Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:20

Таниқли блогерларнинг Телеграм саҳифаларига ҳакерлар ҳужум қилди


Ўзбекистонда таниқли блогер ва журналистларнинг Телеграм аккаунтларига ҳакерлар ҳужуми кузатилди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди раҳбари Комил Алламжонов блогерларнинг Телеграм аккаунтларини бузиб киришга уринишларни қоралаб, буни сўз эркинлигига таҳдид деб баҳолади.

Ўзкомназорат давлат инспекцияси буни мўмай пул ишламоқчи бўлган “мобил фирибгарлар” иши дея изоҳлади.

Кейинги 3 кун ичида Ўзбекистондаги таниқли блогер ва журналистларнинг Телеграм аккаунтларини бузиб киришга уринишлар кузатилди.

Блогер Зафарбек Солижонов (@Zafarbek_Solijonov) Озодлик билан суҳбатда айтишича, 6 август куни унинг ҳам Телеграм аккаунтига киришга уриниш бўлган:

- Телефонимга смс келди. “Бу бешталик Телеграм кодингиз ва шу линк орқали сиз Телеграмга кира оласиз” деган смс келди. Кейин Телеграмимга кирсам, у ерга ҳам бешталик код келган. Бу код бошқа қурилмадан кимдир номерингизни терса келади. Мен ҳайрон бўлдим, бошқа қурилмадан кирмаган бўлсам, ким взлом қилиб кирмоқчи бўлди экан, деб Телеграмимни текширдим. Ўзимдан бошқа кирмаганини кўриб, хотиржам бўлдим. Лекин ким взлом қилиб киришга ҳаракат қилганини ҳалиям тушунмаяпман.

Худди шу куни блогер Элдар Асанов ҳам Телеграм аккаунтини бузиб киришга уриниш бўлгани ҳақида ёзди.

“Telegram’даги аккаунтимни бузиб киришга уриниш рўй берди. Кимлигини билмадим. Лекин мақсадлари пул эмас эди”.

Бу ҳақда ўзининг Телеграм саҳифасида батафсил ёзган Асановга кўра, Mobi.uz компанияси рақамидан қўнғироқ қилиб, викторина ўйналаётганини айтиб, коронавирус билан боғлиқ саволлар беришган ва ғолиб чиқдингиз деб, унинг ҳисоб рақамига 84 минг сўм пул ўтказиб беришган. Бироқ Асановнинг ёзишича, ундан Телеграмига кириш кодини сўрашган:

“Телефонингизга код юбордик, шуни бизга айтиб юборинг”, дейишди. Қарасам – Telegram’дан келган код. Яъни узоқдан туриб аккаунтимга киришга уринишяпти. Жуда содда, жўн йўлини танлашибди".

Худди шундай ҳолатга ЎзА мухбири, ўзининг тармоқлардаги кескин чиқишлари билан танилган Анора Содиқова ҳам тушган.

Анора бу ҳақда Озодликка айтар экан, воқеа тафсилотларини Фейсбук саҳифасида батафсил ёзганини таъкидлади.

Аноранинг постидан маълум бўлишича, у ҳам блогер Асанов сингари викторинада қатнашган ва унинг ҳисобига 100 минг сўм ўтказишган.

“Мен эса ажабланган ҳолда телеграм тармоғимни хавфсизлигини текшириб кўрдим. Менинг телеграм тармоғимга Нью-Йоркдан кимдир киргани ҳақида маълумот келганди. Мен табиийки тезлик билан бегона меҳмонни ўчирдим”, дея ёзди Анора Содиқова ўз постида.

Kun.uz нашри ҳам кейинги ҳафталарда “сайт серверларига турли ҳужумлар одатдагидан кўпайгани”и ҳақида ёзди.

Телеграм тармоғида 11 мингдан зиёд фойдаланувчиси бор @tentakminds ҳам ҳакерлик ҳужуми бўлгани ҳақида ёзди:

“@tentakminds блокланишига ҳаракат бошланди. Уч кундан бери аккаунтимга киришга кучли ҳаракат бошланди, ҳаддан зиёд киришга уриниш кўп бўляпти”.

Блогер Солижоновнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Телеграм аккаунтларини бузиб киришга уриниш фақат таниқли блогерлар билан содир бўлган:

- Мен оддий одамлар аккаунтига бу каби киришга ҳаракат бўлгани ҳақида эшитмадим.

7 август куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди раҳбари Комил Алламжонов блогерларнинг Телеграм аккаунтларини бузиб киришга уринишлар бўлаётганини қоралаб, бу ҳаракатларни тўғридан тўғри сўз эркинлигига таҳдид деб баҳолади.

“Куни кеча бир неча блогерларнинг Telegram тармоғидаги аккаунтини бузишга уринишлар бўлгани ҳақида ёзишди. Буни ким, нима мақсадда қилгани ҳозирча аниқ эмас, лекин буни бевосита ОАВ ва блогерларга, сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳолаш мумкин”, деб ёзди Алламжонов ўзининг Телеграм саҳифасида.

Кейинчалик Алламжонов Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фондининг Ютубдаги саҳифасига 15 дақиқалик видео жойлаб, блогерлар “овозини ўчиришга” уринишларни қоралади.

Бироқ Алламжонов блогерларга қарши ҳаракатлар ортида ким турганини очиқламади.

Блогер Солижонов эса блогерлар аккаунтига ҳужумларда ҳукуматни айблашдан йироқлигини айтади.

- Дастлаб Фейсбукка тўсиқ қўйилди. Ҳозир Фейсбукка VPN орқалигина кириш мумкин. Ҳозир блогер, журналистларга бўлган нарса ҳам шунга уланиб кетди...Ҳозир кўпчилик хулоса қиляптики, бу нарса худди ОАВ, масс-медияга огоҳлантириш, сигнал деб тасаввур қилишяпти. Худди цензурани билдириб қўймоқчи бўлгандай, дейишяпти. Кўпчилик ўша тарафга буряпти бу нарсани. Худди сўз эркинлиги тугаяпти Ўзбекистонда. Мен очиғи бундай хулоса қилишга шошмаган бўлардим. Чунки биздаги давлат ташкилотларига взлом қилиш керакмас. Уларнинг иш услуби бошқача, дейди блогер Солижонов.

Бу ҳақда блогер Озодлик билан суҳбатда батафсил тўхталди. Суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:27 0:00
Бевосита линк

Аккаунтларига Mobi.uz компанияси телефон рақамидан ҳакерлик ҳужуми бўлган блогерлар мобил ширкатига мурожаат қилиб, изоҳ сўрашди.

Mobi.uz ушбу воқеадан сўнг расмий баёнот эълон қилиб, фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

“Фирибгарлар таклиф қилаётган ҳаракатларни амалга оширмасдан, тезкорлик билан Mobi.uzга бу ҳақида хабар беришингизни илтимос қиламиз”.

Озодлик 8 август куни Mobi.uz ширкатига боғланиб, “Компания телефон рақамлари орқали ҳакерлик ҳужумлари қилингани ҳолатини ширкат текширяптими?” дея сўради. Бироқ Озодлик боғланган ширкат ходими бу саволимизни жавобсиз қолдирди.

Ўзкомназорат давлат инспекцияси ҳам блогерлар аккаунтини бузиб киришга уринишларни “мобил фирибгарлар иши” дея изоҳлади.

“Ўзбекистонда Telegram фойдаланувчиларининг аккаунтларига кириб олиб, шахсий маълумотларни ўғирлаш ёки аккаунтни қайтариб бериш эвазига мўмай пул ишлашга уринаётган мобил фирибгарлар пайдо бўлди”, дея Ўзкомназорат ўзбекистонликларни “мобил фирибгарлари”дан эҳтиёт бўлишга чақирди.

XS
SM
MD
LG