Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:04

Муҳтожлар ҳайит ëрдами тегмаганидан норози; бир марталик ëрдамни тарқатиш бошланмай эътирозлар кўпайди (ВИДЕО)


Давлат бюджетидан ажратиладиган моддий ëрдамнинг кимга берилишини Маҳалла вазирлигининг жойлардаги вакиллари белгилайди - ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилганлар "темир дафтар"га киритилади.
Давлат бюджетидан ажратиладиган моддий ëрдамнинг кимга берилишини Маҳалла вазирлигининг жойлардаги вакиллари белгилайди - ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилганлар "темир дафтар"га киритилади.

Озодликка кейинги кунлар ичида келаëтган аксар шикоятлар пандемия оқибатида даромад манбаини йўқотган¸ишсиз¸ногирон ва бошқа эҳтиëжмандларга тарқатилаëтган моддий ëрдамнинг ҳақиқий муҳтожларга тегмаëтганига оид.

Ҳукумат қарори билан ҳайит кунлари ночор ва ногиронларга моддий ëрдам тарқатилган бўлса¸ президентнинг 30 июль кунги яна бир фармони билан ижтимоий ëрдамга муҳтожларнинг “темир дафтари”га киритилган оилаларга бир марталик пул бериш белгиланди.

Кўп жойларда “президент бераëтган 1 миллион сўмлик ëрдам” сифатида талқин этилаëтган бу маблағлар¸ Озодликка келган шикоятларга кўра¸ айрим муҳтожларга умуман етиб бормаяпти¸ ëки маҳаллий расмийлар таъмагирлиги ортидан¸ унинг бир қисмигина берилаяпти.

Озодлик боғланган Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги расмийси ҳукумат ва президент фармони билан ажратилиши белгиланган пулларнинг тўлиғича вилоятларга тақсимланганини билдирди.

Бу ëрдамни ким олишини белгиловчи Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати эса¸ жараëнга оид шикоятлар кўпайганини эътироф қилди¸ айни пайтда¸ уларнинг 50 фоизи асоссиз эканини таъкидлади.

Видеошикоятлар

Озодликка пандемия даврида даромадсиз қолгани¸ президент ва ҳукумат қарорларига қарамай¸ ўзи ва оиласига ҳеч қандай моддий ëрдам берилмаëтганини иддао қилган ўнлаб шикоят¸ хусусан¸ видеомурожаат келмоқда.

Хусусан¸ Шаҳрисабз шаҳрининг Тепалик маҳалласи 34-уйда яшовчи кекса аëл ўзининг 500 минг сўмлик пенсиясига жами 7 жон тирикчилик қилишини айта туриб¸ маҳалла орқали бериладиган ижтимоий ëрдам ўз оиласини четлаб ўтаëтганини таъкидлайди.

Шаҳрисабзлик 96 яшар аëл ҳокимдан ëрдам сўради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

3 август куни бу видеони юборган оилага яқин шаҳрисабзликнинг айтишича¸ гапини Шаҳрисабз ҳокими Тўлқин Каримовга “Тўлқинжон” деб бошлаган бу аëл 96 ëшда ва унинг азалдан камбағал яшаб келган оиласи¸ пандемия даврида ниҳоятда оғир аҳволда қолган.

"Шундай бўлсада¸ бу оилага ижтимоий ëрдам¸ хусусан Ҳайит кунлари тарқатилган моддий ëрдам тегмади"¸ деди Озодликка боғланган шаҳрисабзликлардан бири.

Озодликка Қашқадарë вилоятининг Деҳқонобод туманидан келган видеода ногирон фарзанди олдида ўтириб гапирган Пахта Василова ҳам¸ уйсиз ва даромадсиз экани¸ туман ва вилоят ҳокимлигига қилган мурожаатлари фақат “алдов” билан тугаëтганини гапиради.

Бир марталик ëрдам пули тегмаган ногироннинг онаси президентга мурожаат қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:35 0:00

Бу оиланинг аҳволини видеотасвирга олган қўшнисининг Озодликка айтишича¸ кейинги олти ой давомида қарийб оч-наҳор яшаб келаëтган мазкур оила¸ маҳалла маъмурияти томонидан “60 бош қўйи бор ўзига тўқ хонадон” сифатида ижтимоий ëрдамга муҳтожлар рўйхатига киритилмаган.

