Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:28

Чегарадаги низода отилган ўқдан оғир жароҳатланган сўхлик боксчи йигит оëққа турди


31 май куни ўзбек-қирғиз чегарасида икки давлат ватандошлари ўртасида бўлган тўқнашувда ўқ отар қуролдан жароҳатланган Саиджон Тиллааминов, 19, Сўх, Зангад қишлоғидан
31 май куни ўзбек-қирғиз чегарасида икки давлат ватандошлари ўртасида бўлган тўқнашувда ўқ отар қуролдан жароҳатланган Саиджон Тиллааминов, 19, Сўх, Зангад қишлоғидан

Ўзбекистон - Қирғизистон давлат чегарасида 31 май куни бўлган инцидентда ўқ еб, оғир жароҳатланган 19 яшар сўхлик боксёр йигит Саиджон Тиллааминов оёққа турди.

Озодлик билан суҳбатда Саиджон жонлантириш бўлимидан чиқарилгани ва 8 июнь куни оёққа турганини айтди.

Ўзини кўриш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири касалхонага келганини айтган боксчи йигит¸ қандай жароҳатлангани билан на ИИВ ва прокуратура¸ на ДХХдан ҳеч ким қизиқмаëтганини қўшимча қилди.

Сўхнинг Зангад қишлоғида яшайдиган Саиджон Тиллааминов, чегаранинг икки тарафида яшаётган қўшни қишлоқлар аҳолиси ўртасида низо кучаймаслиги учун ўзига ўқ узганлар жазоланишини талаб қилмаслик ниятида.

31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара ҳудуди - Фарғонанинг анклави бўлган Сўх тумани билан Боткен вилоятининг Қадамжой тумани ўртасидаги баҳсли ҳудудда жойлашган Чашма булоғи суви устида жанжал келиб чиқди.

Расмий баёнотларга кўра, жанжалда чегаранинг икки тарафидан мингдан ошиқ одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилган.

Бу инцидентда ўқотар қуролдан жароҳатланган Саиджон Тиллааминов ҳодиса содир бўлган пайтда уйида бўлган ва ўртоқлари ёнаётган уйни ўчириш учун уни ёрдамга чақиришгач, воқеа жойига борган:

- У ерга ёнаётган уйларнинг оловини ўчиришда ёрдам бериш учун боргандим. Бирдан ўқ овози эшитилди ва менга ўқ тегди. Битта ўқ учта жойимдан жароҳатлади. Ҳозир яхшиман, бугун оёққа турдим. Ким ўқ узганини кўрмадим, билмайман. Кимлигини билишни истамайман ҳам. Чунки низо тугашини истайман. Икки томондан ҳам аҳоли тинчликни истайди, мен тинчлик тарафдориман, - деди Озодлик билан 8 июнь кунги суҳбатда Тиллааминов.

Бу йигит 31 май кунги инцидент давомида ўқ егани айтилаётган 13 сўхликдан биридир.

Қуйида Саиджон билан суҳбатни тўлиқ тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:07 0:00
Бевосита линк


Озодлик суҳбатлашган 19 яшар Саиджонни 31 май куни шифокор муолажа қилаётгани акс этган видео ҳам Озодликка юборилган.

Видеода шифокор қонга беланиб ётган беморнинг жароҳатларини таърифлайди. Видеодаги таъбни хира қилувчи кадрлар¸ хусусан бемор танасининг интим қисмлари кўрингани учун Озодлик уни эълон қилмаётир.

31 май куни Озодликка хабар йўллаган сўхлик тиббиёт ходимларидан бири айни жароҳатлар билан тушган бемор ҳақида билдирган эди:

"Бир бемор ўқ еган, пистолетдан. Оёғига, бўйнига ва жинсий азосига ўқ еган. 2001 йилда туғилган. Ўқ бир томонидан кириб нариги томонидан чиққан. Аҳволи ўрта оғир, кўп қон йўқотган".

Саиджоннинг аниқлик киритишича, дастлабки кўрикдаги баъзи ташхис кейинги текширувларда ўзгарган:

- Жароҳатим учта, лекин битта ўқ тегиб ўтган учта жойимга. Жинсий аъзога дейишгани ҳам тўғри эмас. Қоннинг ичида ётганим учун шунақа кўринган. Жароҳат қорнимдан пастда, жинсий аъзонинг ёнидан ўтиб, сонимни тешиб кирган - ўқ бир тарафидан кириб, бошқа тарафидан чиқиб кетган. Лекин ҳозир яхшиман.

1 июнь куни Сўх туман Тиббиёт бирлашмаси ва бу ерда ишлайдиган бир неча шифокор, инцидент рўй берган куни ўқ еган 13 одамнинг бирлашмага келтирилгани, жами 187 сўхликнинг жароҳатланганини билдирган эди.

Ўша куни Сўх туман ҳокимлиги ахборот хизмати, жами жароҳатланган 187 беморнинг 15 нафари вертолётларда вилоят шифохоналарга етказилганини тасдиқлаган эди.

Саиджон ўқ егани айтилган 13 беморнинг ҳаммасини таниши ва уларнинг ҳозирда ўзи билан бир шифохонада даволанаётганини билдирди:

- Ҳаммаси мен билан бирга. Фарғонадаги Тез тиббий ёрдамга қарашли шифохонадамиз. Ҳаммасининг аҳволи яхши.

Озодлик чегарадаги инцидентда ўқотар қуролдан жароҳатланган сўхликлар иши бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари суриштирув олиб бораётгани ҳақида ҳануз бирор маълумотга эга эмас.

Сўх тумани ИИБ бу борада барча маълумотни Фарғона вилояти ИИБдан олиш мумкинлигини айтган.

"Фарғона вилоят ИИБнинг матбуот билан алоқаларига масъул Исмоилжон Шарипов", деб тақдим қилинган мулозим Озодликка вилоят бошқармасида айнан қуролдан жароҳатланиш ҳолати бўйича суриштирув бораётганидан хабардор эмаслигини айтди.

4 июнь куни бу расмий Озодлик билан суҳбатда мавжуд маълумотларни аниқлаб, сўнгра хабар беришни ваъда қилган. Ҳозирча бу мулозимдан бирор маълумот келгани йўқ.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Дамира Юсупова эса, 4 июнь куни Озодликнинг қирғиз хизматига "31 май кунги инцидентда қирғизистонликлар томонидан бирорта ўқ отилмаган ва бирорта қурол қўлланилмаган", деб баёнот берган.

Саиджон Тиллааминов Сўх ва унга яқин вилоятларда боксчи йигит сифатида ном чиқарган. У уч давлат - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонлик ёш боксчилар орасида ўтган турнирларда қатнашган, 2019 йилда шундай халқаро турнирлардан бирида иккинчи ўринни олган.

Айтишича, 31 май кунги инцидентда олган жароҳати унинг боксдаги келгуси карьерасига таҳдид қилмайди:

- Икки ойда тузаламан. Кейин яна машғулотларни бошлайман. Кейин Олий ўқув юртига имтиҳон топширишга тайёрланяпман. Фарғонада Жисмоний тарбия ва спорт йўналишида ўқишга киришни ният қилганман.

С. Тиллааминов (чапдан биринчи )2019 йилдаги минтақавий турнирлардан бирида, 2019
С. Тиллааминов (чапдан биринчи )2019 йилдаги минтақавий турнирлардан бирида, 2019

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарада содир бўлган 31 май кунги тўқнашув ва бундан сўнгги воқеалар ривожига оид бошқа маълумотлар билан қуйида тўлиқ танишишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG