Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:31

Украина билан Россия тўлиқ оташкесимга келишди


 Украина президенти Володимир Зеленский (чапдан ўнгга), Франция президенти Эммануэл Макрон, Россия президенти Владимир Путин ва Германия канцлери Ангела Меркель 9 декабрда Парижда учрашди.
Украина президенти Володимир Зеленский (чапдан ўнгга), Франция президенти Эммануэл Макрон, Россия президенти Владимир Путин ва Германия канцлери Ангела Меркель 9 декабрда Парижда учрашди.

Россия ва Украина президентлари Владимир Путин ва Володимир Зеленский эълон қилган қўшма коммюникеда айтилишича, томонлар 2019 йил охирига бориб, Украина шарқида ўт очишни тўхтатишни “тўлиқ ва ҳар томонлама бажариш мажбурияти”ни олади.

Франция, Германия, Украина ва Россия раҳбарлари 9 декабрь куни Парижда Украина ва Кремлга орқа қилаётган кучлар урушаётган Донбасс минтақасида тинчликка эришиш учун йўл харитасини тиклаш бўйича 8 соатдан ортиқ музокара ўтказди. Томонлар йил охиригача барча маҳбусларни ўзаро айирбошлашга келишиб олди.

Зеленский саммитдан сўнг ўтказилган матбуот конференциясида маҳбуслар 24 декабрда айирбошланишини маълум қилди.

Ҳужжатда маълум қилинишича, “2020 йил марти сўнггига қадар “кучлар ва техникани фронт чизиғидан четга тортиш мақсади”да учта қўшимча “ажратиш ҳудуди”ни аниқлайди.

Париждаги музокарадан олдинроқ Украина ва Москвага орқа қилувчи ҳарбий кучлар Украина шарқидаги 13 мингдан ошиқ киши бошига етган урушнинг учта “қайноқ ҳудуд”даги фронт чизиғидан четга олиб чиқилган эди.

Ҳа, муносабатлар юмшаяпти, деб айта оламиз, − деди Путин музокарадан кейинги матбуот конференциясида.

Маҳаллий вақт билан ярим тундан кейинги ўша матбуот конференциясида Зеленский, “мулоқот қайта бошлангани яхши бўлди”, деб айтди.

Қўшимча қилишича, Украина билан Россиянинг газ транзити бўйича жорий йил охирида тугайдиган шартномаси бўйича “ёпиқлигича қолиб келаётган” масала муҳокамаси қайта очилди.

Бироқ юзма-юз учрашган президентлар Зеленский ва Путин Украина шарқидаги сайлов вақти ва минтақадаги Киев назорат қилмаётган чегара сингари муҳим масалаларда бир тўхтамга кела олмади.

Германия канцлери Ангела Меркель билан бирга музокараларга воситачилик қилган Франция президенти Эммануэл Макрон уларни “самарали” деб атади.

Коммюникеда ЕХҲТнинг “Украинанинг ҳамма жойига бора олиш” ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилди.

Меркель ташкилот кузатувчилари “ҳафтасига 7 кун ва 24 соат” кузатув олиб бориши зарурлиги ғоясини илгари сурди.

Ҳужжатда 30 кун ичида одамларнинг фронт чизиғидан ўтиши учун “янги ўтказиш пунктлари” очилишига кўмаклашиш белгиланди. Ҳозирги кунда тинч аҳоли учун Луганскда 4 та, Донецкда эса 2 та – жами 6 та бундай ўтказиш пункти мавжуд.

Бундан ташқари, тўрт мамлакат раҳбарлари “тўрт ой ичида” Украина шарқида маҳаллий сайлов ўтказиш учун “сиёсий ва хавфсизлик шароитлари”ни муҳокама қилиш мақсадида учрашишга келишиб олди.

Зеленский музокара чоғида жуда кам нарсага эришилганидан таассуф билдирди.

Франция, Германия, Россия ва Украина раҳбарлари Украина шарқидаги можаро билан боғлиқ масалани муҳокама қилиш учун сўнгги марта 2016 йил октябрида учрашган эди.

XS
SM
MD
LG