Қўшниларнинг Озодликка билдиришича¸ аслида 8 жон яшовчи бу хонадонда нафақат 60 бош қўй¸ балки ўз бошпанаси йўқ – Василова 1-гуруҳ ногирони бўлган фарзанди ва бошқа фарзандлари билан жиянининг ҳовлисида вақтинча яшаб келади.

Бу видео Озодликка юборилиши ортидан Деҳқонобод туман ҳокими Зоир Алиқуловнинг 3 август куни Василова ҳолидан шахсан ўзи хабар олгани ҳақида хабар ва суратлар чиқди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати ўз Телеграм каналида тарқатган бу хабарда Аэродром маҳалласи Мажнунтол кўчасида яшовчи Пахта Василовада “марҳум турмуш ўртоғидан мерос қолган 60 бош қўй, 2 бош қорамол ва Аэродром МФЙ биноси олдида қурилган бир хонали савдо дўкони (ҳозир бошқа фуқарога сотилган) мавжуд бўлса-да, ногирон фарзанди М.Дониёровани рўкач қилган ҳолда, масъул ташкилотларга мурожаат қилиб келади”¸ деб ëзилган.

Бундай иддаога далил сифатида ҳокимлик¸ Василованинг жияни ҳовлисига бойлаб қўйилган бузоқ суратини "икки бош қорамол" сифатида илова қилди.

Деҳқонобод туман ҳокимлиги Василованинг ночор эмаслиги тасдиғи сифатида шу суратни ўз Телеграм каналида эълон қилди.
Деҳқонобод туман ҳокимлиги Василованинг ночор эмаслиги тасдиғи сифатида шу суратни ўз Телеграм каналида эълон қилди.

Баëнотда шунингдек¸бу хонадонга маҳалла¸ ҳокимлик¸ маҳаллий депутат ва тадбиркор томонидан карантин даврида бир неча бор озиқ-овқат берилгани алоҳида таъкидланди.

Озодликка Сурхондарë вилояти Термиз шаҳри Гулистон МФЙ Фидокор кўчасида яшашини айтган 21 яшар Дилшод Бўриев ҳам ҳайит кунлари ҳукумат томонидан ночор ва ногиронларга берилган ижтимоий ëрдам ўзига тегмаганини айтади.

Термизлик 21 яшар ногирон Дилшод Бўриев карантин даврида ижтимоий ëрдамсиз қолганини айтади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:56 0:00

Озодликка келаëтган бошқа қатор шикоятларда Қурбон ҳайити муносабати билан камбағалларга ажратилган “ 1 миллион сўмлик президент ëрдами"нинг уни тарқатаëтган маҳалла ва ҳокимлик расмийлари томонидан тўлиқ берилмаëтгани иддао қилинди.

Хусусан¸ айрим мурожаатларда қоғозга 1 миллион сўм олдим¸ деб қўл қўйдирилган ҳолда¸ аслида 750 минг¸ ëки 500 минг сўм берилаëтгани иддао қилинди.

Моддий ëрдамни тарқатишга масъуллар нима дейди?

3 август куни Озодлик пандемия даврида даромад манбаидан ажраганлар¸ қолаверса¸ ногирон ва боқувчисиз қолганларга берилиши эълон қилинган моддий ëрдамнинг тарқатилиш жараëнига оид шикоятларга муносабат билдиришни сўраб бу жараëнга масъул икки тизим – Иқтисодий тараққиëт ва камбағалликни қисқартириш¸ ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан боғланди.

Иқтисодий тараққиëт вазирлиги ҳукумат ва президент фармонида пандемия даврида оғир аҳволга тушган оилаларга тарқатилиши белгиланган пул маблағларининг шаҳар ва вилоят ҳокимликлари балансига тўлиқ ўтказилганини билдирди.

Биз белгиланган маблағни тўлиқ ажратдик. Уни тарқатишга алоқамиз йўқ. Бу иш билан Маҳалла вазирлиги ва ҳокимликлар шуғулланмоқда”¸ деди Озодлик боғланган Иқтисодий тараққиëт вазирлиги расмийси.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати мутасаддиси эса¸ аксар аҳоли бир пайтга тўғри келган ҳукумат фармойиши ва президент фармони ижроси ва суммасини қориштираëтганини билдирди.

