Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:31

Трамп: Кўринмас душман билан урушдамиз, албатта енгамиз


АҚШ президенти Дональд Трампнинг ўзида коронавирус аниқланмагани маълум қилинган.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг ўзида коронавирус аниқланмагани маълум қилинган.

20 март куни Оқ уйда матбуот билан гаплашган Президент Трамп дейдики, АҚШ икки қўшниси Мексика ва Канада билан қатновни чеклайди, фақат ўта зарур ҳолларда сафар қилиш учун рухсат берилади.


"Кўринмас душман билан олишяпмиз. Уни албатта енгамиз", - дейди Трамп.

Европа давлатларининг аксариятидан Америкага ҳозир фақат америкаликлар ва бу мамлакатда доимий яшаш учун рухсатномага эга, яъни грин карта эгалари, киритилмоқда холос. Бошқа мамлакатлар билан ҳам алоқа ҳар кунги вазиятга қараб йўлга қўйилмоқда, дейди президент.

АҚШ чегаралари, умуман олганда, ёпиқ. Қочқинларни қабул қилиш, сиёсий бошпана бериш жараёни тўхтатилган. АҚШ Иммиграция хизмати чекланган равишда ишламоқда. Американинг барча давлатлардаги консулликлари виза бериш ва унинг учун учрашувларни тўхтатган.

Депортация жараёнлари ҳам тўхтаган, хусусан коронавирус кенг тарқалган Италия, Хитой ва Жанубий Кореяга.

Грин-карта лотереясини ютиб, АҚШ консулликлари билан ҳужжатлаштириш ишларини бошлаганлар кутишга мажбур. Янги ўйин одатда кузда эълон қилинади. Ҳозирча бу борада бирор қарор қилинмаган.

АҚШда иммиграцион судлар 69 та бўлса, улардан 11 таси ёпиқ, қолганлари эса чекланган тарзда ишламоқда.

Келаси 15 кун ўта муҳим палла бўлади. Коронавирусни енгиш учун энг кескин чоралар кўрилади. Америкаликлар ҳукуматга қулоқ тутиши лозим, дея огоҳлантирмоқда касалликка қарши комиссия.

Оилалар, бизнеслар, каттаю-кичик, ҳаммага ёрдам ва имтиёз берилади.

Солиқ ҳисоб-китоби учун одатий муддат 15 апрел, лекин энди бу кун 15 июлга кўчирилади.

Қарздорлар, хусусан талабалар кредитни келаси 60 кун тўлаши шарт эмас.

Конгресс Вашингтонда энг кўп одам ҳар куни бир жойга йиғиладиган жой экан, буни ҳам чеклаш кўзланмоқда. Қонунчилар ҳам бошқалар сингари уйдан туриб ишлайди.

20 март кунининг ярмига кўра, АҚШда вирусни юқтирганлар 15 мингдан ошган, 220 га яқин одам ўлган. Барча штатларда тарқалган. Коронавирусга чалинганларнинг 40 фоизи Нью Йорк штатида.

"Қўрқманг, саросимага тушманг, лекин эҳтиёт бўлинг", - дейди вирусга қарши комиссия раиси Вице-президент Майк Пенс. - Гриппга қараганда коронавирус уч карра тезроқ юқади".

Дунё бўйлаб беморлар сони 210 мингдан зиёд, ундан вафот этганлар 10 мингдан ошган.

Давлат котиби Майк Помпео дейдики, турли давлатлардаги америкаликларни ватанга қайтариш учун Пентагон, яъни Мудофаа вазирлигининг самолётлари ҳам жалб қилиниши мумкин.

Президент Трамп фавқулодда вазият ҳукмрон эканига урғу бериб, қатор муаммоларни ечишда қуролли кучлар сафарбар этилиши мумкин, дейди. Ҳар бир штатга зарур воситаларни ўз вақтида етказиб бериш билан ҳам зобитлар шуғулланади.

Мудофаа вазири Марк Эспернинг қайд этишича, ҳарбийлар оғир вазиятларда хизмат қилишга тайёр экан, улардан албатта фойдаланилади.

XS
SM
MD
LG