Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:29

«Ипак йўли» халқаро туризм университети инглизчани умуман билмайдиганларни ҳам инглизча ўқишга мажбурламоқда


Шавкат Мирзиëев ташаббуси билан очилган Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университети Ўзбекистонда "халқаро" мақоми берилган ҳозирча ягона давлат университетидир.
Шавкат Мирзиëев ташаббуси билан очилган Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университети Ўзбекистонда "халқаро" мақоми берилган ҳозирча ягона давлат университетидир.

Самарқанд шаҳрида жойлашган «Ипак йўли» халқаро туризм университетига ўзбек ва рус тилларида имтиҳон топшириб кирган талабалар 2019 йил октябридан бошлаб ëппасига инглиз тили гуруҳларига кўчирилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган талабаларга кўра¸ кўчирилганлар орасида мактабда хорижий тил сифатида француз ва немис тилларини ўрганган ва инглиз тилини умуман билмайдиганлари ҳам бор.

Инглиз тилини тушунмагани ортидан имтиҳонлардан ўта олмаслик эса¸ талабаларга кўра¸ шартноманинг бекор этилиши¸ демакки¸ ўқиш учун тўланган пулнинг куйиб кетишини англатади.

Ўқишдан ҳайдалишдан қўрқиб шахси очиқланмаслигини сўраган университет талабаларининг билдиришича¸ ҳужжат топшириш пайтида уларга ўқиш жараёни тўлиқ инглиз тилида ўтилиши ҳақида ҳеч ким олдиндан огоҳлантирган эмас.

«Ўзбек тилида имтиҳон топшириб давлат гранти асосида ўқишга кирганман. Инглиз тилини биламан, лекин тўлиқ инглиз тилида ўқишга қийналаман. Ўқишимни бошқа олий ўқув юртига кўчирмоқчи ҳам бўлдим, лекин бунинг учун давлат гранти ўрнига тўлов-контракт асосида ўқишимга тўғри келади» - деди талабалардан бири.

Меҳмонхона бизнеси йўналиши 2-курс талабаларидан бирига кўра¸ у биринчи йил тўлиқ рус тилида таҳсил олган ва иккинчи йилдан инглиз тили гуруҳига кўчирилган.

«Шартнома бўйича мен рус тилида таҳсил олишим керак эди. Мактабда хорижий тил сифатида француз тилини ўрганганман ва француз тилида тест имтиҳонларидан ўтиб ўқишга кирганман. Туризм соҳаси учун фақат инглиз тилини эмас¸ балки француз тилини биладиган мутахассислар ҳам керак. Инглизча ўқий олмаганимдан кейин¸ имтиҳонларни қандай топшираман?»

Талабалар томонидан Озодликка тақдим этилган университет ва талабалар ўртасида тузилган шартнома нусхаларида таълим тили сифатида ўзбек ва рус тиллари кўрсатилган.

Бу ҳужжатларда¸ “шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар томонларнинг келишувига асосан киритилади”¸ деб ëзилган.

Озодлик гаплашган талабалар ва улар ота-оналари ўзбек ва рус тилида ўқишга кирганларни улар билан келишмай туриб¸ инглиз тилига кўчириш орқали университет шартнома бандларини бузаëтганини таъкидлади.

Ҳолатдан хабардор университет ходими шахси очиқланмаслик шарти билан тақдим этган ҳужжатга кўра¸ «Ипак Йўли» туризм халқаро университетининг тўлиқ инглиз тилида таълим беришга ўтилиши бўйича қарор Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раислик қилувчи университет Васийлик кенгаши томонидан қабул қилинган.

Университет Васийлар кенгаши қарори нусхаси.
Университет Васийлар кенгаши қарори нусхаси.

Ходимнинг билдиришича¸ университет Васийлик кенгашининг ушбу қарори президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ипак йўли» туризм халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мос келмайди.

«Президент қарорининг 3 -бандида университетда ўқиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилиши белгилаб қўйилган, Васийлик кенгаши эса инглиз тилини қолдириб ўзбек ва рус тилларидан воз кечишга қарор қилган».

"Ипак йўли" университети таъсисчиси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Абдулазиз Аккулов инглиз тили билан боғлиқ ушбу ҳолатни университетнинг халқаро таълим муассасаси эканлиги билан боғлади.

«2020/2021 йил ўқув йилидан бошлаб, университетнинг барча ўқув йўналишлари инглиз тилида амалга оширилиши режалаштирилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, ўтган ўқув йилида ҳам дарслар тажриба-синов тариқасида инглиз тилида ўқитилган» , деди мулозим.

2019 йил декабрида маҳаллий матбуотга берган интервьюсида «Ипак йўли» туризм халқаро университети проректори Азамат Акбаров “университетимиз 2019/20 йилларда тўлиқ инглиз тилида дарс бериладиган тизимга ўтди. Бундай тажриба давлат университетлари орасида биринчи бўлиб бизда амалга оширилди”¸ деган эди.

Янги ўқув йилида ҳам тил билан боғлиқ муаммолар давом этиши мумкин

Давлат тест маркази расмий сайтида жойлаштирилган маълумотга кўра, тўлиқ инглиз тилида ўқитишга ўтган «Ипак йўли» халқаро туризм университети янги 2020-2021 ўқув йили бакалавриатнинг кундузги таълим шакли учун ўзбек ва рус тилларида ўқиш бўйича жами 250 та ўрин таклиф қилмоқда.

Бу жараëнда ҳам имтиҳондан мувафаққиятли ўтган абитуриентларга келгусида ўзбек ва рус тилларида эмас, балки инглиз тилида дарс ўтилиши бўйича ҳам огоҳлантирилмаган.

Ушбу ҳолат юзасидан муносабат олиш учун Озодлик университет матбуот котиби Шоҳида Мустаева билан телефон орқали боғланди.

Матбуот котиби тўлиқ инглиз тилида дарс ўтадиган университет нима сабабдан ўзбек ва рус тиллари бўйича қабул эълон қилганини изоҳлай олмади ва қабул бўйича масъул Азиз Тўхтамишев исмли шахс билан боғланишимиз кераклигини билдирди.

Ўзининг Азиз Тўхтамишев эканини суҳбат бошида тасдиқлаган шахс¸ Озодлик мухбири телефон қилаëтганини эшитгач¸ саволни охиригача эшитмай туриб¸ алоқани узиб қўйди ва кейинги қўнғироқларга жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG