Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:52

“Маст ходим” рейдидан қочган ИИБ инспектори аёлни хизмат машинасида уриб ўлдирди


Фарғона вилоятидаги тирбанд кўча. Иллюстратив расм.
Фарғона вилоятидаги тирбанд кўча. Иллюстратив расм.

26 сентябрда риштонлик 52 яшар Гавҳар Раҳимовани хизмат машинасида уриб ўлдирган Фарғона вилоят ИИБ ходими, профилактика инспектори А.Э. ўз вазифасида қолмоқда, унинг устидан жиноят иши очилган, лекин эҳтиëт чораси сифатида қамоқ кўзда тутилмаган.​

ИИБ зобитининг Озодликка айтишича, А.Э. Гавҳар Раҳимовани ИИБ ички хавфсизлик хизмати спиртли ичимлик ичган ходимларни аниқлаш мақсадида ўтказган рейд давомида, қўлга тушиб қолишдан қочаётган пайтда, уриб юборган.

Марҳумнинг яқинлари айбдор жазоланмагани ва жабрланувчи сифатида компенсация олмаганидан норозилик билдирмоқда.

Фарғона вилоят прокуратураси вакили Озодликка “26 сентябрь куни Фарғона шаҳар Сохибқирон Темур кўчасида ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант А.Э. бошқарувидаги “Матиз” хизмат машинаси иштирокида ва пиëда Гавҳар Раҳимованинг ўлими билан тугаган ЙТҲ​ юзасидан жиноят иши” очилганини билдирди.

Прокуратура мулозимига кўра¸ ИИБ ходими А.Э. Жиноят кодексининг 102-моддасида (Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) кўзда тутилан жиноятни содир этганликда гумонланмоқда.

Фарғона вилоят ИИБнинг Озодлик суҳбатлашган вакилига кўра¸ бу иш юзасидан ИИБ ички хавфсизлик бўлими ходими Шуҳрат Мўминов хизмат текшируви ўтказмоқда.

Фарғона вилоят ИИБнинг майор рутбали зобити, исми сир қолиш шарти билан Озодликка билдиришича¸ устидан жиноят иши очилган А.Э. ўз вазифасида қолмоқда¸ чунки унга қарши эҳтиëт чораси сифатида қамоқ кўзда тутилмаган.

Жиноят иши ҳужжатлари билан танишлигини айтган ИИБ зобитига кўра¸ вилоят ИИБ бошлиғи мавжуд тартибга зид тарзда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва президент администрациясига махсус хабарнома юбормаган.

Шунингдек, зобит иддаосига кўра¸ ЙТҲ сабабчиси дея кўрилаëтган А.Э қони текширилганда оз миқдорда алкоголли ичимлик истеъмол қилгани юзага чиққан.

Зобитнинг яна айтишича, 26 сентябрь куни ИИБ ички хавфсизлик бошқармаси хизмат вазифасини ўташ пайтида алкоголли ичимлик истеъмол қилувчи ходимларни аниқлаш учун рейд ўтказган. Шу рейд пайтида "қочаман" деб, йўл четидаги Рахимовани уриб юборган. Айни пайтда бу айбловлар акс этган ҳужжат Озодликда йўқ.

Фарғона вилоят ИИБнинг Озодлик суҳбатлашган вакилига кўра, 26 сентябрь куни ҳақиқатан ҳам ИИБ ички хавфсизлик бошқармаси шахсий таркиб ўртасида рейд ўтказган.

Озодлик билан суҳбатлашган ва ўзларини Бобур ва Муроджон дея таништирган ИИБ ходимларига кўра, лейтенант А.Э эҳтиëтсизлик боис ўзи истамагaн холда Раҳимованинг ўлимига сабаб бўлган.

Айни пайтда бу иккала ходим ўз ҳамкасбининг "спиртли ичимлик истеъмол қилмаслиги ва ҳар соҳада берчага ўрнак ИИБ ходими" эканлигини таъкидлашди.

Озодлик ЙТҲ иштирокчиси дея жиноят иши фигуранти А.Э нинг ўзи билан ҳам гаплашди. Қисқа мулоқот давомида А.Э ўзининг айбдор эмаслигини ва суд бу масалада одил қарор чиқаришидан умидворлигини айтиш билан чекланди.

26 сентябрь куни риштонлик Гавҳар Раҳимова Фарғона вилоят болалар касалхонасида даволанаëтган қизини кўриш учун Фарғона шахрига боради. Яқинларига кўра¸ Раҳимова йўл четида кетаëтганда катта тезликда келаëтган ИИБ хизмат машинаси уни уриб юборган.

Фарғона вилоят прокуратурасининг Озодлик суҳбатлашган вакилига кўра¸ Рахимова воқеа жойида ўлган ва хизмат машинасини бошқарган ходим хизмат формаси кийимида бўлган.

ИИБ ходими А.Э. Жиноят кодексининг 102-моддасида (Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда. Бу модда бўйича А.Э.нинг жинояти исботланса, у икки йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Гавҳар Раҳимованинг оила аъзолари эса жорий ҳафтада компенсация талаб қилиб вилоят прокуратураси ва ҳокимлигига мурожаат қилишди.

Прокуратура мулозимига кўра¸ оила аъзоларига компенсация масаласи суд ҳукмига илова қилинадиган хусусий ажрим билан ҳал қилиниши тушунтирилган.

XS
SM
MD
LG