Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:42

Пандемия ҳайит байрами руҳига соя солмоқда


Ливанда мусулмонлар жума намозини ўқияпти. 22 май, 2020 йил.
Ливанда мусулмонлар жума намозини ўқияпти. 22 май, 2020 йил.

23 май куни мусулмон дунёсининг аксарият қисмида Ийдул-Фитр ёки Рамазон ҳайити нишонланади. Бироқ пандемия байрам руҳига соя солмоқда.

Мусулмон давлатларда одамларга ҳайитдан олдин бозор қилиш учун дўконлар очилган. Баъзилар ижтимоий масофани сақлаш қоидаларини бутунлай унутган.

“Ҳеч қиси йўқ. Ҳаёт одатдагидек давом этиши керак. Пешонага ёзилгани бўлади”, - дейди исломободлик бир талаба.

Ҳайитдан олдин одатда савдо чаққон бўлади, аммо пандемия сабаб бу йили кўп савдогарлар зарар кўрди.

“Ўтган йили харидорлар кўп эди, даромад яхши бўлган. Аммо бу йили ҳайитни ҳис қилганимиз ҳам йўқ”, - дейди қоҳиралик пойафзал сотувчиси Карим Муҳаммад.

Кўп мамлакатларда ҳайит намози бекор қилинган, Саудия Арабистони ҳукумати мусулмонларни уйда ибодат қилишга даъват этмоқда.

Эронда диний амалларни очиқ ҳавода ижтимоий масофани сақлаган ҳолда бажаришга рухсат берилган.

Бу йили байрам шукуҳи сезилмаяпти.

“Одатда ҳайит намозидан сўнг одамлар қариндошлари ва дўстлариникига меҳмонга боришади, аммо бу гал кўплар уйда қолади деб ўйлайман”, - дейди нигериялик давлат хизматчиси Ҳожия Рукоят Усмон.

Айримлар ҳозирги вазиятга ижодий ёндашишга ҳаракат қилмоқда.

“Ҳайит рақамли бўлади. Табриклар, асосан, телефон қўнғироқлари ва видеочатлар билан чекланади”, - дейди исломободлик Сеҳриш Лўди исмли аёл.

Фарзанд бор оилаларда хонадонда байрамона муҳит яратиш осон бўлмайди.

“Уларни балконга чиқарамиз, шарларни шишириб, байрамона муҳит яратишга ҳаракат қиламиз”, - дейди қоҳиралик ота.

“Мен ҳовлимда байрам қиламан. Одамлар ҳовлисида стол-стул ўрнатиб байрам қилиши мумкин”, - дейди Нью Жерси штатидаги Тинек шаҳрининг мусулмон мэри Муҳаммад Ҳамидуддин.

Одамлар бу йилги ҳайитни ҳали анчагача эслаб юриши шубҳасиз.

XS
SM
MD
LG