Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:51

Сардоба учун хайрия қилмаган фермерларга ерини тортиб олиш билан таҳдид қилинмоқда


Бўстонлик фермерлар хайрия учун пулни топширган ғалласининг маблағидан ўтказишни режалаштирмоқда.
Бўстонлик фермерлар хайрия учун пулни топширган ғалласининг маблағидан ўтказишни режалаштирмоқда.

Андижон вилояти Бўстон туманидаги фермерлардан Сардоба техноген фалокати оқибатларини бартараф қилишга пул ўтказиш талаб қилинмоқда.

Озодликка боғланган бўстонлик фермерлар, пул ўтказмаганларга ерини тортиб олиш билан таҳдид қилинганини айтишди.

Ҳокимлик мулозими фермерларга хайрия масаласида таҳдид қилинганини тасдиқлади, айни пайтда фермерларнинг "номигагина қўрқитилиши"ни таъкидлади.

Озодликка боғланган бўстонлик фермер йигит туман ҳокимлиги Сардоба тошқинидан вайрон бўлган уйлар таъмири учун фермерлардан мажбурий равишда пул йиғилаётгани ҳақида 22 июнь куни хабар қилди.

“Бўстон туманидаги фермерлардан Сардобадаги уйлар ремонтига деб 2 миллион сўмдан пул йиғилмоқда. Пул бермаганларга ери олиниши билан таҳдид қилиняпти. Ўзи яқиндагина “Саховат ва кўмак” жамғармасига 1-2 миллион сўмдан пул йиғилган эди”.

Ушбу фермер ва унинг хабарини ўрганиш учун Озодлик боғланган бўстонлик яна уч фермер ҳам ҳокимлик томонидан босим бўлиш хавфи сабаб аноним қолиш истагини билдирди. Тўртала фермер билан қилинган аудио суҳбат ҳам фермерлар илтимосига кўра, эълон қилинмаяпти.

Фермерларга кўра, сўнгги бир ҳафта ичида тумандаги барча фермерлар Сардобадаги уйлар таъмири учун хайрияга пул ўтказиш лозимлигидан огоҳлантирилган.

Сардобадаги уйлар таъмирига деб 2 миллион сўмдан пул йиғилаётганини ҳокимлик вакили фермерларга телефон орқали айтган. Мен очиғи ҳокимликдан қочиб, иложи борича телефонимни ўчириб юришга ҳаракат қиламан. Шунинг учун менга телефонда айта олмади. Лекин мени кўчада тутиб, олиб айтишди. Менга 2 миллион сўмни ҳокимиятга нақд пулда олиб боришимни айтишди. Ўзи кўпчилик шу йиғ-йиғларидан қочиб юради. Ҳокимлик вакиллари қочиб юрган фермерларнинг уйига бориб, айтяпти, пул ўтказишни”.

Озодлик боғланган бўстонлик фермерларнинг тўрталаси ҳам хайрияга пул ўтказиш мажбурийлигини таъкидлади.

“Замонавий тил билан айтганда¸ хайрия муаммоси трендга чиққан. Хайрияга пул ўтказмасангиз, “ерингни оламан”, “вилоят ҳокимлигига айтаман”, деб қўрқитишади. Фермер билан боғлиқ гап тумандан ташқарига чиқса, иши расво бўлиши аниқ. Шунинг учун ҳокимлик билан ҳисоблашишга тўғри келади. Шунга мен уларга йўқ дейишга ҳаддим сиғмайди. Ғалланинг пули тушса, шундан ўтказиб бераман, дедим”.

Бўстонлик фермерларга кўра, жорий йилда хайрияга пул йиғиш олдинги йилларга нисбатан кўпайган.

“Ҳокимиятнинг “пул бер”и ҳеч тўхтамайди. Аввал ҳамма фермердан 5 миллион сўмдан олишди. Кейин 1 миллион сўмдан бердик. “Саховат ва кўмак” жамғармасига ҳам кимдир 1 миллион¸ кимдир 2 миллион сўмдан ўтказди”.

Бўстон туман ҳокимлигининг Сардобага хайрия жўнатиш масаласига масъуллардан бири 23 июнь куни Сирдарёга навбатдаги хайрия жўнатилганини айтди.

“Ҳозиргина 400 кило шакар, 2 тонна сабзи жўнатиб келдим. Лекин мен Сардоба учун пул йиғиш масаласини яхши билмайман. Мен фақат маҳсулот жўнатишга масъулман”.

Бўстон туман ҳокимлигининг Озодлик боғланган яна бир мулозими фермерларга хайрия масаласида таҳдид қилинганини тасдиқлар экан, айни пайтда фермерлар фақат номигагина қўрқитилишини айтди.

“Энди кўпчилик фермерлар пули бўлса ҳам хайрия қилишдан қизғанади. Шунақаларни номига қўрқитишади. Буни таҳдид деб ҳам бўлмайдида. Фақат шунчаки айтилади бунақа гаплар. Фермернинг ерини олиш осон эканми? Айниқса, президентимиз фермерларга эътибор қаратиб турган пайти. Энди бу хайрия ҳам ҳокимликнинг ўзи учунмаску. Бутун мамлакатимиз бўйлаб хайрия қилинаётган пайтда бизнинг туман қараб турса яхшимас”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган мулозим.

Фермер ва тадбиркорлардан турли важлар билан пул йиғиш амалиёти Шавкат Мирзиёев бош вазир лавозимида бўлган пайтдан бери давом этиб келяпти.

“Ихтиёрий-мажбурий” тарзда амалга ошириладиган бу жараённи расмийлаштириш учун турли жамғармалар ҳам ташкил этилган.

Жумладан, икки ой аввал Мирзиёев ташаббуси билан карантин даврида муҳтож оилаларга ёрдам бериш учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил қилинди.

Озодликка оддий ўзбекистонликлардан келаëтган маълумотларга кўра¸ мамлакат бўйлаб фермер ва тадбиркорлардан ташқари бюджет ташкилотлари ишчи-ходимлари ҳам "ўз ихтиëри билан" ойлигининг бир қисмини шу жамғармага ўтказишга мажбурланди.

XS
SM
MD
LG