Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:24

Пневмониядан Қирғизистонда 612, Қозоғистонда эса 623 бемор ўлди. Расмийлар Ўзбекистонда пневмония эпидемияси йўқлигини айтмоқда


Коронавирус юқиб, пневмониянинг оғир формасидан азият чекаётган бемор сунъий нафас олдириш қурилмасига уланган. Тошкент, 2020, июнь.
Коронавирус юқиб, пневмониянинг оғир формасидан азият чекаётган бемор сунъий нафас олдириш қурилмасига уланган. Тошкент, 2020, июнь.

Қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда юзлаб киши ҳаётига зомин бўлаётган пневмония эпидемияси, Озодлик гаплашган СЭОА бўлинмалари ва ССВ расмийларига кўра, Ўзбекистонда ҳозирча кузатилмаётир.

Аммо, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Андижон вилоятларидаги шифокорлардан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистонда атипик пневмония билан касалланиш ҳолатлари кўпайган ва бу касалликни ҳам COVID-19 инфекцияси келтириб чиқармоқда, деган хулосага келинган. Шифокорларга кўра, бундай пневмониядан ўлим ҳолати оз.

Коронавирус статистикасига қўшилмай, алоҳида ҳисобланаётган пневмониядан вафот этганлар 16 июлгача Қирғизистонда 612 нафар (касалланганлар 10 мингга яқин) Қозоғистонда эса 623 нафарга (касалланганлар 39 мингдан) етди.

Қозоғистон ва Қирғизистонда COVID-19 инфекцияси аломатлари кўринган, аммо вируснинг ўзи аниқланмаган пневмония касаллиги кенг кўламда тарқалишда давом этмоқда.

Шифокорлар орасида "янги турдаги", "атипик", "номаълум", "внебольничная" пневмония, деб номланаётган бу касалликнинг аломатлари коронавирус инфекцияси қўзғаган COVID-19 касаллиги билан бир хил, аммо тест таҳлилларида вирус аниқланмаётир.

Бундан ташқари, пневмония ташҳиси қўйилган беморларда ўпканинг яллиғланиши, коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан тез кечмоқда. Оғир ҳолатларда ўпка яллиғлана бошлаганидан 4-5 кун ўтиб, бемор вафот этмоқда.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 16 июлга келиб қарийб 10 минг одам бу касалликка чалинган, 612 нафари ўлган.

Қозоғистонда эса расмий маълумотга кўра, қарийб 40 минг одам пневмонияга чалинган, 628 одам бу касалликдан ўлган.

Ҳар икки давлат шифокорлари пневмонияга чалинган беморларни COVID-19 инфекциясини даволаш методикаси асосида даволамоқда. Аммо, касалликнинг ривожланиш суръати COVID-19 беморларига нисбатан тез кечаётгани, бунинг устига тиббий ресурслар етишмаётгани боис, ўлим кўлами ошиб бораётганини қайд этмоқдалар.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Қозоғистондаги вазиятни кузатаётган экспертлари бу касалликни келиб чиқиши номаълум бўлган янги турдаги пневмония, деб таърифламоқда ва ҳозиргача, уни коронавирус инфекцияси қўзғаганини тахмин қилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам пневмония билан касалланиш ҳоллари кузатилмоқда. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисларига кўра, бу касалликни COVID-19 инфекцияси қўзғамоқда.

Қўшни давлатлардаги каби, келиб чиқиши номаълумлиги айтилаётган пневмония касаллиги Ўзбекистонда расман ҳануз қайд этилмаган.

Пневмонияга чалинган беморлар

Тошкентда яшайдиган 36 яшар бемор бир неча кун муқаддам ўзига пневмония бошланғич даражаси ташхиси қўйилганини билдирди. (Беморнинг шахсига оид маълумотлар ошкор қилинмаётир.)

Беморнинг айтишича, у бир неча кун ўзида енгил иситма, йўтал ва кучли ҳолсизликни сезган. Аммо, кучли иситма, таъм ёки ҳид билиш қобилиятини йўқотиш каби COVID-19 инфекциясида кузатиладиган бошқа аломатларни сезмаган.

Суҳбатдош “Тез ёрдам” хизматига мурожаат қилгани, аммо кутишга сабри чидамай, хусусий клиникага бориб, умумий тиббий текширувдан ўтганини айтди:

“Озгина шамоллаб қолгандим. Кучли иситма йўқ эди. Кейин ўзим бориб, МСКТ (компьютер томографияси-таҳр.) қилдирсам, ўпканинг икки томонлама яллиғланиши, деб диагноз қўйишди, ҳали бошланғич даражаси экан, процентини айтишмади, тўғриси. Дориларни ёзиб, уйда даволанишга тавсия берди врач. Унақа ковидга подозрение, демади, шифохонага ҳам жўнатмади. Чунки, тест натижасини узоқ кутиш керак, уни устига бориб, вирус юқтириб келиш мумкин. Доктор уйда даволанинг, аҳволингиз оғирлашса яна келинг, ётқизамиз, деди".

