Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:40

OzodTa’sir: Прокуратура норозилик сифатида ўзига ўт қўйган аёл ишини назоратга олди


Иллюстратив сурат (Ушбу суратнинг Муқаддас Мустафоева билан боғлиқ воқеага алоқаси йўқ)
Иллюстратив сурат (Ушбу суратнинг Муқаддас Мустафоева билан боғлиқ воқеага алоқаси йўқ)

Қашқадарё вилоят прокуратураси мазкур идора биноси олдида ўзига ўт қўйган Муқаддас Мустафоева ишини ўз назоратига олди.

Косон туман ҳокимлиги маълумотига кўра, вилоят прокуратураси томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилиб, Мустафоевага тегишли масала мутахассислар иштирокида ўрганилмоқда.

19 февраль куни эрталаб Муқаддас Мустафоева вилоят прокуратураси олдида ўз устига бензин сепиб, ўт қўйганди.

Муқаддас Мустафоева ўт ўз вақтида ўчириб қолингани учун жароҳатланмаган, бироқ ўтни ўчириш пайтида жароҳат олган унинг отаси, 60 ёшли Олим Мустафоев ҳануз шифохонада даволанмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Муқаддас Мустафоева уйи бузилишига қарши норозилик сифатида ўзига ўт қўйганини айтди.

Ҳокимлик хабари

Косон туман ҳокимлиги ахборот хизмати тарқатган хабарга кўра, ўзига ўт қўйиб, тирик қолган Муқаддас Мустафоева иши вилоят прокуратураси томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда.

Ҳокимлик Телеграм каналида тарқатилган хабарга кўра, ишчи гуруҳга вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори Шоҳруҳ Ҳақбердиев бошчилик қилмоқда:

“Ҳозирда Вилоят прокуратураси томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилиб, мазкур масала тегишли мутахассислар иштирокида ўрганилмоқда.

Ўрганиш ишларига вилоят прокуратураси бўлими катта прокурори Шохрух Ҳақбердиев жалб қилиниб, фуқаро уй қурган ер майдонига борилган.

Туман ҳокимлиги ва туман прокуратураси мутасаддилари ва холислар иштирокида мазкур масала атрофлича муҳокама этилмоқда”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Ўзига ўт қўйган қизини тўхтатишга уриниб, жароҳатланган ота ҳануз касалхонада

Косонлик 60 яшар Олим Мустафоевнинг 23 февраль куни Озодликка айтишича, у ҳануз шифохонада даволанмоқда:

- Аҳволим яхшимас, ётибман. Бугун олтинчи кун. Мазам йўқ. Бўйинларим, орқаларим, бошларим куйган. Оғриқлар бор. Иштаҳам йўқ. Оғрийди ҳамма жойим, ёпишиб қолган.

Олим Мустафоев вилоят прокуратураси тузган ишчи гуруҳ фаолиятидан норозилигини айтади:

- Вилоятдан битта прокурор борган, Шоҳруҳ Ҳақбердиев. Лекин ишчи гуруҳнинг бошқа ҳамма аъзоси Косондан, ўша ерни 400 миллионга сотган одамлар. Улар бизнинг орқамиздан “Ўзини ҳимоя қилиш учун шундай қилган”, деган. Йўқ, биз бир йилдан бери мурожаат қилдик. Республика прокуратурасига, Вазирлар маҳкамасига, президент девонига мурожаат қилдик. Чиқмаган жойимиз қолмади. Фақат МЧЖ тўғри дейди, лекин унинг қарори нотўғри бўлиб чиқди. Энди буёғини кўрамиз, биз бир оддий халқ, дейди Олим Мустафоев.

Олим Мустафоев (суратда) айни пайтда Қашқадарёдаги Шошилинч тез тиббий ёрдам клиникасида даволанмоқда.
Олим Мустафоев (суратда) айни пайтда Қашқадарёдаги Шошилинч тез тиббий ёрдам клиникасида даволанмоқда.

Норозилик акцияси

19 февраль куни эрталаб соат 9-10 лар атрофида Қарши шаҳридаги Қашқадарё вилоят прокуратураси биноси олдида Муқаддас Мустафоева ўз устига бензин сепиб, ўт қўйди.

Ўтни ўчириш пайтида унинг отаси, 60 ёшли Олим Мустафоев куйиш жароҳатлари олиб, вилоят Шошилинч тез ёрдам клиникасига олиб келинди.

Муқаддас Мустафоева ўт ўз вақтида ўчириб қолингани учун куйиш жароҳатларини олмаган, фақат кийимлари куйган.

Озодлик билан суҳбатда Муқаддас Мустафоева ўз уйи бузилишига қарши шикоятлари туман ва вилоят прокурорлари томонидан эътиборга олинмагани учун мана шундай ҳаракат қилганини айтди.

Косон туман ҳокимлиги хабарига кўра, Муқаддас Мустафоева эгаллаб турган ер майдони қайта хатловдан ўтказилади.

Уй бузилишига қарши норозиликлар

Ўзбекистонда уйи бузилишдан норозилик билдириб, турли ҳаракатларни содир этиш ҳолатлари сўнгги пайтларда тез-тез такрорланиб турибди.

14 февраль куни Сурхондарёнинг Олтинсой туманидаги "Халқобод" маҳалласида уйлари бузилишидан норози бўлган аҳоли ва ИИБ ходимлари ўртасида тўқнашув бўлганди. Тўқнашувда ИИБнинг икки ходими ва бир фуқаро тан жароҳатлари олиб, касалхонага ётқизилган.

10 февралда Сариосиё туман, Гулобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аёл кўксига президент Мирзиёев портретини осиб, қўлида болта билан уйини бузишга келганларга таҳдид қилган.

Шу йилнинг 21 январида Самарқандда уйидан мажбурий чиқариш тўғрисидаги суд қарорини ижро этиш учун келган МИБ ходимларини Дилором Розиқова ёқиб юборишга ҳаракат қилган.

Дилором Розиқова МИБ ходимларини ёқмоқчи бўлган 21 январь куни Андижон вилояти Андижон туманида яшовчи 31 яшар Хушнуд Ғойибназаров уйини мусодара қилишга келган Мажбурий ижро бюроси ходимлари олдида устига бензин қуйиб, ўзини ëқиб юборди. 25 январь куни Хушнуд Ғойибназаров шифохонада вафот этди.

XS
SM
MD
LG