддиновнинг фарзанди - Руҳиддин Фахриддинов Тошкент Давлат шарқшунослик институти араб тили бўлимини тугатган.

1992 йилдан бошлаб, беш йил давомида Тошкентдаги "Хўжа Нуриддин" масжиди имом-хатиби бўлган.

Танишлари ва оила аъзоларига кўра, айнан шу давр ичида Руҳиддин Фахриддинов ҳукумат босимларига учрай бошлаган ва 1997 йилда вазифасидан истеъфо беришга мажбур бўлган.

Истеъфосидан кўп ўтмай Қозоғистонга чиқиб кетган Фахриддинов 1998 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувга берилган.

Қидирувга берилганидан 7 йил ўтиб - 2005 йилнинг 24 ноябрида у “Тўхтабой” масжидининг собиқ муаззини Абдураҳмон Иброҳимов, масжид иш юритувчиси Абдурауф Холмуродов ва яна 7 киши билан бирга Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Чимкентда ўтказган қўшма амалиёт чоғида ҳибсга олинган.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Руҳиддин Фахриддиновни эътиқод маҳкумлари рўйхатига киритган.

XS
SM
MD
LG