Бухородаги юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган мустақил журналист Учқун Турсунов ҳам пневмонияга чалингани, аммо COVID-19 учун топширган илк таҳлилида вирус тасдиқланмаганини айтди.

Айтишича, уни коронавирус юқтиргани гумон қилинган беморлар билан бир шифохонада даволашмоқда, у билан бир хонада даволанган 3 беморда коронавирус аниқлангач, бошқа шифохонага жўнатилган:

"Биринчи марта топширганимда вирус тасдиқланмади. Лекин, ўпкада иккитомонлама яллиғланиш чиқди. Ҳозир шифохонадаман. Аҳволим анча яхши. Бу ерда шифокорлар беморларга жуда яхши қарашяпти, жуда мамнунман. Мендаги пневмонияни нима келтириб чиқаргани жумбоқ, ҳозирча", деди журналист.

Шифокорлар атипик пневмония ҳолатларини қайд этмоқда

Озодлик гаплашган Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Андижон вилоятларидаги шифокорлар сўнгги бир ой ичида коронавирус инфекцияси аломатлари айнан кўринган, аммо вируснинг ўзи аниқланмаган беморларда атипик пневмония касаллиги кузатилаётганини айтмоқдалар.

Жумладан, Тошкент Тиббиёт академияси қошидаги клиникалардан бирида ишлайдиган шифокордан олинган маълумотга кўра, бундай беморлар, ҳали коронавирус аниқланмагани учун, алоҳида шифохоналарга ётқизилмоқда ва COVID-19 касаллиги методикаси билан даволанмоқда:

"Атипичний пневмония тури чиққан. Уям ковиднинг бир белгисиз тури. Ваҳима керагидан ортиқча кўтарилган, лекин асоссиз. Тўғри, ўлим ҳолатлари бор, лекин унақа кўп эмас".

Пойтахтдаги 2-сонли юқумли касалликлар шифохонасидан олинган маълумотга кўра, бундай беморлар талайгина:

“Бизга бунақалар ковидга подозрение билан келтириляпти. Лекин, 3 кун узоғи билан 5 кунда маълум бўляпти. Ковид чиққанлар махсус шифохонага кетади, чиқмаганлар тузалиб, уйига кетади. Ҳозир пневмония бўлганларнинг кўпи ковидга чалинган, фақат тест топширмаган ёки натижаси узоқда чиқадиган бемор бўлиши мумкин”, деди ушбу шифохона ходими.

Самарқанд вилоятидаги юқумли касалликлар шифохонасида ишлайдиган шифокор ҳам кейинги пайтларда COVID-19 инфекцияси аниқланмаган, аммо ўпка яллиғланиши 50 фоиздан ошиб улгурган беморлар сони аввалгидан бироз кўпайганини билдирди.

"Беморни анализи 3 мартагача отрицательний (манфий) чиқиб турган бўлиши мумкин. Келяпти шунақа беморлар. Анализ натижасини кутиб ўтирсангиз, беморда ўпка яллиғланиши ривожланиб кетяпти. Шунинг учун, уларни алоҳида шифохонага жойлаб, даволашни бошлаганмиз. Айримларида иккинчи ёки учинчи тестда коронавирус чиқяпти. Лекин, тезда тузалиб кетаётган беморларда учинчи тестга келиб, вирус аввал бор бўлса ҳам чиқмайди, чунки бемор тузалган. Аммо, менинг ишончим комил, бу пневмонияни ҳам ковид қўзғаяпти", деди исмини ошкор қилмаётганимиз шифокор.

Чегарадаги шифокорлар қўшнилар ҳолидан хабардор

Озодлик Қирғизистонга чегарадош ҳудудлар – Андижон ва Наманган вилоятларидаги шифохона, Санитария эпидемиология марказлари ва Коронавирус штабларига ҳам боғланди.

Мухбир қатор расмий идоралардан, Қирғизистон ёки Қозоғистондаги каби, оммавий пневмонияга чалиниш ҳоллари ёки бу касалликнинг ёйилишига оид бирор маълумот ҳануз қайд этилмагани ҳақида жавоб олди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки бошқа ҳукумат ташкилотидан қўшимча эҳтиёт чораларини кўриб қўйиш ҳақида топшириқ ҳам бўлмагани айтилди.

Аммо, Озодлик гаплашган водийлик шифокорлар қўшни давлатлардаги вазиятдан хабардорлигини билдирди.

