Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:41

“Адабиёт” газетаси муҳаррири карантиндан чиқарилмаётганини янги партияни тузишдаги иштироки билан боғламоқда


Бахтиёр Карим Тошкент шаҳридаги Covid-карантин лагерига Тери-таносил касалликлари клиникасида. 2020, 26 июнь.
Бахтиёр Карим Тошкент шаҳридаги Covid-карантин лагерига Тери-таносил касалликлари клиникасида. 2020, 26 июнь.

Ўзбекистонда чиқадиган “Адабиёт” газетаси бош муҳаррири, 61 яшар Бахтиёр Карим коронавирус лагерига жойлаштирилганига 20 кун бўлганига қарамай, ҳануз ушлаб турилгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқаган хати мазмунини 26 июнь куни Озодликка тасдиқлади.

Янги “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясини тузишга жазм қилган фаоллардан бири Бахтиёр Каримнинг (Бахтиёр Каримов) иддаосича, ушлаб турилиши ортида сиёсий мотивлар мавжуд.

Карантин лагерига айлантирилган муассаса бош врачи журналистнинг ушлаб турилишини изоҳлар экан, бу масала вазирлик ваколатидаги масала эканлигини айтиш билан чекланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига қилинган қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Бахтиёр Карим билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:45 0:00
Бевосита линк

Бахтиёр Каримнинг Озодликка айтишича, ўғли ишлайдиган ташкилот ходимларидан бирига коронавирус юққани аниқланганидан сўнг, аввал ўғли, кейин бутун оиласи карантинга ётқизилган.

Оилавий карантин 6 июнда бошланган эди

Ўртасаройдаги карантин лагерига Бахтиёр Карим турмуш ўртоғи, келини ва 5 ойлик набираси билан 6 июнда жойлаштирилган.

Карантинга олиб кетишга келишганида СЭС ходимлари чақалоғимизни кўриб, булар уй шароитида қолгани дурустга ўхшайди, чақалоқлари бор экан, дейишди.

“Карантинга олиб кетишга келишганида СЭС ходимлари чақалоғимизни кўриб, булар уй шароитида қолгани дурустга ўхшайди, чақалоқлари бор экан, дейишди. Шунда бизни олиб кетиш учун келган Миллий гвардия аскарлари ўзларининг бошлиғи билан гаплашди. Генерал экан у. Тезда Ўртасаройга олиб кетинглар, деб буюрди”.

Бахтиёр Каримнинг айтишича, у оиласи билан битта контейнер-палатада яшай бошлаган. Чақалоқ шамоллаб қолишидан қўрқиб, кондиционерни ишлатишмаган. Натижада ёзнинг жазирамасида қизиб кетган темир контейнердаги шароит таъсир қилдими, ҳар ҳолда оила бошлиғи ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Врачлар унда инфарктолди аломатларини кўргач, уни бошқа муассасага кўчиришга қарор қилган.

Бир лагердан иккинчисига

Шундай қилиб, лагерга ётқизилганидан 11 кун ўтгач, 17 июнда уни оиласидан ажратиб, Тошкентнинг Нукус кўчасидаги вақтинча Covid-карантин лагерига айлантирилган Тери, таносил касалликлари клиникасига жойлаштиришган.

ЭКГ аппарати бу ерда ҳам йўқ экан, юрак бўйича мутахассис ҳам йўқ экан.

“Мени бу ерга Ўртасаройда ЭКГ аппаратлари йўқлиги учун олиб келишган эди. Аппарат бу ерда ҳам йўқ экан, юрак бўйича мутахассис ҳам йўқ экан”.

6 июнда карантинга олинган ва Ўртасаройда қолган оила аъзолари тестлари тоза чиқиб, 14 кунлик муддат якунига етгач, уларнинг уйига кетишига рухсат берилган¸ бироқ иккинчи карантин лагерига ўтказилган оила бошлиғи ҳануз чиқарилмаяпти.

Мени белгиланган муддатдан узоқ ушлаб туришгани сабаби янги тузилаётган “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партияси билан боғлиқ, деб ўйлайман.

Бунинг сабабини Бахтиёр Карим мана бундай тахмин қилди:

"Мени белгиланган муддатдан узоқ ушлаб туришгани сабаби янги тузилаётган “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партияси билан боғлиқ, деб ўйлайман. Бу партиянинг тузилаётгани қандайдир кучларга ёқмаётган бўлиши мумкин".

Бош врач нима деди?

Озодлик вақтинча Covid-карантин лагерига айлантирилган Тери, таносил касалликлари клиникаси бош врачи Ойбек Муҳиддинов билан боғланиб, ундан Бахтиёр Каримга жавоб берилмаётгани сабабини сўради. У саволни эшитгач, “буни вазирлик билади, вазирликдан сўранг, мен буйруқ бажаряпман¸ холос” деди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматида ҳеч ким телефонни кўтармади.

Буни вазирлик билади, вазирликдан сўранг, мен буйруқ бажаряпман¸ холос.

Ойбек Муҳиддиновнинг айтишича, Тери-таносил касалликлари клиникасида “кардиолог бор ва у ҳар куни Бахтиёр Каримнинг ҳолидан хабар олиб турибди”.

Бош врачнинг бу гапидан сўнг Озодлик яна Бахтиёр Карим билан боғланди. Бу гал у Телеграм орқали мана бундай жавоб берди:

“Навбатчи врач, илтимос қилсангиз, қон босимингизни ўлчайди¸ холос . ЭКГ қилдирасан, малакали кардиологга олиб борасан, деб тўполон қилсангиз, яхши, унда сизни кардиомарказ карантин ҳудудига юборамиз, янгитдан 14 кунлик карантин муддати бошланади, деб чўчитишади”.

Бахтиёр Карим Озодликка тақдим этган ҳужжатлардан бирига кўра, у 23 июнда карантин лагеридан чиқарилиши керак бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – Санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Б.Юсупалиев имзолаб, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа тегишли адресатларга юборилган хатда шундай дейилган.

Бироқ бу хат ёзилган куннинг эртасига– 24 июнда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Султонов 23 июнь кунги хатни имзолаган Б.Юсупалиевга хат ёзиб, ковид-тести мусбат чиққанлар билан мулоқот қилгани сабабли Бахтиёр Каримовнинг карантин муддатини яна 14 кунга узайтиришни тавсия қилган.

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Султонов имзолаган хат.
Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Султонов имзолаган хат.

Бу тавсияни берган Д. Султонов кун давомида телефонини кўтармади.

"Бахтиёр Карим тузилаётган янги партиянинг "телефон маркази" эди"

Янги “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партияси тузиш ташаббусчиларидан бири, иқтисодчи олим Хидирназар Аллақулов Бахтиёр Каримнинг карантинда муддатидан ортиқ ушлаб турилиши унинг сиёсий фаолияти билан боғлиқ, деган фикрни билдирди.

Янги партиянинг ташаббусчилар гуруҳи аъзоси Бахтиёр Карим бизнинг мувофиқлаштирувчимиз, телефон марказимиз эди.

“Албатта сиёсий сабаб бор. Чунки биз шу кунда вилоятларда, туманларда партиянинг ташкилий гуруҳларини шакллантириш устида иш олиб боряпмиз. Янги партиянинг ташаббусчилар гуруҳи аъзоси Бахтиёр Карим бизнинг мувофиқлаштирувчимиз, телефон марказимиз эди. Шундай деб эълон қилганмиз ва партияга қизиққанлар ҳаммаси билан алоқани у қилиши керак эди”.

Профессор Хидирназар Аллақулов ўтган ойда Ўзбекистонда янги партияга зарурат борлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда қилган чиқишларида гапирган ва шундан сўнг Озодлик уни суҳбатга тортган эди.

Ҳур фикр минбарига айланишга улгурган "Адабиёт" ва унинг муҳаррири

Бахтиёр Карим муҳаррирлик қилаётган “Адабиёт” газетаси ташкил топганига шу кунларда уч йил тўлди. Газетхонлар фикрича, "Адабиёт" ҳур фикр минбарига айланишга улгурди.

Масалан, Жамол Камолнинг 2018 йилда чоп этилган “Фикрсизлик фожиаси” мақоласи “Ўзбекистон 25 йил давомида бир одамнинг ақли билангина яшади, қолганларга фақат қарсак чалиш ҳуқуқи берилди холос”, деган сўзлар билан бошланган эди.

Газета расмий матбуот ҳатто номини тилга олишга қўрқадиган муаллифлардан буюртма асосида таҳлилий мақолалар қабул қилиб чоп эта бошлади. Шукрулло, Жамол Камол, Гулчеҳра Нуруллаева, Темур Пўлатов, Жаҳонгир Муҳаммад мақолалари ўқувчиларда айниқса кучли таассурот уйғотди.

“Албатта, бу юқорига ёқмасди, айниқса Хайриддин Султон жанобларига. Шунинг учун улар 2018 йили газетанинг бир сонини мусодара қилдилар. Тошкент босмахоналари шартнома тузмай қўйгач, ноилож вилоятларга бориб газетани чоп этишга мажбур бўляпман”, деди Бахтиёр Карим Озодликка.

Бахтиёр Карим 1959 йили Марғилонда туғилган. Миллий Университет филология факультетини 1982 йили тугатган. "Фан ва турмуш"," Ёш куч", "Шарқ юлдузи" журналларида хизмат қилган. Ҳозирда "Адабиёт" газетаси бош муҳаррири.

Мақола битай деб қолган дақиқаларда Бахтиёр Каримдан мана бу хабар келди:

​"Суюнчи беринг, қўнғироғингиз шарофати билан қаердандир зудлик

билан ЭКГ аппарати олиб келиниб, муолажа ўтказилди".

XS
SM
MD
LG