Ҳозир одамларга тарқатилаëтган пул Вазирлар Маҳкамасининг 29 июль кунги 346-фармойиши бўйича берилаяпти. Унга кўра 150 миллиард сўм ажратилди “Саховат ва кўмак фонди”дан. Бундан 25 миллиарди Тошкент шаҳрига¸ 20 миллиард Қашқадарë вилоятига¸ Жиззах¸ Навоий ва Сирдарëга 5 миллиарддан¸ қолган вилоятларга 10 миллиарддан ажратилди. Ана шу пул арафа ва ҳайит кунларида аҳолига тарқатилаяпти. Қайси оилага қанча берилишини Молия вазирлиги ҳисоблаб чиққан¸ киши бошига¸ адашмасам¸ 175 мингдан. Етти тоифадаги шахс ва оилаларга берилаяпти бу ëрдам. Буни тарқатиш жойлардаги сектор раҳбарларига топширилган”¸ деди вазирлик масъули.

Президент фармонида белгиланган бир марталик пул тарқатиш ҳали бошланмади

Ўзбекистон президенти 30 июль куни имзолаган “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ëрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланади.

Бу фармонга мувофиқ¸ маҳаллалар томонидан ночор деб топилганларнинг “темир дафтари”га киритилган 400 мингдан ошиқ оиланинг 1 миллион 700 мингдан ошиқ аъзосига давлат бюджетидан бир марталик ëрдам ажратилади.

Фармон билан бу оилаларга 15 августга қадар тарқатиш учун “Саховат ва кўмак” жамғармасига давлат томонидан 200 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Маҳалла вазирлиги расмийси Озодлик билан суҳбатда айни кунларда “темир дафтар”ни тўлдириш жараëни бораëтгани ва ҳозирча президент фармони бўйича бериладиган бир марталик моддий ëрдамни тарқатиш бошланмаганини таъкидлади.

Президент фармони бўйича ҳали берилмади. Оилалардан хабар олиш марказлари 2-3 кун ичида рўйхатни шакллантиради. Бу дафтарга пандемия даврида оғир аҳволга тушиб қолганлар¸ шунингдек¸ эскидан ижтимоий ëрдам олиб келган ногирон ва бошқа тоифадагилар киритилган. Бу жараëн учун Маҳалла ва Ички ишлар вазирлиги масъул. Маҳалла вазирлиги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар “темир дафтари”ни шакллантиришга масъул¸ пулни тарқатиш эса секторлар зиммасида. Kиши бошига бир марталик ëрдамни қандай тарқатиш бўйича Молия вазирлиги йўриқномаси бор. Унга кўра¸ "темир дафтар"га киритилган оилаларнинг ҳар бир аъзосига 220 минг сўмлик ëрдам берилади”¸ деди Маҳалла вазирлиги расмийси.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги пастлиги¸ ҳукумат ва президент фармони ижросини нотўғри талқин этиш ҳоллари кенг тарқалганини таъкидлаган Маҳалла вазирлиги расмийси¸ бу ëрдамларни тарқатишга оид шикоятлар ўрганилаëтганини таъкидлади.

Одамларимизда ҳуқуқий маданият йўқ. Фармон ва қарорларни ўқимаяпти. Биз аҳолига айтаяпмиз¸ президент фармони бўйича ҳали пул тарқатилмаяпти¸ рўйхатни шакллантириш жараëни кетаяпти¸ деб. Лекин ҳали бошланмаган нарсадан шикоят қилишаяпти. Масалан¸ бизга бўлган мурожаатларнинг 50 фоиздан ошиғи асоссиз бўлиб чиқаяпти. Эртага президент фармони ижроси бошланса¸ одамлар нега бизга 1 миллиондан бермади¸ деган эътироз билдиришни бошлайди”.

Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиëжмандларга ажратилган 150 миллиард сўмни тарқатиш бошланиши ортидан айрим жойларда аҳоли норозилиги жанжалга айланиб кетди.

Хусусан¸ 31 июль куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманида муҳтожларга ажратилган пулни тарқатиш пайти маҳалла қўмитаси аъзолари билан аҳоли ўртасида жанжал чиқди.

Сергелиликлар “муҳтожлар пули” эҳтиёжмандларга берилмасдан, таниш-билишчиликка йўл қўйилганига норозилик билдирди.

Бу ва бошқа шикоятларга 1 август куни муносабат билдирган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги расмийси Аҳрор Ғуломов "​барча ҳолатлар ўрганилаëтгани"¸ "қонун бузилиши ҳолатлари тасдиқланадиган бўлса, айбдорларга нисбатан албатта ўрнатилган тартибда чоралар кўрилиши"ни билдирди.

XS
SM
MD
LG