Жумладан, Наманган вилоятидаги юқумли касалликлар шифохонасининг навбатчи шифокори Қирғизистонда қайд этилган энг сўнгги рақамларни тилга олди:

“Бугунги статистика бўйича 74 киши пневмониядан ўлди Қирғизистонда, деб ўқидим Интернетда (15 июль). Лекин, мен шифохона номидан гапиролмайман, врач сифатида айтаманки: бизда алоҳида пневмония йўқ. Бўлмасин ҳам. Унақа пневмонияга тайёргарлик кўриб туринглар, деган кўрсатма келганидан ҳам хабарим йўқ. Бизда коронавирусга чалинганлар бор ва уларни белгиланган тартибда даволаяпмиз. Лекин, коронавирус 5 мартагача тестда манфий бериб, кейин мусбат чиқиши мумкин. Шунинг учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти у пневмонияни ҳам коронавирус келтириб чиқараётган бўлиши мумкин, деганини ўқидим Интернетда”, деди исмини очиқлашни истамаган шифокор.

Шунингдек, Қирғизистонга чегарадош Андижон вилоятида ишлайдиган шифокорлардан бири ҳам қўшни давлатдаги вазиятни муттасил кузатиб бораётгани, ундан бироз хавотирда эканини айтди.

“Бизда ҳозирча унақа пневмония йўқ. Мени назаримда қўшни давлатларда диагностикада муаммо бўляпти. Бу пневмонияни коронавирус инфекцияси чиқаряпти, деган фикрдаман. Балки бу коронавируснинг мутацияга учраган шакли ҳам бўлиши мумкин. Аммо, коронавирус инфекцияси ҳали тўлиқ ўрганилмаган, шунинг учун бу ҳақда олдиндан бир нарса дейиш жуда қийин”, деди бу шифокор.

Озодлик билан суҳбати ёзиб олинишига рози бўлган бу шифокор Қирғизистондаги вазият ва унинг Ўзбекистонга кўчиши эҳтимолига оид бошқа саволларга ҳам жавоб берди.

Қуйида бу шифокор билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:34 0:00
Бевосита линк

Расмийлар муносабат билдирмаётир

Озодлик қўшни давлатларда шитоб билан кенгаяётган ва ўлим сони кундан-кунга ошиб бораётган, Ўзбекистонда ҳам қисман кузатила бошлаган пневмония касаллиги юзасидан туғилган саволларга расмий идоралардан жавоб олишга уринди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ)марказий аппарати ва матбуот котиби Фурқат Санаев Озодлик саволларига жавоб бермади. Қайд этиш лозим, ССВ Озодлик саволларини анчадан буён жавобсиз қолдириб келмоқда.

Санитария-эпидемиология ва осойишталик агентлиги марказий аппарати ва матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров ҳам Озодликнинг телефон қўнғироқлари ва ёзма йўллаган саволларига ҳануз жавоб бермади.

Аммо Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими, Ўзбекистонда Қирғизистон ёки Қозоғистондаги каби, илгари кузатилмаган пневмония ҳали расман қайд этилгани йўқ, деди:

“Бизда ҳали бунақа маълумот йўқ. Вилоятда ҳамма юқумли касалликлар шифохоналари ўз йўналишида ишлаяпти. Бунақа касаллик Ўзбекистонга ҳам келиши мумкин, ёки келмаслиги мумкин, деб ҳам айтиш қийин. Масалан, коронавирус Хитойдан чиққанди, бутун дунёга тарқалди. Аммо, ҳозирча бизда бунақа касаллик (янги турдаги пневмония) тарқалганига оид маълумот йўқ”.

16 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 14 минг 991 нафарни ташкил этмоқда. Ҳозирда 6 минг 60 бемор шифохоналарда, улардан 60 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Мамлакатда коронавирусга чалинган 73 киши вафот этди. Вазирлик берган баёнотларга кўра, беморларнинг аксари вирусга чалингунча бошқа сурункали касалликлар билан оғриган, коронавирус эса аҳволини оғирлаштирган.

Аммо, беморларнинг 30 дан ортиғи июнь ва июль ойда вафот этди. Хусусан, сўнгги 1 ой ичида вафот этаётган беморларда COVID-19 инфекцияси аниқлангани, аксари бу касалликнинг оғир кўриниши билан оғригани, ўпканинг икки томонлама яллиғланиши - пневмония оғир кечгани ортидан вафот этгани расман айтилди.

Ҳозирга қадар ССВ томонидан, COVID-19 инфекцияси тасдиқланмаган, аммо пневмониядан вафот этган беморлар ҳақида бирор маълумот берилмади.

XS
SM
MD
LG