Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:37

З. Алматов ҳибсхонадаги қийноқ, ИИВга "бериладиган план" ва Андижон воқеалари ҳақида "катта интервью" берди


 Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов масъул ходимлар билан бирга Самарқанд вилоятида, 21 апрель, 2018
Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов масъул ходимлар билан бирга Самарқанд вилоятида, 21 апрель, 2018

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов Андижонда ИИБ ходимлари томонидан қийноқ қўлланилганини "милицияга хоинлик" деб қоралади.

1991 йилдан 2006 йилгача ички ишлар вазири бўлган Алматов, ИИВ ходимлари руҳий аҳволи мунтазам тест қилиб турилиши, айни пайтда, улар 2 ярим - 3 миллион сўм ойлик учун туну кун ишлашини таъкидлади.

Генерал-полковник ҳозирги коронавирус пандемияси пайтидаги 3 сменали иш, аниқланган ҳуқуқбузарликлар сони бўйича "план берилиши" ҳамда 2005 йилдаги Андижон воқеалари ҳақида Kun.uz нашрига катта интервью берди.

Собиқ вазир матбуотга қарийб интервью бермайди, бу - унинг вазирлик лавозимидан кетишига сабаб бўлган Андижондаги қонли воқеалар ҳақида берган иккинчи интервьюсидир.

Kun.uz нашрининг ёзишича, ИИВга 15 йил вазирлик қилган, 70 яшар генерал-полковник З. Алматов билан "катта интервью" Андижонда 32 яшар ватандошнинг ИИБда қўлланилган қийноқлар ортидан вафот этиши муносабати билан олинган.

Озодлик радиоси шу йилнинг 30 майида Андижон шаҳар ИИБнинг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага олиб борилган 32 ёшли А. Абдукаримов ​11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани тўғрисида хабар берган эди.

Собиқ вазир бу воқеага муносабат билдираркан, ИИВ сафида одамларга қўполлик қиладиган, "ўзини тута олмайдиган, ўз лавозимини ўйлайдиганлар" учраб туришини тан олди:

"Яқинда Андижонда бўлган воқеани надомат билан гапираман... Бир йигит ички ишлар органлари ходимлари ҳаракатининг қурбони бўлди. Бу худбин, ички ишлар ходимларининг номига доғ туширган одамлар кеча-ю кундуз ишлаётган бошқа ходимларнинг обрўсига путур етказди. Улар милицияга хоинлик қилди".

З. Алматов, бундай ҳолатлар олдини олиш учун ИИВ ходимлари руҳий ҳолатини аниқловчи тестлар ўтказиб турилиши, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилишини алоҳида урғулади. Шунга қарамай, қонунни бузган ИИВ ходимларига тегишли жазо берилаётганини таъкидлади.

ИИВ вазири маслаҳатчиси бўлиб қолаётган З. Алматов, Kun.uz мухбирининг, аниқланган қонунбузарликлар сони бўйича "терговчи ёки ЙҲХХ ходимларига план берилиши" ҳақидаги саволига жавобан, буни тасдиқлади:

"Бунақаси аввал ҳам бўлган. Баъзи раҳбарлар ўз ишини самарадор қилиб кўрсатиш учун шундай қилади. Мен вазир бўлган вақтда ҳам бундайлар бор эди, балки ҳозир ҳам бордир. Лекин Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бунга қарши курашади".

Мухбир, интервью якунида, 2005 йил майда содир бўлган Андижон воқеаларга тўхталмасликнинг имкони йўқлигини айтган.

Бунга жавобан Зокиржон Алматов, ўша кезда штаб бошлиғи бўлгани, қарорни ўзи қабул қилганини тан олган:

"Мени Андижон воқеаларида айбдор деб кўп гапиришади. Ҳа, мен ўшанда штаб бошлиғи бўлганман, қарорни мен қабул қилганман, аммо ким ўшанда Андижонга қурол кўтариб келди? Ким чегарадан қурол билан ўтди? Ким Ички ишлар вазирлигига қарашли ППСга қуролли ҳужум қилди, ким ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, қурол-яроғ олди? Ким тергов ҳибсхонасига ҳужум қилиб, 500дан ортиқ ашаддий жиноятчиларни чиқариб юборди? Ким ҳокимият биносини эгаллаб унга ўт қўйди? Ким юзга яқин суд-ҳуқуқ тизимидаги ходимларни тутқунда ушлаб, баъзиларини қатл этди? Ҳукумат нима, қараб туриши керакмиди?"

Шу каби саволларни устма-уст қўйган собиқ ИИВ вазири, воқеалар пайтида, икки томон ўртасида отишма бўлгани, шу сабабли битта жойда 100 киши ўлгани, булар ичида куч ишлатар тузилма ходимлари ва террорчилар бўлганини айтди.

З. Алматов ўшанда жами 187 киши ўлганини айтаркан: "Аллоҳнинг олдида рост гапни гапираман, бу аниқ рақамлар", деб алоҳида қайд этди.

​2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда расмий Тошкент ҳисобича 187 киши, жумладан, аёллар ва болалар нобуд бўлган. ​Норасмий манбаларга кўра, Андижон хунрезликлари оқибатида 1000дан зиёд одам ҳалок бўлган.

Андижон воқеаларидан саноқли ойлар ўтиб - 2005 йилнинг декабрида ИИВ вазири бўлиб турган Зокиржон Алматов истеъфога чиқарилганди.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкциялар қўллаган, хусусан Андижон воқеаларига бевосита масъул, деб кўрилган бир гуруҳ расмийнинг Европа Иттифоқи ҳудудига кириши тақиқлаганди.

Зокиржон Алматов номи ана шу қора рўйхатнинг бошига киритилганди.

Шавкат Мирзиëев, 2016 йилда Ислом Каримов вафот этиши ортидан, ҳокимиятга келганидан сўнг Зокиржон Алматов яна ИИВ тизимига қайтарилди.

15 йил аввал Андижон шаҳрининг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеалар кўлами, тафсилотлари, сабаб ва оқибатлари эса ҳануз халқаро жамоатчилик учун сирлигича қолмоқда.

Ислом Каримов вафотига қадар мустақил халқаро кузатувчилар учун ёпиқ бўлган воқеа, 2005 йилда Бош вазир бўлган, ҳозирда эса президент Шавкат Мирзиёев даврига келиб ҳам ҳануз очилмади.

Янги президент даврига келиб бу воқеалар ҳақида Зокиржон Алматов икки марта интевью берди.

Биринчи интервьюсини 2019 йилнинг март ойида QALAMPIR.UZ нашрига берган. Ўшанда ҳам воқеалар пайтида ҳарбийлар ҳаракати учун масъул бўлганини тан олган.

З. Алматовдан ташқари, ҳозирги ҳукумат расмийлари орасидан, Бош прокурор ўринбосари бўлган Светлана Ортиқова ҳам бу қонли воқеаларга муносабат билдирди.

2020 йилнинг февраль ойида у ҳам QALAMPIR.UZ нашрига интервью берган ва Андижонда ҳарбийлар аҳолига "номутаносиб" тарзда қурол қўллаганини тан олганди.

XS
SM
MD
LG