Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:12

Андижонда давлат инспекцияси биносини тадбиркор ўз ҳисобидан таъмирлади, унга ваъда қилинган ер эса берилмади


Якка тартибдаги тадбиркор таъмирлаган бино сметаси, смета устига
Якка тартибдаги тадбиркор таъмирлаган бино сметаси, смета устига

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорати Хонобод шаҳар инспекцияси биносини ўз ҳисобидан капитал таъмирдан чиқарган тадбиркор Дониёр Азимов 3 ойдан буён хизмат ҳақини ололмаётир.

Озодлик билан суҳбатда тадбиркор давлатга тегишли бино таъмири эвазига шаҳар ҳокимлиги унга 16 сотих ер майдони ваъда қилгани, аммо иш битгач, ер берилмаётганидан арз қилди.

Тадбиркор арзига жавобан, шаҳар прокуратураси ҳоким билан келишув оғзаки бўлиб, ҳужжатлаштирилмаганини билдирган. Шаҳар ҳокими эса ер бериш ваколати бекор бўлгани ва энди ерни фақат аукцион орқали сотиб олиши мумкинлигини айтмоқда.

Бу ҳолда тадбиркор меҳнат ҳақини пул кўринишида олиши мумкинми ва умуман, нега давлатга тегишли бино тадбиркор ҳисобидан таъмирланди, деган саволларга расмий идоралардан ҳозирча жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида яшовчи 38 яшар якка тартибдаги тадбиркор Дониёр Азимовнинг айтишича, у отасининг номига расмийлаштирилган ва тайёр егулик маҳсулотларини тайёрлаш ҳамда сотиш учун берилган гувоҳнома асосида, шаҳарда егулик сотиш билан шуғулланиб келади.

Азимовнинг Озодликка айтишича, шу йилнинг январида унга ҳоким Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорати Хонобод шаҳар инспекцияси биносини 16 сотих ер эвазига таъмирлаб беришни таклиф қилган.

Тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ниятида, шаҳар ичидан ер олишни режалаган Азимов, таклифни қабул қилгани ва оилавий сармояси ҳисобидан бинони капитал таъмирдан чиқариб берганини атймоқда.

- Ҳокимнинг қабулига кирганимда, шуни Наврўз байрамигача битириб берсанг, сенга 16 сотих ерни ажратиб бераман, деб айтди. Сметанинг устига қўл қўйиб берди. Байрамга битсин, деб айтганига ишни январдаёқ бошладим, - дейди Дониёр Азимов.

Азимовнинг иддао қилишича, таъмирни бошлашидан олдин ҳоким берган оғзаки ваъдадан ташқари, дастлабки сарф-харажат акс этган бир варақ қоғозга: "21 март ойига Наврўзга очилиш бўлади" деб дасхат ёзиб берган:

Дониёр Азимов тайёрлаган дастлабки сарф-харажат режаси туширилган қоғоз устига қўйилган дасхат, сурат таҳририятга 1 июль куни тақдим қилинди
Дониёр Азимов тайёрлаган дастлабки сарф-харажат режаси туширилган қоғоз устига қўйилган дасхат, сурат таҳририятга 1 июль куни тақдим қилинди

Тадбиркор дастлабки режага биноан капитал таъмир ишлари тақрибан 74 ярим миллионга сўмга яқин суммага баҳоланган:

- 25 мартда топширдим. Мана шундан бери 3 ой ўтди, ер берилгани йўқ. Энди ҳокимиятни айтишича, ҳокимда менга ер бериш ваколати йўқ экан, - деди Дониёр Азимов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:56 0:00
Бевосита линк

Дониёр Азимов таҳририятга йўллаган ҳужжатларда капитал таъмир битгач, бинонинг инспекция томонидан қабул қилиб олингани акс этган ва унга инпекция раҳбари Алишер Сиддиқов имзо чеккан:

Дониёр Азимов тақдим этган ҳужжат, 1 июль, 2020
Дониёр Азимов тақдим этган ҳужжат, 1 июль, 2020

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорати Хонобод шаҳар инспекцияси раҳбари ва Дониёр Азимов ўртасида имзоланган бу далолатнома шаҳар ҳокими Мусохон Мамадалиев томонидан тасдиқланиши лозим, аммо ҳануз тасдиқланмаган.

