Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:33

Тест ўтказадиган ташкилотнинг 48 яшар ходимаси 7 кун иситма ичида ишлади, 3 кун ётиб, вафот этди


Ишхонада туриб, осма укол олаётган 48 яшар (эндиликда марҳума) лаборант Холисхон Жалолова, 2020, 14 июль.
Ишхонада туриб, осма укол олаётган 48 яшар (эндиликда марҳума) лаборант Холисхон Жалолова, 2020, 14 июль.

Яккасарой тумани Санитария эпидемиология осойишталик марказининг (СЭОМ) 48 яшар ходими Холисхон Жалолова иш жараёнида ўткир бронхопневмонияга чалиниб, оламдан ўтди.

Оиласи ва ҳамкасбларидан олинган маълумотга кўра, Жалолованинг тана ҳарорати шу йилнинг 9 июлидан 38 – 38 ярим даражагача кўтарилишни бошлаган. Оиласи аёлнинг иситма ичида бир ҳафта ишлагани, сўнгра аҳволи оғирлашиб шифохонага тушиб қолгани ва 3 кун ичида вафот этганини айтмоқда.

Яккасарой тумани СЭОМ раҳбарияти, идоранинг паразитология лабораториясида ишлаган Холисхон Жалолованинг иш жараёнида касалланиб, вафот этганини тасдиқлади, аммо бу ҳақда бошқа маълумот бермади.

48 яшар Жалолова, қизи Мукамбар Умарованинг айтишича, 21 йилдан буён шу соҳада ишлаб келаётган эди.

Аёлнинг иситмаси шу йилнинг 9 июлидан кўтарила бошлаган, коронавирус учун бир марта тест топширган ва унда вирус аниқланмаган.

- Мен онамга айтиб юрган эдим: “Она, уйда қолинг, қон босимингиз баланд”, десам кўнмагандилар: “Халқнинг бошига иш келди, мен ишлашим керак”, дедилар. Июль ойи бошида ишхонада бир кишида коронавирус тасдиқланди. 9 июлдан онамнинг иссиғи чиқа бошлади, 38 ярим даражага чиқди. Ишхонага бориб биздан тест олинглар, десалар, таблеткаларни ичиб туринг, ўтиб кетади, деб олишмаган. Бир марта тест олишганида, коронавирус аниқланмаган, лекин мен бу тест таҳлилининг сифатли ўтказилганига ишонмадим. Чунки, ўзим апрелда коронавирус билан оғридим ва онамдаги симптомлар меники билан айни эди. Шу билан онам 16 июлгача 38 – 39 даражагача иситма билан ишга қатнади. 17 июль куни иситмаси 40 даражага чиқди. Ўша кун шифохонага ётқиздик, - деди Мукамбар.

Холисхон Жалоловадан коронавирус учун олинган тест таҳлилининг жавоби, 15 июль, 2020
Холисхон Жалоловадан коронавирус учун олинган тест таҳлилининг жавоби, 15 июль, 2020

Унга кўра, онасига шифокорлар “ўткир бронхопневмония” ташхисини қўйган ва COVID-19га тест топширишни тайинлаган.

Мукамбар Умарова, ўшандан кейин онасидан тест учун таҳлил олинмаганини даъво қилди:

- Шанба куни эди. Ишхонасидагилар шанба-якшанба кунлари тест олишни тўхтатиш ҳақида топшириқ бор, деб олмади. Мен Соғлиқни сақлаш вазирлиги, СЭОМни республика идорасини ишонч рақамларини сайтидан топиб, қўнғироқ қилдим. Телефонни ҳеч ким кўтармади. Охири 21 июль куни онам оламдан ўтдилар. Ўша куни ўпкасида яллиғланиш 70 фоизга етиб бўлган экан.

Шу тариқа, 25 яшар Мукамбар Умарова, онам коронавирус учун тест олинадиган ташкилотда ишлаб туриб, вақтида тест қилинмади ва бунинг ортидан аҳволи оғирлашиб, вафот этди, деб даъво қилмоқда.

Айни пайтда, Умарова онасига расман ковид инфекцияси аниқланмагани учун иш вақтида вирус юқтириб олган тиббиёт ходимларига белгиланган имтиёз, рағбатлантириш ва товон пулларини ҳам тўланмагани, онасининг хаслиги боис, бу тўловлар билан қизиқмаганини ҳам айтди.

Қуйида Мукамбар Умарова билан суҳбатни тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:25 0:00
Бевосита линк

Марҳума билан бир ташкилотда ишлашини айтган ва исмини очиқламасликни сўраган ҳамкасбининг айтишича, Холисхон Жалолова коронавирус эпидемияси бошланганидан сўнг дезинфекторлик қилган.

Жалолова коронавирус аниқланмаган аҳоли пунктлари – маҳаллалар, хонадонлар ва кўпқаватли уйларини дезинфекция қилган.

