Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:47

АҚШ уйғурлар масаласида Хитой компаниясини жазога тортди


Шинжон-Уйғур мухторияти. Қашқар шаҳри манзараси.
Шинжон-Уйғур мухторияти. Қашқар шаҳри манзараси.

Қўшма Штатлар жума куни Хитойнинг Шинжон вилоятидаги бир йирик компанияга ва унинг икки расмийсига иқтисодий санкциялар эълон қилди. Бу чора уйғурлар ва бошқа этник озчилик элатларга нисбатан инсон ҳуқуқлари бузилиши давом этаётгани учун амалга оширилган.

Ушбу ҳаракат Президент Дональд Трамп Хюстондаги Хитой консуллигини ёпиш ҳақида буйруқ чиқаришидан бир ҳафта ўтиб содир бўлди. Пекин ҳам АҚШнинг Ченгду шаҳридаги консуллигини ёпишга қарор қилган.

АҚШ Молия вазирлиги ўз баёнотида XPCC (Xinjiang Production and Construction Corps) номи билан танилган Шинжон ишлаб чиқариш ва қурилиш корпусини, XPCC собиқ партия котиби Сун Жинлонгни ҳамда XPCC партияси котиби ўринбосари Пенг Жиаруйни жазога тортган.

"Хитой Коммунистик партиясининг Шинжонда уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларга нисбатан инсон ҳуқуқларини бузиб келаётгани “аср доғи”дир", - деди АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ўз баёнотида.

Хитой ҳукумати озчилик гуруҳларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганини рад этади ва уйғурлар тутқунликда сақланаётган лагерлар аслида касбий тайёргарликни таъминлаш ва экстремизмга қарши курашиш мақсадида очилганини айтади.

Вашингтон қабул қилган сўнгги чора ортидан компания ва унинг икки мансабдор шахсига қарашли АҚШдаги барча активлар музлатилади, америкаликларга улар билан алоқа қилиш тақиқланади ҳамда Сун Жинлонг ва Пенг Жиаруйнинг АҚШга киришига рухсат берилмайди.

Ўзини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган АҚШ расмийларидан бирининг айтишича, жазога тортилган компания "Хитой Коммунистик партиясининг бевосита назорати остида турли хил вазифаларни бажарадиган махфий, ҳарбийлашган ташкилотдир".

"Улар партиянинг кенг қамровли назорат қилиш, ҳибсга олиш ва тарғибот ишларини амалга оширишда бевосита иштирок этади. Бу йўл билан улар Шинжондаги уйғурлар ва бошқа этник озчилик вакилларини нишонга олишини биламиз", - деди расмий.

Яқинда Вашингтон Шинжон Коммунистик партияси котиби, Хитойнинг қудратли Сиёсий бюроси аъзоси, айни пайтда XPCC биринчи партия котиби Чен Қуангуога, Шинжон Жамоат хавфсизлиги бюросига ҳамда бошқа вилоят расмийларига ҳам жазо чораларини эълон қилган эди.

Янги Америка хавфсизлик маркази эксперти Питер Харреллнинг айтишича, иқтисодий нуқтаи назардан, жума куни эълон қилинган санкциялар АҚШ босимининг жиддий тус олганини ва бу Хитойда фаолият юритаётган компанияларга огоҳлантириш эканини англатади.

"Трамп маъмурияти ниҳоят мазмунли санкцияларни қабул қилди. Аввалги рамзий чоралардан фарқли ўлароқ, бу Шинжонга оид аниқ ҳаракат", - деди Харрелл.

XPCC 1954-йилда ташкил этилган ярим ҳарбий гуруҳ ҳисобланади. У ҳарбий хизматдан озод қилинган аскарлардан ташкил топган ва вилоятнинг қурғоқчилик ерларида деҳқончилик хўжаликларини ташкил қилиш билан шуғулланган.

Кейинчалик шарқий Хитойнинг оддий фуқаролари ҳам корпусга қўшилди. Ҳозир унинг аъзолари сони 3,11 миллион кишидан ортиқ. Бу минтақа жами аҳолисининг 12 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Уйғур мусулмонлари яшайдиган минтақада ташкилот аъзоларининг деярли барчаси хан хитойларидан иборат.

XS
SM
MD
LG