Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:37

Комада қолаëтган Алексей Навальний Германияга олиб кетилди(ВИДЕО)


Алексей Навальний Путин ҳокимиятидан чарчаган россияликларни бирлаштиришга қодир мухолифат етакчиси сифатида кўрилади.
Алексей Навальний Путин ҳокимиятидан чарчаган россияликларни бирлаштиришга қодир мухолифат етакчиси сифатида кўрилади.

Икки кундан бери комада қолаëтган Россия мухолифати етакчиси¸ президент Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний 22 август куни Москва вақти билан эрталаб соат 5ларда Германиядан келган махсус самолётда Берлинга олиб кетилди.

Бу ҳақда Твиттер орқа маълум қилган Навальнийнинг матбуот котибаси Кира Ярмиш мухолифатчи олиб кетилган самолёт суратини ҳам эълон қилди.

Алексейнинг рафиқаси Юлия Навальная ҳам у билан самолётда бирга учгани хабар қилинди.

Навальний The Cinema for Peace (Кино тинчлик учун) жамғармаси асосчиси¸ кинорежиссëр Jaka Bizilj томонидан юборилган махсус тиббий самолëтда Берлинга олиб кетилди.

Кун давомида аввалги хулосасидан қайтган омсклик врачлар Юлия Навальнаяга эрини унинг шахсий масъулияти остида Германияга олиб кетишга рухсат берган.

- Навальнийни бу ердан олиб кетиш имкони пайдо бўлди. Афсуски бу қарорни қабул қилиш учун врачларга шунча вақт зарур бўлди. Учоқ эрталабдан бери кутиб турибди, ҳужжатлар ўшандаёқ тайёр эди, деб ёзди Ярмиш Твиттер саҳифасида.

21 август кечқурунга қадар айни врачлар Алексей Навальнийнинг аҳволи транспортировка қилишга ярамайди¸ деган иддао билан мухолифатчининг Германияга олиб кетилишига рухсат бермаган эди.

Мухолифатчи ҳаëтини зудлик билан қутқариш лозимлигини таъкидлаëтган Германия ҳукумати¸ уни мамлакатнинг энг яхши клиникасида даволашга тайëрлигини таъкидламоқда.

Германия канцлери Ангела Меркель ва Франция президенти Эммануэль Макрон¸ўз ҳукуматлари Алексей Навальний ва оиласига тиббий ëрдам¸ бошпана ва ҳимоя беришга тайëрлигини билдирди.

Навальний танқидларининг бош нишони - Владимир Путин халқаро майдонда шов-шувга сабаб бўлаëтган Навальнийнинг комага тушиши билан боғлиқ хабарларга ҳозирча умуман муносабат билдирмади.

20 август куни эрталаб Томскдан Москвага учаëтган пайтда Навальнийнинг аҳволи тўсатдан ёмонлашгани ортидан самолëт Омск аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлди.

Навальний ëнида бўлганлар дарҳол унинг Томск аэропортида ичган чойдан заҳарлангани тахминини баëн қилди.

Расмий тиббий ташхис

21 август куни Омск касалхонаси бошлиғи Калиниченко касалхонанинг токсикология бўлимида беҳуш қолаётган Алексей Навальний организмида ҳеч қандай заҳар аломатлари топилмаганини билдирди¸

- Ҳозиргача ўтказилган анализларга кўра, қон ва сийдикда ҳеч қандай заҳар топилмади. Шу сабабли “заҳарланиш” ташхиси тахминини эҳтимолдан тўлиқ соқит қилмасак ҳам, биз пациент заҳарланмаган, деб ҳисоблаймиз.

Калиниченко анализларнинг нафақат Омск, балки Москва лабораториясида ҳам текширилаëтганини билдирди.

Даволовчи врач Александр Мураховский Навальнийнинг аҳволи бироз яхшилангани, аммо у ҳалиям беҳуш ва сунъий нафас олиш аппаратига уланган ҳолатда қолаётганини билдирди.

Врачга кўра¸ мухолифатчига организмда моддалар алмашинуви бузилиши ортидан келиб чиққан қондаги қанд етишмовчилиги диагнози қўйилган.

Навальний врачи расмий ташхисни рад этди

Алексей Навалнийга қараëтган врачларнинг бундай баëнотлари билан айни пайтда унинг хос врачи Анастасия Васильева расмий ташхисга ишонмаслигини билдирди.

- Моддалар алмашинуви бузилиши кўплаб касалликлар оқибатида бўлиши мумкин. Бу ҳолат, ташхис эмас. Қонда қанднинг камайиши ҳам ташхисмас. Айтганча, кеча қанди нормал ҳолатда эди. Бизни яна ахмоқ қилишяпти: чиройли ақлли сўзларни гапиришяпти, кома сабаби ва диагноз қўйишга қурби етмаяпти экан, деб ёзди Твиттерда Анастасия Васильева.

Кейинроқ шифокор “бу заҳарлаш, унинг фонида моддалар алмашинувининг оғир бузилиши содир бўлган”, дея хулоса қилди.

Айни пайтда Навальний даволовчи врачи Мураховский¸ Россия ва Германия врачлари ўзаро маслаҳатлашиб¸ аҳволи тўлиқ стабиллашмагунга қадар Навальнийни бошқа жойга кўчирмасликка қарор қилганини билдирди.

Навальний матбуот Кира Ярмиш эса¸ расмий врачларнинг бу баëнотини "ëлғон"га чиқарди.

Унга кўра¸ немис врачлари Навальнийни Германияга олиб кетиш мумкинлигини билдирган.

Бундан олдинроқ Германиянинг Bild газетаси Алексей Навальнийнинг махсус учоқ билан Берлиннинг “Шарите” клиникасига олиб келиниши мумкинлигини хабар қилган эди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда немис мутахассислари билан бирга келган Bombardier Challenger лайнери фотосуратлари ҳам пайдо бўлди. Навальний штаби хабарича, Германия Тез ëрдам учқичи ва унинг бортидаги врачлар ҳамон Омск аэропортида қолмоқда.

Навальний хос врачи Васильева¸ мухолифатчини Германияга олиб кетишга рухсат берилмагани ортидаги сабабни ҳам шубҳа остига олди.

-Агарда шунчаки “моддалар алмашинуви бузилиши” бўлса, Алексейни нега Берлинга жўнатишмаяпти? Чунки улар уч кун ичида организмда заҳар излари йўқолиши ва Европага борганида токсик моддани аниқлашга мавжуд имконни йўққа чиқаришни кутмоқда, деди Васильева.

Омск касалхонасидаги жараëнлар ҳақида Твиттер саҳифасида хабар бериб бораётган мухолифатчи матбуот котибаси Кира Ярмиш икки кундан бери касалхона бош врачи кабинетида костюм кийган ва маска таққан уч киши қолаётгани ва улар ўзини таништирмаётганини ёзди.

Кира Ярмиш шунингдек немис врачлари билан учрашгани ва улардан қуйидаги маълумот олганини маълум қилди:

- Малакали реаниматолог бўлган немис шифокорлари Алексей Навальнийни кўздан кечириб, уни кўчириш мумкинлигини айтди. Омскда турган самолëтда Берлиндаги Шарите университети клиникасига Алексейни хавфсиз етказишга имкон берувчи тиббий мослама мавжуд. Матбуот анжуманида бош врач “Алексейни Омскда қолдириш” тўғрисида қарор “немис врачлари билан бўлган консилиумда” қабул қилингани ва немис врачлари бу қарорни қўллаб-қувватлаганига ишонтирмоқчи бўлди. Бу қип-қизил ёлғон!

Навальний ташкилотининг Омскдаги штабига тегишли ВКонтакте саҳифасида мухолифатчи тарафдорларига шифохона олдига тўпланиш ва уни даволашга Германияга жўнатишга рухсат олиш учун норозилик акцияси уюштириш чақириғи пайдо бўлди.

Жамоатчиликка мурожаат қилган Коррупцияга қарши жамғарма (ФБК) директори Иван Жданов ва Алексей Навальнийнинг хотини Юлия Навальная терговчиларга таяниб¸ мухолифатчи организмида ўта хавфли ва заҳарли модда аниқлангани, лекин бу моддага оид маълумот "тергов сири" сифатида очиқланмаëтганини билдирди.

Навальний яқинлари жорий вазиятда врачларнинг мустақил эмаслиги¸ “юқори лавозимли амалдорлар” буйруғини бажараëтганини айтмоқда.

Айни пайтда¸ “Путин ошпази” номи билан танилган бизнесмен ва ресторатор Евгений Пригожин Россиядаги коррупцияга қарши кураш символига айланган Навальний заҳарланишини "тролль" қилди.

Путин яқинларидан саналган Пригожиннинг Петербургдаги “троллар фабрикаси” ва Россиянинг деярли барча ҳарбий авантюраларида иштирок этаётган “ЧВК Вагнер” ҳарбий ёлланмачилар гуруҳларини молиялаштириши тахмин қилинади.

- Биз Навальнийни йўқотиб қўймаслигимиз керак, зеро у узоқ йиллар давомида жуда кўпчилик вақтини чоғ этиб келди, усиз биз зерикиб қоламиз. Агарда ўтган сафар у мендан бир миллион рубл хайрия пулини олганида барбитурат қўшилган ароқ ичиб ўтирмасди, деди Пригожин рус нашрларидан бирига берган интервьюсида.

Ҳаëти хавф остида қолаëтган мухолифатчини майна қилган Пригожиндан фарқли Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Алексей Навальнийнинг касалхонага ётқизилиши тўғрисидаги хабарларни кузатиб бораётгани ва унинг тезроқ соғайиб кетишига тилакдошлигини билдирди.

Навальнийни даволаш учун Россиядаги энг яхши мутахассислар жалб этилганини иддао қилган Песков мухолифатчини чет элга даволанишга жўнатиш учун ëрдам ваъда қилди.

Соппа-соғ юрган 44 яшар Алексей Навальнийнинг кутилмаганда комага тушиши Беларусда Лукашенкони ҳокимиятдан четлатишга қаратилган норозилик намойишлари билан бир пайтда содир бўлди.

Беларусдаги норозиликларни жонли ëритиб¸ шарҳлаб келаëтган Навальний Путиннинг 20 йиллик ҳукмронлиги¸ бу даврда илдиз отган коррупция вертикалидан чарчаган россияликларни бирлаштириш потенциалига эга мухолифатчи сифатида кўрилаëтган эди.

XS
SM
MD
LG