Ҳамкасби, Жалолова хаста ҳолида бўлса ҳам, ўз ихтиёри билан ишини давом эттиргани, аммо махсус ҳимоя кийимларисиз ишлаганини айтди.

Бу ходимга кўра, Яккасарой тумани СЭОМнинг ходимлари, коронавирус расман аниқланмаган ҳудудларда ниқоб, қўлқоп ва оқ халатдагина ишлайдилар, уларга махсус ҳимоя кийимлари берилмайди.

СЭОМ ходими: “Аҳоли орасида коронавирус чиқаётган бир пайтда СЭОМ ходимлари вирус чиқмаган ҳудудларда ҳам тўлиқ ҳимоя кийимлари билан таъминланиши зарур”, деб алоҳида таъкидлади.

Марҳума Жалолованинг яқинлари унинг иш жараёнида олинган сўнгги суратларидан бирини Озодликка тақдим қилди:

Яккасарой СЭОМ ходими Холисхон Умарова ниқоб, қўлқоп ва оқ халат билан аҳоли пунктларини дезинфекция қилмоқда, июль, 2020
Яккасарой СЭОМ ходими Холисхон Умарова ниқоб, қўлқоп ва оқ халат билан аҳоли пунктларини дезинфекция қилмоқда, июль, 2020

Яккасарой тумани СЭОМ раҳбари Муқаддас Тўраева билан боғланишнинг имкони бўлмади. Мулозим қўл телефонига қилинган қўнғироқларига жавоб бермади.

Ташкилотнинг эпидемиолог врачи Ирина Сафаровна Жалолова бу ташкилотда ишлаганини тасдиқлади ва унинг коронавирусга чалинган беморлар учун ажратилган шифохонага ётқизилганидан хабари борлигини ҳам айтди. Аммо, бошқа маълумотларни биринчи раҳбардан олишни тавсия қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария эпидемиология осойишталик агентлиги (СЭОА) ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкилотлари ҳозирда коронавирус аломатлари кузатилган кишилардан таҳлил намуналарини олиб, тест ўтказишга масъул ягона ташкилот бўлиб қолмоқда.

Баъзи хусусий клиникалар ҳам коронавирусга тест олиши мумкин, аммо якуний натижани СЭОА тасдиқлаб бериши лозим.

Ўзбекистондаги расмий рақамларга кўра, кунига 350дан – 500 нафаргача одам коронавирусга чалинмоқда ва шу боис, ҳозирга келиб ушбу ташкилот ходимлари куну тун иш режимида ишламоқда.

Озодликка СЭОА ходимларидан келаётган ўнлаб шикоятларга кўра, улар ҳимоя кийимлари билан ҳануз етарли даражада таъминланмаган, айримлари ҳатто ҳимоя кийимларисиз – фақатгина ниқоб ва қўлқоп билан аҳоли пунктларини дезинфекция қилмоқда.

Бундан ташқари, агентликнинг қатор идораларида вирус юққан ходимлар аниқлангач ҳам, бошқа ходимлар ишхоналарда қолиб, ишини давом эттираётгани Озодликка маълум.

Жумладан, Озодликка расман маълум бўлишча, июль бошида агентликнинг бир неча ўн ходими Covid-19 ташхиси билан касалхонага ётқизилган, Озодлик касалхонага ётқизилган ходимлардан тўрт нафари билан гаплашган эди.

Шуниндек, Озодлик ташкилотнинг Наманган вилояти бошқармаси ҳам, коронавирусга чалинган ходимлари аниқланганини ортидан карантинга ёпилганини хабар қилган. 15 июль куни марказдан олинган маълумотда, ходимлар СЭОМ биносида қолиб, ишини давом эттираётгани айтилганди.

Шу пайтгача, Ўзбекистонда коронавирус касаллигига чалинган ёки вирусга чалингач вафот этган тиббиёт ходимлари умумий сонига оид расмий рақамлар Озодликка маълум эмас. Аммо, алоҳида ҳудудлар учун берилган айрим маълумотлар бор.

Жумладан, Самарқанд вилоятида шу йилнинг 15 мартидан 21 июлга қадар 67 нафар тиббиёт ходими беморларни даволаш ва хизмат вақтида COVID-19 касаллигини юқтириб олгани маълум қилинган.

Бундан ташқари, Бухородаги биргина муассасада 5 тиббиёт ходими вирус юқтириб олгани ҳақида ҳам Озодлик хабар қилган.

Шу йилнинг 13 апрелида Андижонда коронавирусга чалинган 90 беморнинг 78 нафари тиббиёт ходими экани вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов маълум қилган эди. Бундан ташқари, коронавирусдан вафот этгани расман маълум қилинган Ўзбекистондаги илк бемор ҳам шифокор экани расман маълум қилинган.

Айни пайтда Ўзбекистонда Covid-19 бўйича тест натижасини аниқлашга масъул ушбу агентликдаги аҳвол мамлакатдаги вазиятни издан чиқариши мумкинлигидан хавотирлар ҳам мавжуд.

XS
SM
MD
LG