Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:51

Чегарадаги ўзбекистонлик мигрантлар Росгвардия чизиғини ёриб ўтишга уринди (ВИДЕО)


Росгвардия ва полиция ўзбек муҳожирларини чегарага яқинлаштирмаслик буйруғини олган.
Росгвардия ва полиция ўзбек муҳожирларини чегарага яқинлаштирмаслик буйруғини олган.

Самара вилоятининг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудида йиғилган бир гуруҳ меҳнат муҳожири Росгвардия ҳарбийлари қуршовини ёриб ўтишга уринди. Россия нашрларининг ëзишича¸ қозоқ чегараси томон ўтишга уринганлар Ўзбекистон ва тожикистонлик муҳожирлардир.

Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси мулозимининг Озодликка билдиришича¸ Қозоғистон ҳукумати билан 1 август кунги келишувга биноан, бу ҳудудда йиғилиб қолганлар ўзбекларнинг консуллик рўйхатига киритилган 500 нафари темир йўл транспорти орқали ватанга қайтарилади.

Элчихонага кўра¸ ҳозирча рўйхатдаги ўзбекистонликларни олиб чиқиш санасини аниқлаштириш жараëни тугамаган.

Муҳожирлар Қозоғистон чегарасига ўтмоқчи бўлди

Жорий йилнинг 3 август куни Самара вилояти Большая Черниговка туманида йиғилган бир гуруҳ ўзбек муҳожири Қозоғистон чегараси томон ўтишга уринди.

- Кеча (3 август куни) соат 09:00 да одамлар ўз вазияти юзасидан расмий жавоб эълон қилинишини кутган. Аммо жавоб берилмади. Шунда улар Оренбург вилояти ҳудуди орқали чегарани кесиб ўтишга уринди. Кучишлатар тизим вакиллари уларни Самара вилояти ҳудудига қайтарди, дея хабар қилди Интерфакс Россия полициядаги манбасига таяниб.

Россия нашрларига кўра¸ ҳозирда 425 нафар муҳожир Ўзбекистонга қайта олмасдан чегара ҳудудида қолиб кетган. Оренбург вилоятининг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудида жами 840 марказий осиёлик муҳожир қолаётгани айтилмоқда.

“Mash” Телеграм канали эълон қилган видеода бир неча юз мигрантнинг Росгвардия ҳарбийлари қуршовини ёриб ўтишга уринаётгани ва гвардиячиларни тошбўрон қилаётгани акс этган.

Айни пайтда Самара вилояти Росгвардия расмийлари меҳнат муҳожирлари билан ҳеч қандай тўқнашув бўлмаганини айтмоқда.

Самара Миллий гвардия бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими чегара томон ўтмоқчи бўлганлар билан музокара олиб борилгани ва кескинлик тинч йўл билан бартараф этилганини билдирди.

Озодликка келган 2 август кунги видеомурожаатда айни ҳудудда қолаётган ўзбек мигрантлари Тошкент расмийларига мурожаат қилиб, ўзларини олиб чиқишни ташкиллаштириш, акс ҳолда рус-қозоқ чегарасини бузиб ўтишга мажбур бўлишидан огоҳлантирган эди.

"Чегарадаги ўзбекистонликларни олиб кетишга Қозоғистондан рухсат олинди!"

Россиядаги Ўзбекистон элчихонасининг Озодлик боғланган мулозими 1 август куни Қозоғистон ҳукумати билан ўтказилган музокаралар натижасида чегарада қолаётган 500 га яқин ўзбекистонликни олиб чиқишга рухсат олинганини билдирди.

5 август кунги бу суҳбатдан аëн бўлишича¸ чегарада қолаётган ўзбекистонликлар билан боғлиқ вазият Ўзбекистоннинг Татаристондаги бош консули Фариддин Насриевнинг бевосита назоратида. Айтилишича¸ Насриев бир неча кундан бери Қозоғистон ва Россия чегара расмийлари билан музокара олиб бормоқда.

Консуллик мулозимига кўра¸ Ўзбекистонга олиб кетиш олдиндан тузилган рўйхат асосида амалга оширилади ва "бундан буён Росгвардия ва ОМОН чегара очилмагунча одамларни чегарага яқинлаштирмайди".

Айрим нашрлар чегарада қолган ўзбекистонликларнинг рўйхат асосида 6 август куни темир йўл орқали олиб чиқилишини билдирди¸ аммо консуллик вакили бу сананинг узил-кесил аниқланмагани¸ бу масаласида музокаралар давом этаëтганини таъкидлади.

Айни пайтда¸ Оренбург губернаторлиги матбуот хизмати Оренбург ва Самара вилоятлари ҳудудида тўпланиб қолган 3,5 минг ўзбекистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожири 6 августгача уйларига қайтарилишини билдирди.

Маҳаллий ҳокимиятнинг маълум қилишича, Оренбург вилоятининг Бузулук тумани ва Самара вилоятининг Большая Черниговка қўрғонида чегарадан ўтолмай тўпланиб қолган муҳожирларнинг 3000 нафари Қирғизистон, 500 га яқини эса ўзбекистонликдир.

Россия ва Марказий Осиё давлатлари коронавирус пандемияси туфайли киритган карантин чекловлари ва чегараларнинг ёпилиши ортидан май ойидан буëн Самаранинг Большая Черниговка қўрғони яқинида 1000 нафардан зиëд ўзбекистонлик тўпланиб қолган эди.

Бу ҳудудда аввалига улар учун махсус палаткали шаҳарча барпо этилди, бироқ кейинроқ у маҳаллий ҳукумат талаби билан бузиб ташланди.

Шу йилнинг 18-19 май кунлари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ҳукуматлари келишувига биноан, 1200 нафар ўзбекистонлик учун Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзит йўлаги очиб берилди.

Ўзбекистон ҳукумати бу йўлнинг очилиши, муҳожирларнинг қуруқлик орқали қайтарилишига 125 минг Россия рубли миқдорида маблағ сарфланганини билдирган.

Ўшанда Ўзбекистоннинг Татаристондаги бош консули Фариддин Насриев 17 май куни маҳаллий матбуотга Қозоғистон чегарасида тўпланганларга Ўзбекистонга ўтиш учун истисно тариқасида бир марта рухсат берилганини билдирган эди.

Қозоғистон томони чегарада икки ҳафта туриб қолган ўзбекистонликлар учун истисно тариқасида транзит йўлаги очиб бериши ортидан Россиядаги бошқа муҳожирлар ҳам чегарага кела бошлаган ва муҳожирларнинг чегара томон юриши ҳануз давом этмоқда.

6 июнь куни чегарада тўпланган яна 350 яқин ўзбек муҳожири минтақадаги Ўзбекистон Бош консуллиги ташкил этган автобуслар ёрдамида Қозоғистон орқали олиб чиқилган эди.

Жорий йилнинг 16 июль куни “Ўзбекистон темир йўллари” Самара вилоятининг Кинель бекатидан Россия-Қозоғистон чегарасида бир неча ойдан кўпроқ қолган 1400 нафар ўзбекистонликни олиб кетган эди.

Ўшанда турли сабабларга кўра кетолмасдан қолган 400 ортиқ ўзбек муҳожири яна Маштаково назорат пунктига қайтиб келган эди.

XS
SM
MD
LG