Тадбиркор испекция биносининг капитал таъмирдан кейинги кўриниши акс этган суратлар ва видеони ҳам Озодликка йўллади:

Андижонлик тадбиркор: ўз ҳисобимдан инспекция биносини таъмирладим, ваъда қилинган ер эса берилмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:23 0:00

Инспекция раҳбари Алишер Сидиқовдан бу борада бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Инспекция маъмурияти томонидан раҳбарга тегишли, деб тақдим қилинган қўл телефони рақами кун давомида ўчиқ турди.

Хонобод шаҳар ҳокимининг Озодликка келиб тушган ҳужжатда қайд этилган телефон рақамига ҳам боғланишнинг имкони бўлмади.

Тадбиркор Андижон вилоят ҳокимига ариза ёзганидан сўнг, Хонобод шаҳар прокуратураси ва ҳокимлиги берган ёзма жавобларни Озодликка тақдим қилди.

Прокуратура берган жавобда, ҳоким ваъдаси оғзаки келишув асосида берилгани боис, ер берилмаслиги айтилган:

Хонобод прокуратураси Д. Азимовга 3 июнь куни йўллаган жавоб хати, 2020
Хонобод прокуратураси Д. Азимовга 3 июнь куни йўллаган жавоб хати, 2020

Ҳоким имзо чеккан жавоб хатида эса ер Мажбурий ижро бюроси тасарруфида очилган E-Jjro auksion ягона электрон савдо майдончасида ўтказиладиган аукцион воситасидагина олиниши мумкинлиги айтилган. Шаҳар ҳокими бу тартиб 2018 йилда жорий этилишини билган ҳолда, нега тадбиркорга ер ваъда қилганига - шаҳар ҳокимнинг ўзи ёки идорасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Хонобод шаҳар ҳокимлиги Д. Азимовга 30 июнь куни йўллаган жавоб хати, 2020
Хонобод шаҳар ҳокимлиги Д. Азимовга 30 июнь куни йўллаган жавоб хати, 2020

Давлат қўмитасига тегишли бино нега бир оддий уста ҳисобидан, шу оддий устанинг ўзига капитал таъмирдан чиқарилди, нега иш тегишли тартибда тасдиқланмаган ҳужжатлар асосида бошландию бино таъмири қабул қилинди - Озодлик бу саволларга Хонобод шаҳар ҳокимлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорати Андижон вилояти бошқармаси ва Хонобод шаҳар инспекциясидан расман жавоб ололмади. Телефон гўшагини кўтарган қабулхона ходимлари тавсия қилган расмийлар билан гаплашишнинг имкони бўлмади.

Шаҳар ҳокимлигига қарашли идоралардан бирида ишлайдиган бир мулозимнинг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича, ҳозир шаҳар ҳокими инспекциядан тадбиркорга маблағ ўтказиб беришни талаб қилмоқда.

Инспекция бу топшириқни бажариш учун тадбиркордан тўлиқ расмийлаштирилган ҳужжатлар билан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорати Андижон вилоят бошқармасига мурожаат қилишни сўраган:

"Лекин Дониёр Азимов пулни перечисление (банк ҳисобига ўтказиб бериш - таҳр. ) орқали тўлашимизга рози бўлмаяпти".

Буни тасдиқлаган тадбиркор Дониёр Азимов эса бу шаклдаги тўлов ойларга сурилиб кетишидан хавотир қилаётганини айтмоқда.

Бундан ташқари, у ҳокимиятдан ваъдасини бажаришни талаб қилаётгани, акс ҳолда ўзини ҳокимият томонидан алданган, деб ҳисоблашини айтмоқда:

- Пул кўринишида ҳам нақд беришолмас экан, уни ҳисобимга ўтказиб беришаркан, лекин бунақада пулни олиш муддати узайиб кетадида! Биз уч ака-ука бор пулимизни сарфлаб, қилгандик бу ишни. Булар мени алдаб вақтни чўзишяпти. 16 сотих ерни бераман, деб менга ваъда қилган пайтидаёқ ҳокимнинг ер бериш ваколати бўлмаган экан, энди билсам. Нега менга бунақа ваъда берди, нега энди бажармаяпти? Мен 3 ойдан бери жуда сарсон бўлдим, ҳозир қўлим ишга бормаяпти. 3 нафар фарзандим бор, жуда оғир аҳволга тушиб қолганман.

XS
SM
MD
LG