Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:23

OzodDayjest: Республика махсус штаби аъзоси коронавирусга қарши курашда хатоларга йўл қўйилганини тан олди


Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов.

Парламент МБ раисига муаммолар юзасидан сўров юборди. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов COVID-19 билан пойгада ортда қолиш сабабларини айтди. Қонунчилик палатаси депутати Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эътибор қаратиши лозим бўлган ҳолатларни санаб ўтди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_________________________________________________________

Парламент Марказий банк раисини “дуэл”га чақирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тадбиркорлик ташаббусларини молиялаштиришга доир муаммолар юзасидан Марказий банк раисига парламент сўрови юборди (“Миллий тикланиш” газетаси, 29 июль).

Қайд этилишича, тадбиркорлик ташаббусларини молиялаштиришда тижорат банкларида ресурслар етишмаслиги билан боғлиқ тизимли муаммолар мавжуд. Қолаверса, нобанк кредит ташкилотлари хизматларига бўлган эҳтиёж юқори бўлса-да, мамлакатда фаолият олиб бораётган нобанк кредит ташкилотларининг кредит бозоридаги салмоғи пастлигича қолмоқда. Нобанк кредит ташкилотларининг умумий сони 118 та бўлиб, шундан микрокредит ташкилотлари 57 та, ломбардлар сони эса 61 тани ташкил этади. Уларнинг ҳам 53 таси Тошкент шаҳрида жойлашган. Қорақалпоғистонда бирорта нобанк кредит ташкилоти йўқ, Навоий, Жиззах, Сирдарё вилоятларида 2 тадан, Қашқадарёда эса атиги 1 та.

Қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида мамлакат Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродовнинг юқоридаги масалалар бўйича ахборотини эшитиш режалаштирилди.

Газетанинг эслатишича, 2019 йили турли идоралар раҳбарларига юборилган 175 та депутатлик сўровига ўринбосарлар жавоб қайтарган, аслида эса парламент сўровига мансабдор шахсларнинг ўзи жавоб бериши керак.

Мутахассис коронавирус билан пойгада ортда қолиш сабабларини айтди

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов 5 ой олдинга –Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси бошланган вақтга яна қайтиш имкони туғилса, қандай хатоларга йўл қўймаслиги ҳақида гапирди (www.kun.uz, 26 июль).

Ўтган беш ва ҳатто ундан олдинги давр ҳам биз, яъни соғлиқни сақлаш тизими ҳамда коронавирус ўртасидаги ўзига хос пойга даври бўлди, десам хато бўлмайди. Имконим бўлганида, биз нисбатан орқада қолган жиҳатларимизни тўғрилаган бўлардим. Яъни койкалар сонини янада кўпайтирардим, рақамли рентгенлар, пулсоксиметрлар, кислород берувчи мосламаларни катта миқдорда харид қилиш устида ишлардим. Айниқса, лаборатория соҳаси, ПЗР тизимларни кўп жойда ташкиллаштириб қўярдим”, деган профессор Ҳ.Оқилов.

Республика махсус штаби аъзоси тайёргарликларга қарамай барибир оқсашлар кузатилганини тан олган.

Профессор Ҳ.Оқилов 8 июль куни қилган чиқишида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ресурслар “поёнига етгани”, бўш койка-ўринлар қолмаганини маълум қилган. 9 июлдаги брифингда эса у койка-ўринлар, дори захираси мавжудлигини, тизим ҳар қанча беморни қабул қила олишини таъкидлаган.

Депутат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эътибор қаратиши керак бўлган ҳолатларни санади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаммад Валиев олий таълим муассасаларида кузатилаётгани коррупцияга дахлдор ҳолатларга эътибор қаратди. Қайд этилишича, ОТМларни таъмирлаш ва янги бинолар қурилиши жараёнида маблағ ўзлаштириш, тендер ҳужжатларини сохталаштириш, қурилиш материалларини “таниш” корхоналардан нархни оширилган ҳолда сотиб олиш ва ўртадаги фарқни ҳақ сифатида олиш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Шунингдек, университет ҳамда институтларга техник жиҳозларни ОТМ раҳбариятининг яқинлари ва қариндош томонидан асос солинган корхоналардан бир неча баробар қиммат нархда харид қилиш ҳам мавжуд. Депутатга кўра, муаммолар рўйхати бу билан чекланмайди. Бу каби тизимли муаммолар йиллар давомида бартараф этилмагани таълимга ҳам тўсқинлик қилмоқда.

Янги тузилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигига шу каби муаммоларга эътибор қаратиш, ўрганиш натижаларини жамоатчиликка ошкор этиш тавсия этилган.

XS
SM
MD
LG