Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:38

Литва чегарасини "кўринмас одам" қиёфасида кесиб ўтган ўзбекистонлик устидан жиноят иши очилди (ВИДЕО+ФОТО)


Чегарада қўлга олинган ўзбекистонлик
Чегарада қўлга олинган ўзбекистонлик

Кийимига фольга тиқиб Беларус ҳудудидан ЕИ ва Шенген келишувига аъзоси бўлган Литва чегарасини кесиб ўтган ўзбекистонлик устидан жиноят иши очилди.

Бу қилмиши учун ўзбекистонлик муҳожир 2 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.

Литва Чегара хизматининг Озодликка билдиришича, 37 яшар ўзбекистонлик алюмин қоғозга ўралган кийими билан тепловизорларга кўринмасдан чегарани "кўринмас одам" каби кесиб ўтиши ва қўлга тушмаслигига ишонган.

Шу йилнинг 22 январь куни Литванинг Друскининкай туманида чегарани Беларус томонидан ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб қўлга олинган ўзбекистонликка нисбатан жиноят иши очилди.

Литва Чегара хизматига қарашли Мувофиқлаштириш марказининг Озодлик боғланган расмийсига кўра, давлат чегарасини бу каби ғаройиб шаклда ноқонуний кесиб ўтиш уриниши ҳатто чегарачиларни ҳам жуда таажжубга солган.

- Бу ҳақиқатан таажжубга лойиқ уриниш! Чегараларимида махсус кузатиш системаси бор ва бу одам фольга унинг ишлашига халақит беради, деб ўйлаган кўринади. Лекин уни видеоназорат системаси аниқлаб берди. Кейин уни Литва ҳудудида ушлашди, деди Литва Чегара хизмати расмийси.

Литва Чегара хавфсизлиги хизмати Озодликка тақдим этган видеоëзувда ўзбекистонлик шахснинг чегара чизиғига келиб, уни орқачалаб кесиб ўтаётганини кўриш мумкин.

Чегарачиларнинг айтишича¸ кўп ўтмай сумка кўтарган бу шахсни қўлга олишга оператив гуруҳ жўнатилган ва улар Мона исмли изқувар овчарка ити билан қонунбузарни тезда топишга муваффақ бўлган.

Дастлабки суриштирув давомида қўлга олинган 37 яшар шахснинг ўзбекистонлик экани аниқланган. Литва чегарачиларига кўра¸ исми ошкор қилинмаётган ўзбекистонлик камуфляж рангидаги шими, пиджаги ва шапкасини ички қисмидан фольга билан қоплаб чиққан.

“Ўзбек чегарабузари фольга қоғози иссиқлик нурларини тарқатиб юборади ва у тепловизорлар учун кўринмайди¸ деган хаëлда чегарани кесиб ўтганини айтиб берди”, деди литвалик чегарачилар.

Фольга қоғози билан қопланган ўзбекистонлик кийими
Фольга қоғози билан қопланган ўзбекистонлик кийими

- Қўлга олинган шахснинг ëнида ҳеч қандай ҳужжати йўқ экан. Ҳозир жиноят иши очилди, суд бўлади. Литва қонунлари бўйича чегарани кесиб ўтгани учун жавоб беради. Ўзбекистонлик эканини айтган бу шахс 2 йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин. Ҳар ҳолда, суд ҳал қилади унинг тақдирини, деди Литва Чегара хавфсизлиги хизмати вакили Озодлик билан суҳбатда.

Литва чегарачилари 2000 йилдан буён бу мамлакат чегарасида тепловизор тизими ўрнатган.

Чегара хизмати расмийсига кўра¸ бунгача Беларус ва Литва чегарасини ўзини фольга билан ўраган чегарабузарлар бир неча маротаба кесиб ўтишга уринган, аммо кўпдан бери бу “усулдан” ҳеч ким фойдаланмай қўйган.

Литва чегарасида ушланган ўзбекистонлик¸ айтилишича¸ ҳозирда Друскининскай тергов изоляторида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG