Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:49

Хорижий мадрасада ўқиган тожикистонлик болалар махсус мактабда қайта тарбияланмоқда


Душанбедаги аэропорт, 5 январь, 2011 йил
Душанбедаги аэропорт, 5 январь, 2011 йил

Тожикистонда Бангладеш каби давлатларда диний мактабларда таҳсил олган болалар ватанига қайтарилиб, махсус қайта тарбиялаш мактабларига жойлаштирилмоқда.

Мамлакат расмийларига кўра, бундан мақсад муайян муддат мадрасада таҳсил олган болаларнинг жамиятга “қайта мослашишига” кўмаклашишдир.

Аммо, ота-оналари ўз болалари кўрсатилмаётганидан арз қилмоқда.

2010 йилда президент Эмомали Раҳмон ота-оналардан хориж мадрасаларида таҳсил олаётган болалари террорчига айланиши олдини олиш учун уларни ватанига қайтаришни талаб қилган эди.

Ўшандан бери тахминан 3400 тожикистонлик ўқувчи ватанига қайтиб келди.

Аммо, Маҳмадзариф Саидов 13 ёшли ўғли ноябрь ойида интернатга олиб кетилганидан бери у билан кўриша олмаётганини айтди. Саидов ҳатто фарзанди жойлаштирилгани айтилаётган мактабда эканига амин эмаслиги, қандай муҳитда таҳсил олаётганини билмаслигини қўшимча қилди.

Таълим вазирлиги расмийларининг айтишича, мадрасада таҳсил олган болалар дунёвий мактабларда ўқишни давом эттира олиши учун махсус қайта мослашиш сабоқларида қатнашмоқда.

10 декабрь куни Таълим вазирлиги матбуот котиби Эҳсон Хушвақт:

- Бу болалар оддий мактабда ўқимаган, бизнинг ҳаёт тарзимизга мослашмаган, - деди.

Озодликка берган интервьюсида котиб болалар адаптацияси учун бир неча ойдан бир йилгача вақт керак бўлиши мумкинлигини айтди.

Тожикистон расмийлари неча тожикистонлик бола Бангладеш мадрасаларида таҳсил олгани ёки улар қай йўсинда ватанига қайтарилганини очиқлагани йўқ.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган ҳуқуқ-тартибот органлари расмийси кейинги саккиз ой давомида 10 бола Тожикистонга олиб келинганини айтди.

Экстремизмга қарши кураш доирасида Тожикистон расмийлари болаларни давлат рухсатисиз хориж мактабларига юборишни ман этган. Расмийлар ҳисобларига кўра, юзлаб тожикистонлик бола хорижда исломий мактабларда таҳсил олмоқда.

Бундан 10 йил олдин Раҳмон исломий мактабларда таҳсил олаётган болалар зудлик билан ватанига қайтмаса, 5-10 йилда террорчи ва экстремистларга айланишини таъкидлаган эди.

Расмий маълумотларга кўра, Эрон, Покистон ҳамда араб давлатларида таҳсил олган 3694 тожикистонлик боланинг аксари ватанига олиб келинган.

Улардан бири, 33 ёшдаги Дилшод президент Раҳмон баённомаси ортидан Мисрдан дарров қайтиб келган бўлса-да, 10 йилдан бери уни кузатиб келишаётганини айтди. Миср, Покистон ва Саудия Арабистони мадрасаларида таҳсил олиб қайтган бошқа тожикистонликлар ҳам уларни полиция мунтазам равишда сўроқ қилишини айтишади.

Бу орада Тожикистонда бир мадрасадан бошқа барча диний мактаб ёпилди. Ҳозирги кунда Тожикистонда фақат битта мадраса ва битта Исломий университет бўлиб, уларнинг иккиси ҳам пойтахт Душанбеда жойлашган.

Тожикистонда, шунингдек, ёш болаларнинг жума намозида қатнашиши ман этилган.

Ҳукумат танқидчилари аҳолининг диний ҳаёти кескин назорат қилинаётгани ва сиқувга олинаётгани норасмий мактаблар пайдо бўлишига сабаб бўлишини айтиб, хавотир изҳор қилиб келади.

Шунингдек, уларнинг сўзларига кўра, чуқур илдиз отган коррупция, кенг тарқалган ишсизлик, камбағаллик ва фундаментал эркинликларнинг топталаётгани Тожикистон барқарорлигига экстремизмдан кўра каттароқ таҳдид солади.

XS
SM
MD
LG