Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:34

Президент Мирзиёев Россиядаги мунозарали референдумни қўллаб-қувватлади


Мирзиёев референдум ўтказиладиган 1 июлни "Янги Россиянинг янги куни", деб атади.
Мирзиёев референдум ўтказиладиган 1 июлни "Янги Россиянинг янги куни", деб атади.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан 24 июнда ўтадиган Ғалаба парадида иштирок этиш учун 23 июнда Москвага борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия раҳбари Владимир Путин билан Кремлда ўтган учрашуви чоғида 1 июнда ўтадиган референдумни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Мирзиёев: "Бу ишни аллақачон қилиш керак эди"

“1 июль янги Россия учун тарихий кундир ва Конституцияга ўзгартишлар киритилади. Менинг фикримча, одамлар буни тўғри тушунмоқда. Биз ҳозир кўриб турган ва гапираётган ишларни аллақачон қилиш керак эди. Ҳозир бунинг вақти келди. Бу ўзгартишлар Россия халқига хизмат қиладиган ўзгартишлар бўлади, деб ўйлайман. Шунинг учун янги Россия учун бу янги кун муваффақиятли ўтишини хоҳлайман”,- деди Шавкат Мирзиёев.

Россия Конституциясига киритиладиган ўзгартишлар Владимир Путинга 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиш имконини беради.

Дастлаб референдум 22 апрелга белгиланган эди. Бироқ коронавирус таҳдиди туфайли Россия президенти Владимир Путин март ойи охирида овоз бериш санаси кўчирилиши ҳақида эълон қилганди. Россия мухолифати мазкур референдумга кескин қарши чиқмоқда.

Путин: Бу ўзига хос иттифоқчилик муносабатларимизнинг яққол намойиши

Учрашув пайтида Россия Президенти Шавкат Мирзиёевга “Буюк Ғалабага бағишланган тантаналарда иштирок этиш таклифини қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди”.

Владимир Путин Ўзбекистон Қуролли Кучлари вакиллари тарихида илк бор 24 июнь куни Қизил майдонда бўлиб ўтадиган парадда иштирок этиши ҳақида сўзлар экан: “Бу ўзига хос иттифоқчилик муносабатларимизнинг яққол намойиши”, - деб айтди.

Мирзиёев эса, ўз навбатида, Владимир Путин ва бутун Россия халқини табриклади ва: “Бу – бизнинг умумий тарихимиз, умумий ғалабамиз”, - деди.

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Ғалаба боғининг Ёдгорлик мажмуаси фондини бойитиш, шунингдек, Ўзбекистон халқининг Ғалабага қўшган ҳиссаси тўғрисида янада ҳаққоний статистик маълумотларни олиш мақсадида архив материалларини тақдим этишга тайёрлик намойиш этгани учун Россия томонига миннатдорлик билдирди.

Коронавирус пандемияси муносабати билан Иккинчи жаҳон урушида Германия устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан 9 май куни Москвада ўтказилиши режалаштирилган Ғалаба паради 24 июнга қолдирилган эди.

Москвада бўлиб ўтадиган ҳарбий парадда Ўзбекистон президентидан ташқари Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Сербия, Тожикистон президентлари, шунингдек, ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилган Абхазия ва Жанубий Осетия президентлари иштирок этади.

Арманистон, Озарбайжон ва Туркманистон президентлари ўз мамлакатларидаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, Москвадаги тадбирларда қатнашмаслигини билдирган.

Президентлар яна нималарни гаплашди?

Президент Мирзиёев учрашувда Россия билан алоқалар ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Унга кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 2019 йилда 6,6 миллиард долларга етган. Жорий йилнинг илк ойларида ўзаро савдо ҳажми қарийб 2 миллиард долларни ташкил этди.

Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми 10 миллиард доллардан ошган.

Мирзиёев сўнгги икки йилда Ўзбекистонда Россия олийгоҳларининг 10 та филиали очилганини, Россиянинг яна 4 та университети филиалларини очиш режалаштирилганини таъкидлади.

“Президентлар халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак учрашувлар режасини, шу жумладан МДҲ ва ШҲТнинг навбатдаги саммитларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида англашиб олдилар. Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Владимир Путиннинг учрашуви якунига етди”,- деб ёзди президент матбуот хизмати.

XS
SM
MD
LG