Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:18

OzodDayjest: Чақалоқфурушлик ҳолатлари яшириб келингани тан олинди


Танзила Норбоева чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларни кўпаяётганидан хавотир билдирди.
Танзила Норбоева чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларни кўпаяётганидан хавотир билдирди.

Танзила Норбоева чақалоқ савдоси авж олгани учун асосий айбдор ким эканини айтди. Муҳташам “VERSAL” кошонаси атиги 14 дақиқа давом этган кимошдида арзон-гаровга сотиб юборилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Танзила Норбоева чақалоқфурушлик ҳолатлари аввал яшириб келинганини тан олди

Танзила Норбоева чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларни кўпаяётганидан хавотир билдирди (www.kun.uz, 17 июнь).

Олий Мажлис сенати раиси, айни чоқда, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси ҳамдир. Қайд этилишича, 2018 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини чақалоқ савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етган.

“Чақалоқни сотиш сабаблари ўрганилганда 19та ҳолатда оилавий шароитнинг оғирлиги, болани боқишга имкон йўқлиги, 3та ҳолатда уй-жой олиш, 9та ҳолатда ўз айбини яшириш ва 10та ҳолатда моддий манфааат учун бунга қўл урилгани маълум бўлмоқда”,- деган Т. Норбоева.

Парламент юқори палатаси раиси чақалоқ савдоси билан боғлиқ ҳолатлар аввалдан мавжуд муаммо эканини таъкидлади.

“Илгари ҳам чақалоқ савдоси бўйича ҳолатлар бўлган. Бу Ўзбекистонда бирданига пайдо бўлди, бирданига кўпайиб кетди, деб ўйлаш нотўғри. Олдинлари бу ҳолатлар бундан ҳам кўп бўлган. Аммо илгари бу ёпиқ мавзу бўлгани учун очиқ айтилмасди”,- деган у.

Т. Норбоевага кўра, чақалоқ савдосида фақатгина муайян шахслар эмас, унга шароит яратиб бераётган, шу нарсага ундаётган муҳит ҳам айбдордир.

Қайд этилишича, 2019 йилда чақалоқ савдоси жиноятида иштирок этган шахсларнинг 32 фоизини тиббиёт соҳаси вакиллари ташкил этган.

Карантин талаблари нега оддий халқ ва олий раҳбариятга бирдек татбиқ этилмаяпти?

Ўзбекистонда пандемия муносабати билан жорий этилган карантин талаблари барчага бирдек татбиқ этилмаётир (www.xabar.uz, 16 июнь).

Ижтимоий тармоқда Қорақалпоғистонда юз берган ҳолат видеоси тарқалди. Унда ички ишлар органи ва Миллий гвардия ходимлари фуқарони мажбуран автомашинага тиқишга ҳаракат қилаётгани акс этган.

Айни жараёнда Миллий гвардия ходими фуқарони бўйнидан бўғиб олгани, атрофдаги одамларнинг “бўғяпсиз, ўлдириб қўясиз!” деган хитоби эшитилади.

Афтидан, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари фуқарони ниқоб тақмасликда айбламоқда. Уларнинг чангалида типирчилаётган фуқаро эса “маскам бор” дейди...

Интернет нашр ушбу ҳолатга муқояса сифатида Мўйноқдаги “Оқ кема” оромгоҳи очилишидан лавҳани ҳавола қилган. Суратда маҳаллий ва республика миқёсидаги раҳбарлар акс этган бўлиб, уларнинг аксари ниқоб тақмаган.

Ниқоб тақмаган мансабдорлар орасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи вице-спикери Акмал Саидовни ҳам кўриш мумкин.

Интернет нашр расмийларга ниқоб тақмагани учун ҳеч ким эътироз билдирмаётганига эътибор қаратган.

Тошкентдаги серҳашам “VERSAL” кошонаси арзон-гаровга сотиб юборилгани эътироз уйғотди

Тошкент марказидаги муҳташам “VERSAL” кошонаси 35,3 миллиард сўмга сотиб юборилгани айрим саволларни туғдирди, деб ёзади Телеграмдаги Platforma.uz канали.

Мажмуа сотилиши ҳақидаги хабар 14 июнь куни 18:00 дан кейин Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизматига таяниб тарқатилди. Савдонинг ўзи эса 15 июнда бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, аукцион атиги 14 дақиқаю 21 сония давом этган. Бошланғич нархи 34 641 811 737 сўм бўлган мажмуа 35 334 647 971 сўмга “DIAMOND DRINKS CO” номли ширкатга сотилган. Очиқ маълумотлар базасида бу ширкат ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

“VERSAL” мажмуаси 2011 йил декабрь ойида 14,8 млн. АҚШ долларидан ортиқ қийматда очиқ сотувга қўйилган. Орадан 9 йил ўтиб эса у 3 миллион 480 минг АҚШ доллари қийматида сотилган.

“2011 йилда энг камтар ҳисоб-китобларга кўра, 14,8 млн АҚШ доллар деб баҳоланган, йил сайин қиймати ошиб борадиган, шаҳарнинг қулай жойида жойлашган кўчмас мулк объекти арзонга сотилдими ёки реал баҳогами, бу саволга жавоб топишни ўзингизга ҳавола қиламиз”,- деб ёзади Platforma.uz канали.

XS
SM
MD
LG