Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:37

Коронавирус юқтирган зарафшонлик аёл: Ҳеч ким холимиздан хабар ҳам олмайди...


Зарафшонлик Бобонорова Дилрабо 3 июль куни унда коронавирус аниқланганини айтади.
Зарафшонлик Бобонорова Дилрабо 3 июль куни унда коронавирус аниқланганини айтади.

Коронавирус инфекциясини юқтирган зарафшонлик 33 ёшли Дилрабо Бобонорова шифохонага мурожаат қилгани, лекин қабул қилишмаётганини айтди.

Бобонорованинг Озодликка айтишича, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг Зарафшон тумани мутахассислари унда коронавирус борлигини аниқлашган, олинган анализ натижалари позитив чиққани ҳақида 3 июль куни унга маълум қилишган.

Коронавирус юқтирган зарафшонлик аёл: холимиздан ҳеч ким хабар олмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:30 0:00

Навоий кон металлургия комбинатининг Зарафшон марказий кон бошқармаси технологи бўлган Бобонорова ўзида касалликнинг илк белгилари пайдо бўлганида шифокорлар унга шамоллаш ташхисини қўйишгани, оқибатда касалликни ўғлига ҳам юқтирганини айтади.

- Сешанба куни ишда мазам бўлмай қолди. Уйга жавоб беришди. Зарафшондаги марказий кон бошқармасига қарашли поликлиникага бордим. У ерда шамоллаш, деб уйга қўйиб юборишди. Сенда шамоллаш, грипп, уч кунда тузаласан деди. Чоршанба куни коронавирус бўлса керак, деб ўйлаб ўзим анализ топширдим. Кеча коронавирусга позитив деб айтишди. Ўғлимда ҳам позитив чиқди. Аҳволим кундан кун ёмонлашяпти, ўғлимни ҳам аҳволи оғирлашяпти. Зарафшон Тиббиёт бирлашмасига бордик, касалга тўлиб кетган. Элликта одам навбатда турибди. Ҳаммасида иситма, йўтал. Ҳеч ким ҳолимиздан хабар ҳам олмайди, - дейди Бобонорова.

Бобонорова ўзи ишлайдиган корхонада касалликни ҳамкасблари ҳам юқтирган бўлишини тахмин қилади.

- Ишга ҳар куни автобусда эллик киши бирга борамиз, бирга келамиз. 40 минутлик йўл. Мен уч юз одам билан бир жойда ишлайман. Комбинатда бошқаларга ҳам юққан бўлиши мумкин, - дейди Бобонорова.

Навоийда инфекциянинг энг катта ўчоғи бўлиб қолаётган Зарафшон шаҳар санитария хизматидан олинган маълумотга кўра, шу кунда иситма ва йўтал билан мурожаат қилувчилар сони ортган, барча истовчилардан таҳлил олиш учун тест тизимлари етишмаётир.

Шаҳардаги санитария-эпидемиологик хизматларидан бирининг ўзини таништирмаган ходимидан олинган маълумотга кўра, ҳозир барча ресурслар касаллик аломатлари кучли кўринган ва вирусни юқтириб олиш эҳтимоли катта бўлганларга қаратилган.

“Тест тизимларимиз пулга сотиб олинган, биринчи галда иситмаси баланд бўлганларга ишлатиляпти. Аломатлари бўлмаганлар, агар ўзида коронавирус бор, деб гумон қилса вирусга қарши ва иммунитетни кучайтирадиган дориларни ичиб, 14 кун уйда ўтириши мумкин. Ҳозир Зарафшондаги аҳволни кўриб турибсиз, вирусга чалинганлар кўп, шифокорлар ҳам етишмаяпти ҳозир”, дея очиқ тан олди санитария хизматининг ўзини таништирмаган ходими, мижоз тариқасида боғланган мухбирга.

Зарафшон шаҳри жорий йилнинг 12 майидан буён қизил ҳудуд бўлиб қолмоқда. 29 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу шаҳарга Тошкентдан мутахассис ва шифокорлар гуруҳи йўлланганини хабар қилган.

XS
SM
MD
LG