Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:43

Чироқчидаги қишлоқ туғруқхонасида 10 кун ичида иккита ҳомиладор аëл ўлди


Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмасининг Чияли қишлоғидаги бўлими¸ айтилишича¸ 80 минг аҳолига хизмат қилади.
Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмасининг Чияли қишлоғидаги бўлими¸ айтилишича¸ 80 минг аҳолига хизмат қилади.

Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмасининг Чияли қишлоғидаги бўлими туғруқхонасига 3 август оқшомида кучли тўлғоқ билан олиб келинган 39 яшар аëл ва ҳомиласи нобуд бўлди.

Озодлик гаплашган мазкур бўлим бошлиғи Гулбаҳор Раззоқова туман прокуратураси ҳомиладор аёл ўлими юзасидан суриштирув бошлагани, экспертиза хулосаси чиқмагунича¸ ўлим сабаби ҳақида маълумот бера олмаслигини билдирди.

Марҳума яқинлари эса, фожиада туғруқхона ходимларини айбламоқда. Улар иддаосича, шу куни туғруқхонада гинеколог врач бўлмагани сабаб аёлни малакасиз ходимлар туғдиришга уринган ва аёл бачадонидан кўп қон кетиши оқибатида нобуд бўлган.

Бу Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмасининг Чияли тумани бўлимида сўнгги ўн кун ичида рўй берган иккинчи ўлимдир.

28 июль куни кучли токсикоз билан касалхонага олиб келинган 22 ёшли ҳомиладор аёл ҳам айни бўлимда вафот этган. Бу марҳума яқинлари иддаосича, ўлим нотўғри укол урилгани оқибатида содир бўлган.

Қўшалоқ ўлим

39 ёшли ҳомиладор Г.И. Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмасининг Чияли қишлоғи бўлимига 3 август оқшомида олиб келинган.

Яқинларининг Озодликка айтишича, туғруқхонада шу куни гинеколог врач бўлмагани сабаб, аëлни ҳамширалар туғдиришга уринган.

- Тўртинчи фарзандини туғиши керак эди. Борсак врач йўқ, ҳамширалар туғдиришга уринган. Бачадондан қон кетиб, ўзи ҳам , боласи ҳам нобуд бўлди, - деди марҳумнинг қариндоши.

Чияли туғруқхонаси бошлиғи Гулбаҳор Раззоқова Озодлик билан суҳбатда шифокорларнинг "астойдил ҳаракатлари"га қарамасдан она ва унинг чақалоғи ҳам ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаганини айтди.

Айни пайтда Раззоқова¸ малакали врачлар бўлганида, она-бола тирик қолган бўлиши мумкинлигини ҳам тан олди.

- Ўлиши мумкин эмас эди¸ бунақа холатда. Ўрта тиббиёт ходимлари туғдиришган. Ҳомила билан қон кетгани сабабли ўлган. 1996 йилдан бери шу туғруқхонада ишлайман, бундан ҳам қийин холатларда беморлар ҳаётини сақлаб қолганмиз, - дейди Раззоқова.

Айтилишича¸ Чироқчи туман прокуратураси қўшалоқ ўлим юзасидан терговга қадар суриштирув бошлаган ва тиббий экспертиза тайинлаган. Ҳозирча Озодлик ихтиëрида бу жараëнга оид маълумот йўқ.

10 кун ичида икки ўлим

Бу Чироқчининг Чияли қишлоғидаги туғруқхонада сўнгги ўн кун ичида ўлим билан тугаган иккинчи ҳолатдир.

28 июль куни кучли токсикоз билан касалхонага олиб келинган 22 ёшли Д.Ў. ҳам ҳаётдан кўз юмган.

Икки ойлик ҳомиласи бўлган марҳуманинг қариндошлари¸ врачларнинг ëш аёлга нотўғри укол қилгани ўлимга сабаб бўлган.

- Иммунитетини кучайтиради, деб бирданига учта укол қилишди. Реакция бериб¸ҳушидан кетиб қолди. Шу куни ўзига келмасдан унинг жони узилди, - дейди марҳуманинг исми очиқланишини истамаган қариндоши.

Чияли туғруқхонаси раҳбари Гулбаҳор Раззоқова 28 июль кунги ўлимга ҳам тиббиëт ходимининг нопрофессионал ҳаракати сабаб бўлганини эътироф қилди.

- Врач назоратисиз укол қилинган. Касалхонанинг болалар бўлимида ишловчи, гинекологиядан хабарсиз ходим беморга ўзи олиб келган натрий хлор билан эссенциал уколини урган. Устига устак¸ баралгинни томирига урган. Унинг врач назоратисиз укол қилишга ҳаққи йўқ эди Биринчидан ¸у болалар бўлимида ишлайди, иккинчидан врач назоратисиз шу ишни қилган, - деди Раззоқова.

Бу ўлим юзасидан прокуратура суриштирувининг қандай хулосага келгани¸ воқеа юзасидан жиноят иши очилган-очилмагани ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Қариндошларининг Озодликка билдиришича¸ улар нотўғри укол қилган ҳамшира устидан шикоят билан прокуратурага мурожаат қилмаган.

"Чиялида мутахассис врач етишмайди"

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукумат йиғинларида тиббиёт соҳасидаги жиддий муаммолар ва етишмовчиликлар ҳақида гапирган, она ва бола соғлигини асраш, аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ва соғлом авлод ўстириш – энг муҳим масалалар эканини кўп таъкидлаган.

Чироқчи туманида "Гулбаҳор дўхтир" деб ном чиқарган Чиялидаги туғруқхона бошлиғи Гулбаҳор Раззоқова Озодлик билан суҳбатда 80 минг аҳолига эга Чияли қишлоғига 23 ўринли шифохона камлик қилиши, қишлоқда малакали шифокорлар йўқлиги, борларининг ҳам савияси талабга жавоб бермаслигини таъкидлади.

- Бизнинг қишлоқда 80 минг аҳолига 23 ўринли шифохона бор. Шулардан 10 ўрин туғруқхона, 10 ўрин болалар, қолгани терапия. Беморларни ётқизишга жой топилмайди. Шифокорлар савияси талабга жавоб бермайди. Мутахассис врач етишмайди. Ҳамма ишни ўрта тиббиёт ходимлари қилиб ётибди. Аҳоли сони ўсиб боравергани сайин шифохонадаги ўринлар сони қисқариб боряпти, - дейди Раззоқова.

"Энг катта порахўрлик туғруқхоналарда"

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев уч йил аввал мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган видеоселектор йиғилишида "энг катта порахўрлик туғруқхоналарда" деб айтганди.

"Барча туғруқхоналар бош шифокорларини чақириб гаплашасизлар. Энг катта порахўрлик туғруқхоналарда. Буни йиғиштириш керак. Мен огоҳлантирмоқдаман: бир ойдан кейин жуда катта тизим ишлайди, айнан туғруқхоналар ва барча тиббий муассасалар бўйича. Мен бугун сизларни огоҳлантирмоқдаман. Ҳеч ким ҳеч кимни ҳимоя қилмайди Адҳам Илҳомович. Биз шундай технологияни амалга татбиқ этмоқдамизки, ҳаммасини эшитамиз, ҳаммасини кўрамиз. Туғруқхоналарда эса ҳаммаси эскича давом этмоқда. Керак бўлса туғуруқхоналар сонини ошириш лозим. Бу порахўрликни тугатиш шарт. Туғруқхоналарда бу муҳитни йўқ қилмасак, улар порахўрликни ҳаёт нормаси деб қабул қила бошлашди. Албатта, туғдирганга пул бериш керак… Қаерда бу ёзилган? Ҳеч қаерда ёзилмаган. Ҳамма норози", деган эди Мирзиёев.

Ўзбекистондаги оналар ва болалар ўлимига оид сўнгги статистик рақамлар очиқ расмий манбаларда йўқ.

UNICEF ташкилоти 2017 йилда эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистонда ҳомиладорлик ва туғиш вақтида ҳар 100 минг кишига 29 та ўлим тўғри келиши ҳақида билдирилган.

Ўлимларнинг 45 фоизи туғиш вақтида кўп қон йўқотиш, 12 фоизи юқумли касалликлар ва 5 фоизи кеч токсикозлар сабаб рўй бериши айтилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотида эса, мамлакатда 2019 йилда оналар ўлими билан боғлиқ 59 та, болалар ўлими билан боғлиқ эса, 2706 та ҳолат қайд этилган.

XS
SM
MD
LG